Мақолалар

Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг муборак тупуклари саҳобанинг (узилган) қўлини бирлаштириб, шифо бўлгани

Чоп этилди Yanvar 18, 2020 Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг муборак тупуклари саҳобанинг (узилган) қўлини бирлаштириб, шифо бўлганиda fikr bildirishni o'chirish

Хубайб ибн Асоф (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг бир ғазотларида қавмимдан бўлган бир киши билан у зотнинг ҳузурларига бордик. “Биз сиз билан бирга ғазотда иштирок этишни хоҳлаймиз”, дедик. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Исломни қабул қилганмисизлар?” деб сўрадилар. Биз: “Йўқ”, деб жавоб бердик. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Мушрикларга қарши мушриклардан ёрдам сўрамайман”, дедилар. Шундан кейин биз Исломни қабул қилдик ва Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) билан ўша ғазотда қатнашдик. Орқамдан қилич зарбаси етиб, мени ярадор қилди ва натижада қўлим осилиб қолди. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг олдиларига бордим. Қилич кесган қўлимни тупуклаб ёпиштириб қўйдилар. Қўлимнинг қилич кесган жойи дарҳол бир-бирига бирикиб тузалиб кетди. Мени қилич билан урган кишини ўлдирдим. Мени ярадор қилган ва мен ўзим ўлдирган ўша кишининг қизига кейинчалик уйландим. Гоҳида у: “Сенга бу қилични таққан кишини йўқ этолмадим”, дер эди. Мен эса: “Отангни дўзахга шошилтирган кишини йўқ этолмадинг”, деб жавоб берар эдим»[1].

[1] Имом Байҳақий ривояти.

 

 

 

Усмонхон АЛИМОВнинг

“Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) мўъжизалари” китобидан

Асар “Мовароуннаҳр” нашриётида чоп этилган.