Мақолалар

Намознинг шартлари ва рукнлари

Чоп этилди Fevral 8, 2019 Намознинг шартлари ва рукнлариda fikr bildirishni o'chirish

Намоз дуруст бўлиши учун қуйидаги йигирма еттита нарса топилиши керак: намозхон ҳадас (таҳоратсизлик, жунублик, ҳайз ва нифос)дан пок бўлиши, танаси, кийими ва (намоз ўқийдиган) жойи нажосатдан пок бўлиши керак (нажосат жуда кам бўлса, авф қилинади, лекин оз нажосатни ҳам ювиб ташлаш вожибдир). Асаҳ қавлда, оёқ, қўл, тиззалари ва пешонаси тегадиган жойда нажас бўлмаслиги лозим.

Намозда авратлар ёпиқ бўлиши керак. Ёқа ёки этакнинг остидан авратларнинг кўриниши намознинг дурустлигига зарар қилмайди.

Намоз шартларидан бири Қиблага юзланишдир. Кўриб турган киши Каъбанинг айни ўзига, уни тўғридан-тўғри кўрмаётган киши, саҳиҳ қавлга кўра, агар Макка шаҳрида бўлса ҳам, Каъба тарафга юзланади.

Вақт, вақт кирганига қатъий ишониб, ниятга муттасил равишда (яъни, орага бошқа амал қўшмасдан) такбири таҳрима айтиш ҳам намознинг шартларидандир. Такбири таҳримани тик турган ҳолда, (имом руку қилиб турганида жамоатга қўшилган одам) рукуга эгилишдан аввал айтади. Ниятни такбири таҳримадан аввал қилинади. Асаҳ қавлга кўра, такбири таҳрима (камида) намозхоннинг ўзига эшитиладиган даражада айтилиши лозим.

Имомга иқтидо қилаётган киши намоз ўқишни ният қилиши билан бирга имомга эргашишини ҳам ният қилади.

Фарз ёки вожиб намозини ўқиётган киши ниятида фарз ёки вожиб намозни ўқиётганини тайин қилади (масалан, бомдод намозининг фарзини ўқишни ният қилдим, деб), нафл (суннат) намозларни ўқишни ният қилганда эса тайин шарт эмас.

Нафлдан бошқа намозларни, яъни, фарз ва вожиб намозларни тик туриб ўқиш фарз ҳисобланади.

Фарз намозларнинг аввалги икки ракатида, нафл ва витр намозининг барча ракатларида, агарчи бир оят бўлса ҳам, қироат қилиш фарздир (Имом Абу Юсуф ва Имом Муҳаммад наздида қироатнинг фарзи – узун бир оят ёки қисқа уч оятдир). Намознинг дурустлиги учун Қуръондан ҳеч бир сура тайин қилиб қўйилмаган (яъни, қайси сура ўқилса ҳам, фарз адо бўлаверади). Имомга эргашган киши қироат қилмайди, балки имомга (жаҳрий намозларда) қулоқ тутади ва (махфий намозларда) жим туради. Имомга иқтидо этиб ҳам қироат қилиш таҳримий макруҳдир.

Намозда руку қилиш ва пешонани қаттиқ, қимирламайдиган нарса устига қўйиб сажда қилиш ҳам фарз. Агар (қўли ва кийимига сажда қилмоқчи бўлса) қўли ва кийими қўйилган жой тоза бўлса, уларга сажда қилиш дуруст ҳисобланади (лекин ҳеч қандай узрсиз қўлга ва кийимга сажда қилиш макруҳдир). Буруннинг қаттиқ жойи ва пешона билан сажда қилинади. Асаҳ қавлга кўра, фақат бурун билан сажда қилиш дуруст бўлмайди, лекин пешонада узр (касаллик, жароҳат) бўлса, фақат бурун билан сажда қилиш жоиз.

