Мақолалар

Илм олиш осонмас, аммо…

Чоп этилди Yanvar 17, 2020 Илм олиш осонмас, аммо…da fikr bildirishni o'chirish

Шайх Ҳасан ибн Абдуллоҳ раҳматуллоҳу алайҳ: “Тарих барча ўтган авлодларнинг ҳаёт мадрасасидир. У орқали тириклар ўзлари учун манфаатли нарсани ўрганиб, унга амал қиладилар. Шунингдек, ўзларига зарар етадиганларидан воқиф бўлиб, четда бўладилар. Тарих бир уммат ўзининг ўтмишига бориб келадиган ва ҳозири билан ўтмиши ўртасидан жой олган кўприкдир”, деган экан. Ана шу маънода унга назар ташласак….

Ислом оламидаги энг ишончли ҳадис китоби – “Саҳиҳул Бухорий”ни таълиф этган Муҳаммад ибн Исмоил Бухорий ҳаёти билан яқиндан танишсак, унинг машаққат чекиб илм олганини биламиз.

Имом Заҳабий раҳматуллоҳу алайҳи бундай дейди: «Имом Бухорий икки юз бешинчи йилда ҳадис эшитишни бошлади. Ўз юртида, замонасининг улуғларидан илм олиб бўлгач,  онаси ва акаси билан ҳаж қилиш учун йўлга чиқди. Акаси Бухорога қайтди. Аммо у Маккада қолди. Макка Ҳижоздаги энг муҳим илмий марказлардан бири эди».

Шунингдек, Имом Бухорийнинг кўплаб сафарларда бўлгани, бир ҳадисни ўрганиш учун неча минг километр йўл босгани, ўз замонасидаги қариб барча илм марказларида бўлгани барчамизга маълум.

Имом Ҳатиб раҳматуллоҳу алайҳ ёзади: «Бухорий барча диёрлар муҳаддислари ҳузурига сафар қилди. Хуросонда, Жиболда, Ироқ шаҳарларининг барчасида, Ҳижозда, Шомда, бир неча марта Боғдодда бўлди».

Имом Ҳофиз раҳматуллоҳи алайҳ эса Имом Бухорийнинг Маккадан қайтгач, Балх, Нийсабур, Рай, Боғдод, Куфа, Восит, Дамашқ, Асқалон ва Ҳимс шаҳарларида бўлганини ёзади. Ҳатто ривоятда келтирилишича, бир ҳадисни биладиган одамнинг ҳабарини эшитгач, 3 кун йўл юриб унинг ҳузурига боради. Бироқ ровийнинг туяни алдаб қўйнида ем бордек кўрсатиб чақираётганини кўриб, ҳадисни олмай қайтади.

Яна бир бобакалонимиз Абу Али ибн Синонинг ҳам ҳаёт йўли илм заҳматида қилинган кўплаб сафарларга бой. Отда, туяда азобларни чекканча ҳафталаб, ойлаб йўл юрганлар. Машаққатларга қарамай 16 ёшида моҳир табиб бўлиб етишгани ҳар қандай инсонни шижоатлантиради. “Тиб қонунлари” асари эса нафақат бизга, балки бутун дунё медицинасига пойдевар вазифасини ўтаяпти.

Илм захматларини елкасига олиб, дунёга донг таратган олимлардан яна имом Замахшарий. Манбааларда келтирилишича, ёш Замахшарий қаттиқ касаллик сабаб оқсоқ бўлиб қолади. Шунда унинг отаси, илмнинг машаққатли йўли энди боламга тўғри келмайди, дея тикувчига шогирдликка бермоқчи бўлади. Бироқ илмга бўлган иштиёқ, қизиқиш туфайли ёш Замахшарий отасидан уни мадрасага беришини сўради. Соғлиғидаги нуқсонга қарамай, қанчадан-қанча илм марказларини кезди, Макка шаҳрида истиқомат қилиб асарлар таълиф этди. “Жоруллоҳ”, “Устоз араб ва ажам” каби лақабларни  номларни қозонди. Яъни улар чеккан машаққат ва илм заҳматларининг ҳеч бири бизнинг елкамизда йўқ. Ўзимизни қизиқтирган оддийгина саволга ҳам телефон ёки интернетдан жавоб олишимиз мумкин. Истаган китобимизни инетернет орқали сотиб оламиз, ёки буюртма берамиз. Бироқ афсуслар бўлсинки, ҳеч биримиз ўша буюк зотлар каби юксак марраларни забт эта олмаяпмиз. Тарих саҳнасида Шарқ ренесанси, Исломнинг олтин даври, Уйғониш даври деган жарангдор номлари билан қолган тараққиёт босқичларига ҳавас билан қараганча яшаяпмиз.

