Пазандалик

Шилпилдоқ

Чоп этилди Yanvar 14, 2020 Шилпилдоқda fikr bildirishni o'chirish

Керакли масаллиқлар:

1. Гўшт (мол, қўй) – 0,5 кг.
2. Пиёз – 2 дона
3. Картошка – 3 дона
4. Қизил сабзи – 1 дона
5. Қизил ва яшил булғор қалампири – 1 донадан
6. Саримсоқ пиёз – 4-5 бўлакча
7. Помидор қайласи – 2 ош қошиқ
8. Ёғ – 100 гр.
9. Зираворлар

Хамир

1. Ун – 1-1,5 кг,
2. Тухум 2 дона.
3. Номокоб сув – 1 коса.

Тайёрланиши:

1 коса сувда 1 ош қошиқ туз эритилади. Тайёр эритма унга солинади ва 2 та тухум қўшиб, хамир қорилади. Хамир яхшилаб муштланиб, тиндириб қўйилади.

Хамир тингунича, қайлани тайерлаймиз. Ҳамма масаллиқларни тўртбурчак қилиб тўғраймиз.

Қозондаги қизиган ёғга олдин пиёзни солиб, новвот ранг тус олгунича қовурамиз. Сўнг, гўштни солиб, қовуришда давом этамиз. Кейин помидор қайласи. Сўнгра, картошка, сабзи, булғор қалампирлари, саримсоқ пиёз бўлакчалари кетма-кет солиниб, масаллиқлар чиройли қизил тус олгунича қовурамиз. Таъбга кўра, саримсоқ пиёз (яшил) ва сельдерей солиш мумкин. Бироз туз солиб, қозонга сув қуямиз. Сув хажми қозонга солинган масаллиқларни кўмиши керак. Сув қайнаб чиққанидан сўнг, қайла ўртача оловда 15-20 дақиқа қайнатилади.

Унгача, тинган хамиримиз юпқа, бир текисда қилиб ёйилади. Хамир қалинлиги чучвара хамири қалинлигидек (2-3 мм) бўлади. Ёйилган хамир, 8 га 8 тўртбурчак қилиб кесилади. Хамир бўлакчалари алоҳида сувда пиширилади.

Пишган хамирни човли ёрдамида лаганга сузамиз ва устига қайлани қуйиб, дастурхонга тортамиз.