Сажда ўрни оёқлар турган жойдан ярим зироъ (23,1 см)дан ортиқ баландда бўлмаслиги керак. Агар ўртадаги фарқ ярим зироъдан кўпроқ бўлса, сажда дуруст бўлмайди. Одам кўплиги сабабли ўзи билан бир хил намозни ўқиётган кишининг орқасига сажда қилиш дуруст бўлади (бошқа намозни ўқиётган кишининг орқасига сажда қилиб бўлмайди). Яна сажда пайтида, саҳиҳ қавлга кўра, қўллар, тиззалар ерга тегиши ва оёқ панжаларининг бир қисми бўлса ҳам, ерга қўйилиши керак, оёқнинг юза қисмини ерга қўйиш кифоя қилмайди.

(Руку ва сажда дуруст бўлишининг шарти) руку саждадан аввал қилиниши керак.

Асаҳ қавлга кўра, (биринчи) саждадан қайтганда (камида) ўтиришга яқин ҳолатга келиши шартдир. Иккинчи саждага бориш ҳам фарз ҳисобланади.

Яна фарзлардан бири ташаҳҳуд дуосини ўқиш миқдорича охирги қаъдада ўтиришдир. Қаъдаи охир барча арконлардан кейин қилинади. Юқоридаги рукнларни ва бошқа амалларни уйғоқ ҳолда бажариш керак.

Намознинг кайфиятини билиш ҳам шартдир. Бу фарз намозни суннат намоздан ажрата олиш билан бўлади. Ҳаммаси ҳам фарз, деб эътиқод қилиб қолмаслик керак. Чунки намознинг кайфиятини билмаган киши нафл нияти билан фарз намозни ўқиб қўйиши мумкин (натижада намози дуруст бўлмайди).

НАМОЗНИНГ РУКНЛАРИ ВА ШАРТЛАРИ

Юқорида санаб ўтилганлардан тўрттаси рукндир: намозда тик туриш, қироат қилиш, руку ва сажда қилиш. Ташаҳҳуд миқдорида қаъдаи охир қилишни ҳам рукн деганлар бор.

Қолганлари эса шартлардир. Баъзилари намозга киришиш дуруст бўлиши учун шарт бўлса (улар намоздан ташқарида бўлади), баъзилари намознинг дурустлиги давом этиши учун шартдир.

НАМОЗНИНГ ШАРТЛАРИГА ТЕГИШЛИ МАСАЛАЛАР

1) Таҳоратнинг шартлигига тегишли масалалар

Қуйидаги ҳолатларда намоз дуруст бўлади: юқори қисми пок, ост қисми нажас бўлган гиламда намоз ўқиш (чунки гилам қалинлиги сабабли иккита кийим ҳукмида бўлади), астари (ички қисми)да нажас бўлган қавилмаган кийимнинг устида (яъни, шундай кийимни жойнамоз қилиб) намоз ўқиш (қавилмаганлиги сабабли бундай кийимлар иккита кийим ҳукмида бўлади), саҳиҳ қавлга кўра, намозхоннинг ҳаракати билан нажас томони қимирласа ҳам, (гилам, кийим)нинг пок томони устида намоз ўқиш (чунки нажас томон намозхонга тегиб тургани йўқ). Агар салласининг бир тарафи нажас бўлса ва уни ерга ташлаб қўйса, пок томони бошида қолса, намозхон ҳаракатланиши билан нажосат томони қимирламаса, намози дуруст бўлади (нажас намозга тегиб тургани йўқ деб ҳукм қилинади). Агар намозхоннинг ҳаракати билан (салланинг) нажас томони ҳам қимирласа, намоз дуруст бўлмайди (бу ҳолатда ҳукман нажосатни кўтариб турувчи ҳисобланади). Нажосатни кеткизадиган нарса топа олмаган киши нажосат билан бўлса-да намозни ўқийди (чунки таклиф банданинг имкон даражасида бўлади) ва (кейинчалик нажосатни кетказганидан) кейин намозни қайта ўқимайди.

