Мақолалар

Россиялик мусулмон ёнғиндан қутқарган қиз муслима бўлди

Чоп этилди Yanvar 14, 2020 Россиялик мусулмон ёнғиндан қутқарган қиз муслима бўлдиda fikr bildirishni o'chirish

Новосибирскда яшайдиган Ева деган қизни бир неча йил бурун оиласи билан ёнғиндан ўзининг ҳаётини хатарга қўйиб ингушетиялик мусулмон қутқариб олган эди, деб ёзмоқда  «Регион Онлайн» портали.

Қиз рус миллатига мансуб, унинг айтишича, фожеа Барнаулда янги йил байрами куни содир бўлган. Ўшанда у 15 ёшда, синглиси 6 ёшда эди. Онаси қизларини автомашинасида  боғдаги аттракционга олиб бормоқчи бўлади. Бахтга қарши, йўлда автоҳалокат юз беради ва уларнинг машинаси ёниб кетади.

Еванинг хотирлашича, автоҳалокат энг гавжум жойда рўй берган. Бироқ одамлар “Бизларни машинада ёниб кетишимизга ташлаб тум-тарақай бўлиб  кетди”.

Қиз яна айтадики, “Оломон чеккароққа тўпланиб олиб олов машинани қандай қамраб олаётганини томоша қилиб турди”.

Кучли зарбдан онаси ҳушини йўқотган ва ундан қон оқар эди. Ёнида Еванинг синглиси йиғлаб ётарди.

Уларнинг бахтига, дафъатан жасур халоскор пайдо бўлди. Кейин аён бўлишича, у ингушетиялик экан. Машина ана-мана портлайдиган бўлиб турганда у ҳеч қўрқмасдан жабрланганларга ёрдам беришга ошиқди.

Кўнгилли-қутқарувчи ойнани синдирди ва қизларни навбати билан чиқариб олиб, уларни хавфсизроқ жойга қўйиб келди. Сўнг яна ортига қайтиб қизларнинг олов ичида қолган онасини чиқариб олди. Бахтига ҳаммаси омон қолди.

Еванинг айтишича, уларнинг оиласи ҳеч қандай мукофот тамаъ қилмасдан ёнғиндан қутқариб олган қутқарувчиси билан алоқасини узиб юбормаган. Яқинда эса Ева Исломга кирди.

“Орадан бир неча йил ўтганидан сўнг у Аллоҳ таолонинг марҳамати билан менга ўзимнинг ва яқинларимнинг ҳаётидан ҳам қадрлироқ бўлган Исломни совға қилди. Мен кеча Исломга кирдим ва муслима бўлдим, алҳамдулиллаҳ. Мен бутун ингуш халқидан шундай мард ва жасур ўғлонларни етказгани учун миннатдорчилик билдираман… Сиз инсонийлик маснадига муносибсиз ва бизга ибратсиз. Энг яхши тилакларим сизларга бўлсин!” деб сўзини тугатган ёш муслима.

IslamNews,  2020 йил 6 январь

Таржимон: Робия ЖЎРАҚУЛОВА