Мақолалар

Мовароуннаҳрда ҳадис илмининг ривожланиши

Чоп этилди Fevral 8, 2019 Мовароуннаҳрда ҳадис илмининг ривожланишиda fikr bildirishni o'chirish

Ҳадис илми вужудга келган даврдан бошлаб муҳаддислар илм талабида ўзга юртларга сафар қила бошладилар. Мана шу жараён Мовароуннаҳр ерларида ҳадис илмининг тараққий этиши учун асосий омил бўлиб хизмат қилди.

 Манбаларда Мовароуннаҳрга 55/674-­675 йилда кириб келган тўққиз кишининг номини келтиради. Улар: Саъид ибн Усмон ибн Аффон; Қусам ибн Аббос; Абулъолийа Руфайъ ибн Миҳрон; Муҳаммад ибн Восиъ; Бард (Молик ибн Анаснинг мавлоси); Даҳҳок ибн Музоҳим; Лайс ибн Аби Сулайм; Зиёд ибн Миҳрон; Хулайд ибн Ҳассон. Шу сабабли ҳам бу ўлканинг турли жойларидан буюк муҳаддислар етишиб чиқдилар.

Шу асрнинг иккинчи ярмига келиб Хуросондаги ҳадис мактаблари орқали Исҳоқ ибн Роҳавайҳ ал-Марвазий ва Абдуллоҳ ибн Муборак ал-Марвазийнинг (118/736 -181ҳ.й.) ҳамда Абдулҳамид ибн Ҳумайд ибн Наср Абу Муҳаммад Ҳофиз Кешийнинг (170ҳ/786м-249ҳ/863м) Мовароуннаҳрлик шогирдларидан маҳаллий ислом уламолари етишиб чиқа бошладилар.

Илк ҳадис мактаблари яратиб, ҳадис илмини Мовароуннаҳрда ривож топишига ҳисса қўшган муҳаддис алломалар: Имом Дохилий ал-Бухорий, Муҳаммад ибн Салом ал-Пойкандий, Исмоил ибн Иброҳим ибн ал-Муғийра ал-Бухорий, Муҳаммад ибн Юсуф ал-Пойкандий, Абдуллоҳ ибн Муҳаммад ал-Маснадий ал-Бухорий, Иброҳим ибн ал-Ашъас ал-Бухорий, Салим ибн Мужоҳид ал-Бухорий, Абу Абдураҳмон Шайбоний ал-Бухорий (ваф. 919 й.) ва Абу Ҳафс Аҳмад Сикижкасий ал-Бухорий (ваф. 927 й.), Имом Абдуллоҳ ас-Субазмуний (872м-?), Абу Аҳмад Толиб ибн Али ибн Ҳасан ибн Турхор аш-Шийракасий, Абу Касир Сайф ибн Ҳафс Зоҳид аз-Зоминий, Абу Саҳл Аҳмад ибн Муҳаммад ибн Яздоз ар-Розий аз-Зоминий, Абу Муҳаммад Аҳмад ибн Муҳаммад ибн ад-Дабусий ар-Роғиний, Абдулғушайм Зулайм ибн Ҳатит ал-Жаҳзамий ад-Дабусий Самарқандий, Абу Саъийд ал-Ҳайсам ибн Кулайб Шоший, Сурайж ибн Маъқил аш-Шоший, Жаъфар ибн Шуайб Шоший, Макҳул ибн Фазл, Муҳаммад ибн Маҳмуд Анбар, Ҳамад ибн Шокир, Абд ибн Муҳаммад Насафий, Ҳайсам ибн Кулайб Шоший, Аҳмад ибн Юсуф Насафий ва Абул Аббос Муҳаммад ибн Маҳбуб Маҳбубий.

Мовароуннаҳрдаги ҳадис мактаблари ривожи асосида етишиб чиққан дунёга машҳур муҳаддис алломалар:

Абдулҳамид ибн Ҳумайд ибн Наср Абу Муҳаммад Ҳофиз Кеший, “Муснад” ҳадис тўплами муаллифи;

Имом Бухорий Муҳаммад ибн Исмоил ибн Иброҳим ибн ал-Муғийра ибн Бардазбеҳ ал-Жуъафий (810—870), “ал-Жомиъ ас-саҳиҳ” ҳадис тўплами муаллифи;

 Имом Абу Исо Муҳаммад ибн Савра ибн Мусо Даҳҳок Суламий Термизий (824–892), “ас-Сунан” ҳадис тўплами муаллифи;

Имом Абу Мухаммад Абдуллох ибн Абдуррахмон ибн Бахром ибн Абдуссамад ад-Доримий ал-Хофиз ас-Самарқандий ад-Доримий (181ҳ/797м-255ҳ/869м), “ас-Сунан” ҳадис тўплами муаллифи;

Абу Саъид Ҳайсам ибн Кулайб ибн Сурайж (баъзи манбаларда Шурайҳ деб келтирилган) ибн Маъқил аш-Шоший (335ҳ/947-335/947), “Муснад ал-Кабир” ҳадис тўплами муаллифи;

Абу Ҳафс Нажмиддин Умар ибн Муҳаммад ан-Насафий, ас-Самарқандий (461ҳ/1069 м), “ал-Қанд фий зикри уламои Самарқанд” тўпламининг муаллифи.

Манбаларда келтирилишича, 8-асрнинг ўрталаридан 15-асрнинг ўрталаригача ҳадис илми билан Мовароуннаҳрнинг турли шаҳарларида мингдан зиёд ровий муҳаддислар шуғулланган.

 

Пўлатхон КАТТАЕВ,

 Тошкент ислом институти ўқитувчиси