Кўпинча шу ҳақда ўйлаганимда, қалбимнинг туб-тубида бир оғриқ туради: “Нега тарихда шундай юксак марраларни забт этган бу замин бугун турғунликда?! – деган савол  қийнайди мени.

Яқинда инернет саҳифаларидан ўқиган, ҳаётда кўрган воқеа ҳодисалардан  бу саволимга жавобнинг бир қисмини топгандек бўлдим.

Қўшниларимнинг ўсмир ёшига етган фарзандларини қачон кўрмай қўлларида телефон, интернетда ўтирган, ҳатто ёнидан ўтаётган инсонларни сезмайдиган даражада банд эканлигини кўраман. Ота-оналари эса уларнинг  ўқиши пастлаётгани, олийгоҳга кира олмаганидан нолишади. Ён қўшнимнинг 3 нафар фарзанди бор. Ҳеч бирининг телефон билан андармон бўлганини кўрмайман. Бир куни қизиқишим устун келиб, савол бердим:

– Болаларингизни, ҳеч телефон билан банд ҳолда кўрмайман? Телефон тутишмайдими?

– Тутишади, уларнинг барчасига битта телефон олиб берганмиз. Қайси бири ташқарига чиқса ўша олиб кетади. Қаердалигини билиб туришим учун керак. Ҳозир ҳар бирига алоҳида телефон олиб берсам,  ким билади, нималарга чалғиб кетишади.

Қўшнимнинг бу тажрибаси хайрли натижа берганининг ўзим гувоҳи бўлдим. Фарзанди келгуси йилги олийгоҳларга кириш имтиҳонларида юқори балл тўплаб, давлат гранти асосида ўқишга қабул қилинди…

Дарҳақиқат, болаларимиз эртаю кеч телефон, компьютер, телевизор билан банд бўлган инсон қачон илмга, китоб ўқишга, ўқиганини ёдида сақлаш учун ёзишга қаердан вақт топсин?!

Илм олиш учун машаққатларга чидаш, меҳнат қилиш лозим. Зеро, ҳеч бир инсон  қимматбаҳо вақтини сарфламай туриб, кўз нурини тўкиб, меҳнат қилмай туриб, қандай қилиб муваффақият қозониши мумкин?!

Замонавий тиббиётда сиам эгизакларни биринчи бўлиб ажратган америкалик доктор Бен Карсон бундай деган экан: “Ҳаётимдаги бурилиш, ўзгариш нуқтаси – онам телевизорни ўчириб қўйиб, мени ўқишга мажбур қилган куни бўлди”.

Яъни вақтнинг қадрига етиб, бекорчи нарсалардан қочган ҳар бир инсон муваффақиятга эришади. Аксинча, ўқиш эмас, беҳуда нарсалар билан банд бўлганлар эса …

Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, агар фарзандларимиз илм ўрганиб, ўзи танлаган соҳанинг мукаммал эгаллашини истасак, уларнинг вақтларини зое қилиб, турли кераксиз нарсалар билан банд бўлмасликларини, илмга, унинг машаққатларига вақтларини сарф қилишларини таъминлайлик. Керак бўлса ўша машҳур доктор Бен Карсоннинг онасидек йўл тутиб, телевизорни ўчириб қўйяйлик. Компьютерни кодлаб, очилмас ҳолга келтирайлик. Телефон олиб беришдан аввал ундан фойдаланиш маданиятини ўргатайлик…

Токи болаларимиз ҳеч ким имконини топмаган ишларнинг уддасидан чиқадиган ўз соҳасининг етук мутахассиси бўлиб етишсинлар!

Нигора МИРЗАЕВА

“Ислом нури” газетасининг 2019 йил 24-сонидан