2) Сатри аврат шартига боғлиқ масалалар

Авратини тўсишга ҳеч нарса тополмасдан ипак кийим ёки ўт-ўлан билан авратини тўсиб ўқиган одам ҳам (кийим топганидан кейин) намозини қайта ўқимайди. Намозхон кийим топса, кийимнинг тўртдан бири пок бўлса, кийимсиз намоз ўқиш дуруст бўлмайди. Лекин кийимнинг пок жойи тўртдан бирига ҳам етмаса, намозхон уни кийиб ўқиш ёки кийимсиз ўқишда ихтиёрли бўлади. Ҳамма жойи нажас бўлган кийимда намоз ўқиш кийимсиз намоз ўқигандан кўра яхшироқдир. Агар авратининг бир қисмини ёпадиган нарса топса, ундан фойдаланади, олди ва орқасини ёпади. Агар фақат олдига ёки орқасига етадиган нарса топса, баъзи олимлар орқа авратни, баъзилар эса олд авратни ёпади дейишган. Кийимсиз кишининг ўтириб, оёқларини қибла томонга чўзиб имо-ишора билан ўқиши мандуб (мустаҳаб)дир. Агар кийимсиз киши тик туриб имо-ишора ёки руку-сажда билан намоз ўқиса ҳам, дуруст бўлади.

3) Авратнинг чегараси

Эркакнинг аврати киндигидан токи тиззасининг охиригачадир. Чўрининг аврати ҳам худди шундай, унинг олди ва орқаси ҳам аврат ҳисобланади. Ҳур аёлнинг юзи, кафтлари ва оёқлари (тўпиғидан пасти)дан бошқа жойлари аврат бўлади.

4) Намозда авратнинг очилиши

Аврат аъзоларнинг тўртдан бири очилиши (бир рукнни бажаришга кетадиган вақтга етса) намоз дуруст бўлмайди. Агар турли аврат аъзоларининг оз-оз қисми очилса, уларни жамлаганда очилган энг кичик аврат аъзонинг тўртдан бирига етса, намозни бузади, тўртдан бирига етмаса, намоз дуруст бўлади.

5) Қиблага юзланиш

Ким касаллик, уловдан туша олмаслик ёки душман сабабли қиблага юзлана олмаса, қодир бўлган ва омонда бўладиган томонга юзланади. Кимга қибла ноаниқ бўлса, қибланинг хабарини берадиган киши ҳам, бирор меҳроб (белги) ҳам бўлмаса, бир томонни қибла деб қасд қилади. Шу ҳолатда хато қилса ҳам (қибла аниқ бўлгандан кейин) намозини қайта ўқимайди. Агар қасд қилгандан кейин намоз ўқиётганда қиблани топишда хато қилганини билса, қиблага бурилади ва (намозини келган жойидан) давом эттиради. Агар бир томонни қасд қилмасдан намоз ўқиса, кейин қиблага тўғри ўқиганини билса, намози дуруст бўлади. Намозни қиблани қасд қилмасдан бошлаган киши намознинг ичида тўғри топганини билиб қолса, намози бузилади. Қиблани қасд қилмасдан намозни бошлаган ва намозни тугатгандан кейин ҳам тўғри топганини билмаганнинг ҳам намози бузилади. Агар (қоронғуликда) одамлар турли томонни қасд қилиб намоз ўқисалар ва имомни аҳволини (қайси томонга қараганини) билмасалар ҳам, бу уларга (намознинг дурустлиги учун) кифоя қилади.

Келаси сонда, иншоаллоҳ, “Намознинг вожиблари ва суннатлари” мавзусида сўз юритамиз.

 

Муаллиф (раҳматуллоҳи алайҳ) “намознинг шартлари” деганда фарзларини назарда тутган (Таржимон).

 

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво бўлими ходими

Ҳикматуллоҳ ТОШТЕМИРОВ таржимаси

“Ҳидоят” журналининг 2019 йил, 1-сонидан