Мақолалар

Борлиқнинг тадбирини қилувчи Зот

Чоп этилди Yanvar 18, 2020 Борлиқнинг тадбирини қилувчи Зотda fikr bildirishni o'chirish

Сирожиддин Али ибн Усмон Ўший раҳматуллоҳи алайҳнинг «Бадъул омолий» асарида бундай байт бор:

У Ҳайдир, барча ишнинг тадбирини қилувчидир,

У Ҳақдир, тақдир тайин қилувчи Зул Жалолдир.

Матн шарҳи: Аллоҳ таоло доим тирикдир. Барча ишларнинг тадбирини фақат У қилади. Парвардигорнинг илми бутун борлиқни қамраб олгандир. У бутун борлиқни муҳофаза этишдан асло чарчамайди. Аллоҳ барча нарсалардан олий ва буюк Зот.

اللَّهُ لَا إِلَٰهَ إِلَّا هُوَ الْحَيُّ الْقَيُّومُ لَا تَأْخُذُهُ سِنَةٌ وَلَا نَوْمٌ لَّهُ مَا فِي السَّمَاوَاتِ وَمَا فِي الْأَرْضِ مَن ذَا الَّذِي يَشْفَعُ عِندَهُ إِلَّا بِإِذْنِهِ يَعْلَمُ مَا بَيْنَ أَيْدِيهِمْ وَمَا خَلْفَهُمْ وَلَا يُحِيطُونَ بِشَيْءٍ مِّنْ عِلْمِهِ إِلَّا بِمَا شَاءَ وَسِعَ كُرْسِيُّهُ السَّمَاوَاتِ وَالْأَرْضَ وَلَا يَئُودُهُ حِفْظُهُمَا وَهُوَ الْعَلِيُّ الْعَظِيمُ

“Аллоҳ – Ундан ўзга илоҳ йўқдир. (У) ҳамиша Барҳаёт ва абадий Турувчидир. Уни на мудроқ тутар ва на уйқу. Осмонлар ва Ердаги (барча) нарсалар Уникидир. (Қиёмат куни) Унинг ҳузурида ким ҳам (гуноҳкорларни) Унинг рухсатисиз шафоат қила оларди?! (У) улардан (одамлардан) олдинги ва кейинги нарсаларни билур. (Одамлар) Унинг илмидан фақат (У) истаган миқдорича ўзлаштирурлар. Унинг Курсийси осмонлар ва Ерни (ҳам) ўз ичига сиғдира олур. У иккисини муҳофаза этиш Уни толиқтирмас. У Олий ва Буюкдир” (Бақара сураси, 255-оят).

Ояти карима “Софватут тафасир” (“Тафсирларнинг мағзи”) китобида бундай тафсир қилинади: “Аллоҳ – Ундан ўзга илоҳ йўқдир. (У) ҳамиша Барҳаёт ва абадий Турувчидир”. Аллоҳ таоло Буюк ва яккаю ягона. Парвардигор Сомаддир, яъни барча нарсалардан беҳожат, қолган барча нарсалар Унга муҳтож. Аллоҳ ҳеч қачон ўлмайди, доим бор, абадий тирикдир. Аллоҳ барча махлуқни ҳифзу ҳимоя қилади.

“Уни на мудроқ тутар ва на уйқу”. У мудрамайди ҳам, ухламайди ҳам. Саҳиҳ ҳадисда бундай келади: “Аллоҳ таоло ухламайди, ҳатто Уни бир лаҳза ҳам мудроқ олмайди. У халойиқнинг улушларини пасайтириб, кўтариб туради…”

“Осмонлар ва Ердаги (барча) нарсалар Уникидир”. Осмонлару ердаги ҳамма нарса Аллоҳнинг мулки ва қулидир. Барчалари Унинг ҳукми ва салтанати остидадир.

“(Қиёмат куни) Унинг ҳузурида ким ҳам (гуноҳкорларни) Унинг рухсатисиз шафоат қила оларди?!” Парвардигор изн бермаса, қиёматда ҳеч ким бировни шафоат этолмайди. Ибн Касир раҳимаҳуллоҳ айтади: “Ушбу ояти карима Аллоҳнинг улуғлиги ва буюклиги баёнидир. Унинг изнисиз ҳеч ким ўзгани шафоат этишга журъат этолмайди”.

“(У) улардан (одамлардан) олдинги ва кейинги нарсаларни билур”. Парвардигор инсонларга кўриниб турган нарсани, яъни бу дунёни ҳам, ҳали олдинда юз беражак нар­сани, яъни охиратни ҳам билади. Унинг илми бутун коинот ва оламларни қамраб олган.

“(Одамлар) Унинг илмидан фақат (У) истаган миқдорича ўзлаштирурлар”. Яъни, халойиқлар Аллоҳнинг илмидан бирор нарсани билишмайди. Улар фақат Парвардигорнинг Ўзи пайғамбарлари орқали билдирган нарсаларни билишади.

“Унинг Курсийси осмонлар ва Ерни (ҳам) ўз ичига сиғдира олур”. Аллоҳнинг Курсийси улкан ва кенглиги билан осмонлару ерни қамраб олган. Етти осмон ва ерлар Курсийга нисбатан саҳрога ташланган ҳалқа кабидир. Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо бундай изоҳ беради: «Курсийдан мурод Парвардигорнинг илмидир. Аллоҳ таоло: “Парвардигоро, Ўзинг раҳмат ва илм жиҳатдан барча нарсани эгаллагандирсан” (Ғофир сураси, 7) оятида илми ҳамма нарсани қамраб олганини хабар берган».

Ҳасан Басрий раҳматуллоҳи алайҳ: “Курсий Аршдир” деса, Ибн Касир раҳимаҳуллоҳ: “Курсий Аршдан бошқадир. Асарлар ва хабарлар далолат қилганидек, Арш ундан каттароқ”, деб изоҳлаган.

“У иккисини муҳофаза этиш Уни толиқтирмас. У Олий ва Буюкдир”. Осмонлару ерни ва улардаги нарсаларни асраш Унга сира малол келмайди ёки Уни ожиз қолдириб қўймайди. Аллоҳ барча мавжудотлардан олий ва буюк Зотдир. Сажда сурасининг 5-оятида бундай марҳамат қилинади: “(У) осмондан ергача бўлган барча ишнинг тадбирини кўрар (бошқарар)…”. Аллоҳ таоло осмонлару ерлардаги барча махлуқотларнинг тадбирини қилиб туради ва бирортасини унутиб қолдирмайди. Қамар сурасида бундай марҳамат қилинади: “Албатта, Биз ҳар бир нарсани ўлчов билан яратдик” (49-оят). Яъни: “Биз ҳар бир нарсани азалдан Лавҳул маҳфузга битиб қўйилганидек ўлчов билан яратдик”. Парвардигор барча ишнинг тадбирини қилувчи, доимий тирик ва буюк Зотдир.

Абдулқодир АБДУР РАҲИМ

Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институти ўқитувчиси

“Мўминалар” журналининг 2019 йил, 4-сонидан