Ўзбекистон янгиликлари

“Йил танлови – 2019” якунланди

Чоп этилди Yanvar 17, 2020 “Йил танлови – 2019” якунландиda fikr bildirishni o'chirish

Ўзбекистон миллий ахборот агентлиги томонидан оммавий ахборот воситаларида энг фаол ёритилган, тизим фаолиятида очиқлик ва шаффофликни намоён этган, халқ билан ишлашда самарали натижаларга эришган вазирликлар, давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, жамоат ташкилотлари ўртасида танлов эълон қилинганди. Ижтимоий сўров асосида ўтказилган мазкур танлов “Энг намунали ҳудуд”, “Энг намунали вазирлик”, “Энг намунали давлат ва жамоат ташкилоти” каби номинациялар бўйича сараланди.

Бугун, 17 январь куни “Зарафшон” киноконцерт залида “Йил танлови – 2019” ғолибларини тақдирлаш маросими бўлиб ўтди. Маросимни  Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги раҳбари Абдусаид Кўчимов очиб берди. Тадбирда Ўзбекистон мусулмонлари идораси “Энг намунали давлат ва жамоат ташкилоти” йўналиши бўйича фахрий учинчи ўринга муносиб деб топилди ва махсус сертификат, рамзий статуэтка, қимматбаҳо совғалар билан тақдирланди. Танловда Ўзбекистон мусулмонлари идорасини қўллаб-қувватлаган юртдошларимизга ташаккур айтамиз. Диний идора ходимларини ушбу мукофот билан муборакбод этиб, уларга келгуси ишларида Аллоҳ таолодан янада улкан зафарлар тилаб қоламиз.

 

Азизбек ХОЛНАЗАРОВ