Мақолалар

Интернет тузоғига илинманг

Чоп этилди Fevral 9, 2019 Интернет тузоғига илинмангda fikr bildirishni o'chirish

Интернет маълумотлари чексиз ахборот манбаи саналади. Бироқ, ундан ҳам яхшилик ва ҳам ёмонлик йўлида фойдаланиш мумкин. Маърифатли, ақлан баркамол инсон ундан тўғри мақсадда фойдаланса, жоҳил, бузуқ эътиқодли кишилар ундан турли ғаразли мақсадларини амалга ошириш йўлида истифода этиши ҳеч кимга сир эмас. Агар манфур кимсаларни ўз эркига қўйиб берсангиз, ҳавойи нафсига эргашиб, разолат ботқоғига ботиши, тубанлик чоҳига қулаши тайин. Унинг гирдобига тушиб қолган киши осонликча қутулиши даргумон.

Интернет тўрига илинганлар фитналар қурбони бўлади. Ҳам руҳан ва ҳам жисмонан унга мутеъ бўлиб қолади. Натижада улар орасида фаҳш, зулм, мункар ёйилади, ҳар хил миш-миш ва тўқималар, туҳмат, ғийбат, бўҳтон, бировларнинг иззат-нафсониятига тегиш ва бир-бирларига қарши гиж-гижлашлар авж олади.

Маълумки, интернет тармоғида гуруҳ очганлар ўзларини ошкора қилмайдилар. Турли лақаб ва номлар билан атайдилар. Воҳаланки, биз уларнинг кимлигини билмаймиз. Билмаган, танимаган кишиларнинг маълумотини кўр-кўрона қабул қилиб олиш эса исломда қаттиқ қораланган.

Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади: «(Эй мўминлар), сизлар (бу бўҳтонни) эшитган пайтингизда, мўмин ва мўминалар бир-бирлари ҳақида яхшиликни ўйлаб: «Бу очиқ бўҳтон-ку!» десалар бўлмасмиди?!» (Нур сураси, 12-оят).

Шунингдек, эшитган ҳар бир сўзни унинг ростлигини аниқламасдан гапиравериш ҳам мусулмонга хос иш эмас.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам муборак ҳадисларнинг бирида: «Ҳар бир эшитган сўзини айтишлиги кишининг ёлғон гапириб қўйишига кифоя қилади», деганлар (Муслим ривояти).

Иғволарга учиб фитна тарқатувчилар шайтон янглиғ турли шакл-шамойилга кириб инсонларни тўғри йўлдан оздирмоқчи бўлишади. Шайтоннинг инсон учун азалдан очиқ-ойдин душман экани ояти карима ва ҳадиси шарифларда айтиб ўтилган.

Аллоҳ таоло Қуръони каримда: «Шайтоннинг изидан эргашманглар! Шубҳасиз, у сизларнинг очиқ душманингиздир» деб огоҳлантирган. Мўмин киши буни тўғри англаб етади, ҳеч қачон душманига ишониб қолмайди, билиб туриб ўзини фитналар домига ташламайди, ақл-идрок билан иш юритади. Фитна энг разил, ҳатто қотилликдан ҳам тубанроқ эканини доимо ҳис этади. Бу борада доимо зийрак ва ҳушёр бўлади. Эътиборсизликка асло йўл қўймайди. Эътиборсизлик ва лоқайдликнинг охири вой бўлишини тушунади.

Шундай экан, интернетдан тўғри фойдаланишни ўзимизга мақсад қилиб олайлик. Акс ҳолда, сўнгги пушаймон – ўзингга душман бўлиб қолишдан Яратганнинг Ўзи асрасин.

 

Абдулбосит РАҲИМОВ,

Мир Араб олий мадрасаси мударриси,

Мир Араб ўрта махсус ислом билим юрти мударриси