Мақолалар

Бебаҳо уч неъмат

Чоп этилди Fevral 9, 2019 Бебаҳо уч неъматda fikr bildirishni o'chirish

Бахт нима? У қандай мезонларга таянади? Кимни бахтли, дейиш мумкин?

Бу саволларни ўқиган одамнинг хаёлига, шубҳасиз, фароғатли оила, кўзни қувнатадиган фарзандлар, бойлик ва дунё зийнатлари келади. Ҳар ким ўз ҳолидан келиб чиқиб мазкур саволларга турлича жавоб бериши мумкин. Дунёда бахту саодатни ўлчайдиган мезонлар кўп, омиллар бисёр. Лекин шундай неъматлар борки, уларсиз ҳаётимиз рангсиз, турмушимиз ҳузур-ҳаловатсиз бўлиб қолади.

Хўш, бу неъматлар қайсилари?

Салама ибн Убайдуллоҳ ибн Миҳсон Ансорий отасидан ривоят қилади. «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Кимки ўз уйида тинчликда, тани соғлом, бир кунга етадиган таоми бор ҳолда тонг оттирса, унга бутун дунё неъматлари тўлиғича берилгандек бўлибди”, дедилар» (Имом Бухорий ривояти).

Бобомиз Имом Бухорийнинг “ал-Адаб ал-муфрад” асарида келтирилган ушбу ҳадиснинг Имом Термизий ва Ибн Можа ривоятларида “сиздан (минкум)” сўзи қўшимча қилинган. Ибн Можа ривоятида “тан соғлиғи (муафан фий жасадиҳи) ҳадис аввалида зикр қилинган. Айрим ривоятларда “таом” сўзи ўрнига “озуқа (қут)” сўзи қўлланилган.

Нега ҳадисда ҳар куни, ҳар доим муҳтож бўладиганимиз уч неъмат: омонлик, соғлиқ ва таомга урғу берилди?

Тинчлик

Тонг саҳар тинчлик-хотиржамликда уйғонишнинг ўзи бир неъмат эмасми?! Бобо-буви, ота-она, ака-ука, фарзандлар – оила даврасида нонушта қилишнинг файзини нима билан таққослаш мумкин?! Ишга, ўқишга отланаётганда, оила улуғларининг дуосини олиб кўча чиқишнинг баракотини ҳаммамиз яхши биламиз. Худди шундай тартибда кечки дастурхон атрофида таом тановул қилиш жараёнида кексаларнинг ўгитларини овқат билан биргаликда танага сингдиришнинг завқи ўзгача. Фарзанд тарбиясида ота-она билан биргаликда бобо-бувининг ҳам алоҳида ўрни борлигини унутмаслик керак. Аксарият хонадонларда бобо-бувининг насиҳатлари билан улғайган бола одоблироқ бўлиши тажрибада кузатилган.

Тинчлик-омонликда яшаш – бу жон, мол, уй-жой, ор-номус хавфсизлигига эга бўлиш демак. Шукрки, юртимизда булар барчасининг хавфсизлиги кафолатланган. Фақат ўзимизни асрай билсак, бас. Тинчлик учун курашишда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) барчага ўрнак бўлганлар. Пайғамбаримиз душманларининг ҳам ишончини қозониб, ҳали ислом келмасидан аввал “Ал-амин” (Ишончли, тўғрисўз) деган шарафли номга сазовор бўлганлар. Қисқа муддат – 23 йил давомида ширк, фитнаю фасод, зулмга бутунлай барҳам бериб, тинчлик ва адолатни қарор топтирдилар.

Муқаддас динимиз беш нарса – дин, ақл, жон, насл ва молнинг омонда бўлишини асосий мақсад қилган. Бир ўйлаб қўрайлик. Бундан чорак асрдан зиёдроқ вақт аввал юртимиз мўмин-мусулмонлари динимиз арконларини тўлиқ бажара олишармиди? Рўза тутган кишига душман сифатида қаралар, етимнинг бошини силаган (закот берган) киши “қулоқ” қилинар эди. Ҳаж сафарига борган кишиларни санасак, ҳатто бир қўлимизнинг ҳам бармоқлари ортиб қоларди.

