Ўзбекистон янгиликлари

Ўзбек офицери: “Ҳаётдаги энг катта ютуғим онамни ҳажга олиб борганим деб биламан”

Чоп этилди Yanvar 14, 2020 Ўзбек офицери: “Ҳаётдаги энг катта ютуғим онамни ҳажга олиб борганим деб биламан”da fikr bildirishni o'chirish

Январь ойида юртимизда нишонланадиган энг шонли байрам, бу, шубҳасиз, 14 январь – Ватан ҳимоячилари куни. Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил этилганининг 28 йиллиги ва Ватан ҳимоячилари куни муносабати билан Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университетида байрам тадбири бўлиб ўтди.
Мамлакат тинчлиги, чегаралар осойишталиги тараққиётнинг асосий мезонларидан бири ҳисобланади. Сарҳадлар осойишталигини сақлаш, қўшни давлатлар билан муносабатларни мустаҳкамлаш борасида фидойилик кўрсатган фахрий байналмилалчи жангчилар Бекмурод Раҳматуллаев, Азамат Мусабеков, Аваз Содиқов, Абубакр Деҳқонбоев ҳамда узоқ йиллар Афғонистонда юртимиз номидан элчи сифатида фаолият кўрсатган айни пайтда Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университетида талабаларга таълим бериб келаётган Давлатбек Сагдуллаев қатнашган учрашувда ҳарбийларнинг хизмат давомида кўрсатган жасоратлари яна бир бор ёдга олинди.
Тадбирда сўзга чиққан офицер Баҳодир Зуҳуров ўзининг ҳарбий фаолияти хусусида талабаларга ҳикоя қилди. “Офицерлар династияси” китоби муаллифи Б.Зуҳуров юртимизда терроризмга қарши кураш бўйича ўтган йиллар давомида олиб борган фаолияти ҳақида сўзлар экан, талабаларга қарата шундай деди:
“Ҳеч ким қаҳрамон бўлиб туғилмайди. Қаҳрамонларни жамият шакллантиради, устозлар тарбиялайди. Устоз-мураббийларимизнинг хизматлари ҳеч бир юрт посбонининг жасоратидан кам эмас”.
Офицер ҳаётида эришган энг катта ютуғи 2009 йилда онасини муқаддас Ҳаж зиёрати амалларини адо этишга олиб боргани эканини алоҳида қайд этди. “Ҳар бир фарзанд, ўғил ота-онанинг, Ватанининг корига ярайдиган бўлиши шарт“, деди у.
Тадбирда сўзга чиққан “Дўстлик” ордени соҳиби, ТДПУ профессор-ўқитувчиси Давлатбек Сагдуллаев Афғонистонда Ўзбекистоннинг биринчи элчиси сифатида олиб борган фаолияти, қонли воқеалар фонида мамлакатда ўзбек маданиятини тарғиб этиш мақсадида илк ўзбек маданияти марказининг очилганлиги, Афғонистонда 3-давлат тили сифатида ўзбек тилига расмий мақом беришга эришганларини фахр билан ёдга олди.
Тадбир иштирокчилари талабаларга ҳарбий ҳаётнинг машаққатлари ҳақида сўзлар экан, “Барчаси Ватан учун” деган тушунча қийинчиликларни енгиб ўтиш учун куч беришини таъкидлади.

ЎзА