Мақолалар

“Келин салом”нинг ҳукми қандай?

Чоп этилди Yanvar 18, 2020 “Келин салом”нинг ҳукми қандай?da fikr bildirishni o'chirish

Савол: Ҳозир айрим жойларда роса урфга кирган “келин салом” ҳақида сўрамоқчи эдим. Динимизда “келин салом”нинг ҳукми қандай?

Жавоб: Афсуски, сўнгги пайтларда турли бидъатлар пайдо бўляпти. Кимлардир бундан манфаатдор бўлаётгани учун мазкур бидъату хурофотларга “миллийлик” тўнини кийгизяпти. Ана шундай бидъатлардан бири “келин салом”дир.

Бу маросимнинг номи гўзал ва жимжимадор. Лекин шу ном остида ўтадиган тадбирларда манманлик, риёкорлик, исроф, шону шуҳратга берилиш, ғийбат каби иллатлар кўплиги бор гап.

Салом бериш – суннат амал. Бу амал туфайли баракотлар ёғилиб, хайрли
амаллар кенг қулоч ёяди. Лекин салом бериш байроғи остида қанчадан-қанча гуноҳ-маъсиятлар қилиняпти. “Келин салом”дан қиз чиқарган барча ота-оналар безиб қолишган.

Аввало, эгилиб салом беришдан қайтарилганмиз. Саҳобалар Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламдан: «Киши биродарига йўлиққанда (саломлашиш учун) унга эгилса бўладими?» деб сўрашди. Шунда у зот: «Йўқ», дедилар («Ма­жаллатул буҳусил исламия»).

Демак, «келин салом»дагидек етти букилиб салом бериш динимизга хилоф. Келинчак меҳмонларга кетма-кет эгилиб салом бераверса, унинг нафақат жисми, балки кайфиятига ҳам салбий таъсир қилади. Ваҳоланки, динимизда зарар бериш ҳам, зарар кўриш ҳам йўқ.

 

Савол: Эр хотинига маҳр учун нимадир ваъда қилса-ю, лекин муайян вақтдан кейин ҳам олиб бермаса, никоҳ бузилмайдими?

Жавоб: Никоҳ дуруст бўлишининг шарти бундай: турмушга чиқаётган келин гувоҳлар, яъни икки эр ёки бир эр ва икки аёл ҳузурида: “Ўзимни жуфти ҳалолликка бағишладим”, дегач, турмуш қураётган эр: “Қабул қилдим”, деб эшиттириб айтиши лозим. Бу сўзлар бир жойда айтилиши ва уни гувоҳлар ҳамда турмуш қурмоқчи бўлаётганларнинг ҳар бири ўша жойда эшитиши зарур.

Никоҳдан сўнг эр аёли билан бўлгач, маҳрни бериши вожиб бўлади. Агар бир муддат белгилаб насия қилган бўлса, муддати келгач, бериши лозим. Эр ваъдасини бажармай, маҳрни пайсалга солса, никоҳ бузилмайди (“Фатовойи Ҳиндия”).

 

Савол: Юртимизнинг айрим ҳудудларида аза бўлган хонадонда аёллар мато, сочиқ, чой, хуллас, шунга ўхшаш нарсаларни улашадилар. Шу мумкинми? Бундан ташқари, вафот этган одамга қўй сўйиб, эҳсон қилишчи?

Жавоб: Сиз айтган нарсаларни тарқатиш шариатимизда йўқ. Вафот этган кишига эҳсон сифатида қўй сўйиб, муҳтожларга бериш жоиз. Бундан вафот этган одамга савоб боради. Бироқ бу борада ҳам турли бидъат ва хурофотлардан эҳтиёт бўлиш зарур.

 

Савол: Унаштирилганда берилган моллар маҳрга ўтадими?

Жавоб: Агар улар ҳадя ва бошқа мақсадлар ниятида берилмай, маҳр деб аталса, маҳр ўрнига ўтади. Унаштирилганидан сўнг икки томон келишолмай, никоҳ ақди қилинмаса, куёв келин томонга маҳр ўрнига берган барча молларни қайтариб олади. Шунингдек, ҳадя сифатида берган моллари ҳам қайтарилади (“Раддул муҳтор”).

Манбалар асосида

Толибжон НИЗОМ тайёрлади.

“Мўминалар” журналининг 2019 йил, 4-сонидан