Бугун-чи? Шукрки, мамлакатимизда ислом дининг барча арконлари эмин-эркин адо этилаётир. Айни пайтда Ўзбекистон халқаро ислом академияси, Тошкент ислом институти, Мир Араб олий мадрасаси, 8 та ўрта махсус ислом билим юрти фаолият юритмоқда. Юртимизда ҳадис, ақида, фиҳқ, калом ва тасаввуф мактаблари фаолияти йўлга қўйилгани бутун Ислом оламининг эътирофига сазовор бўлди.

Соғлиқ

Тани соғ, ақли расо киши қанча шукр қилса – кам. Ўтган ҳафта бир танишим билан шифохонага бордик. Одам кўп. Ҳамма шу ердадек гўё. Оғриқдан инграётган беморларни кўрган киши тани соғ эканига шукрлар қилиб, беморларнинг тезроқ соғайиб кетиши учун дуолар қилади.

Ибодатларни мукаммал адо этишнинг биринчи омили, шубҳасиз, соғлиқдир. Ибн Аббос (розияллоҳу анҳумо)дан ривоят қилинади. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) айтдилар: “Аксарият инсонлар тинчлик ва соғлиқнинг қадрига етмайди” (Имом Табароний ривояти).

Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) умматни соғлом жамият барпо этишга буюрганлар. Шу билан бирга, турли хасталиклардан сақланишни сўраб Аллоҳ таолога илтижо қилганлар. Мўмин киши замонавий тиббиётнинг имкониятларидан фойдаланиб, Шофий (шифо берувчи) – Аллоҳдан турли ксалликлардан паноҳ сўраши зарур.

Таом

Усмон ибн Аффон (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) айтдилар: “Одам боласининг ушбулардан бошқа нарсага ҳақи йўқ: яшайдиган уй, авратини ёпадиган кийим, ейдиган нон ва сув соладиган идиш” (Имом Термизий ривояти).

Ҳадиси шарифда инсон учун зарурий эҳтиёжлар зикр этилди. Буларга эришиш учун қилинган саъй-ҳаракатлар ибодат ҳисобланади.

Онаси Ҳазрат Умар (розияллоҳу анҳу)нинг набираси Умму Осим, отаси Миср волийси бўлган  Абдулазиз ибн Марвоннинг ўғли Умар ибн Абдулазиз ўз халифалиги даврида (717–720) турмуш ўртоғининг зебу зийнатларини ва уйидаги ортиқча ашёларни Байтул мол (давлат хазинаси)га топширган экан. Раҳбарлик қилгани учун маош олмасдан жуда камтарона ҳаёт кечирган. Тўрт халифа – Абу Бакр, Умар, Усмон ва Али (розияллоҳу анҳум)лардан ибрат олиб яшагани учун у киши ҳақли равишда хулафои рошидиннинг бешинчиси ҳисобланади. Адолати билан ҳазрат Умар (розияллоҳу анҳу)га, илми билан Ибн Шиҳоб Зуҳрийга, тақвоси билан Ҳасан Басрийга тенглаштирилган.

Бир куни Умар ибн Хаттоб (розияллоҳу анҳу) сариёғ тановул қилаётиб бир бадавийни дастурхонга таклиф қилди. Бадавий нонни идиш тагидаги ёғга суриб иштаҳа билан ея бошлади. Ҳазрат Умар (розияллоҳ анҳу) унга: “Сен сут-қатиғи йўқ одамга ўхшайсан”, деди. Шунда бадавий: “Аллоҳга қасамки, мен анчадан бери сариёғ емадим ва уни (бизда) ейилганини ҳам кўрмадим”, дея жавоб берди. Ҳазрат Умар (розияллоҳу анҳу): “Аввалгидек тўқлик давригача сариёғ емайман” деди (Имом Молик ривояти).

Хулоса

Ўзбекистонда яшаётган 33 миллион нафарга яқин кишининг, ҳеч истисносиз, барчаси бахтли, саодатли. Негаки, ҳадиси шарифда айтилганидек, бугун юртимиз тинч, танимиз соғ, ҳамма хонадонда бир кунга (!) етадиган таом бор. Рўзғоримиз бут, дастурхонларимиз тўкин. Ҳамма нарса муҳайё. Фақат бир нарса етишмаётгандек назаримда. У – ШУКР. Шукр қилайлик, шукр.

 

Толибжон НИЗОМОВ