Ўзбекистон янгиликлари

Фестиваллар шаҳрига айланаётган Шаҳрисабзга “Info-Tour” бошланди

Чоп этилди Fevral 8, 2019 Фестиваллар шаҳрига айланаётган Шаҳрисабзга “Info-Tour” бошландиda fikr bildirishni o'chirish

Саид Раҳмонов / “Халқ сўзи online”. Пойтахтимиздаги Марказий темир йўл вокзалидан Тошкент – Шаҳрисабз йўлида ҳаракатланувчи “Афросиёб” тезюрар поезди йўлга чиқди. Унинг одатдаги рейслардан фарқи шундаки, поезд 20 дан зиёд марказий оммавий ахборот воситалари ҳамда 20 га яқин турфирмаларнинг вакилларини бағрига олганидир.

Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси томонидан ташкил этилган мазкур тадбирдан кўзланган мақсад Шаҳрисабз шаҳрининг сайёҳлик салоҳияти билан яқиндан танишиш, тарғиб қилишдир.

– Президентимиз 2018 йил 13-14 декабрь кунлари Қашқадарё вилоятига қилган ташрифи давомида Шаҳрисабзни фестиваллар шаҳрига айлантириш, ҳудуднинг сайёҳлик салоҳиятини ошириш бўйича топшириқлар берган эди, – дейди Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси бошқармаси бош мутахассиси Фахриддин Зоиров. – Шундан келиб чиқиб, айни пайтда Қашқадарё вилояти ҳокимлиги билан ҳамкорликда йил давомида ўтказиладиган тадбир ва фестиваллар режаси ишлаб чиқилиб, уларнинг изчил ижроси таъминланяпти. Бугунги сафар давомида унинг доирасида бажарилган дастлабки ишлар билан яқиндан таништирамиз.

Суҳбатдошимизнинг айтишича, ҳудудда туристик хизматлар кўрсатиш сифати тубдан яхшилаш, кўламини кенгайтириш мақсадида, энг аввало, мавжуд меҳмонхоналарни модернизация қилиш баробарида, янгилари бунёд этиляпти. Янги туристик маршрутлар ишлаб чиқиляпти. Бинобарин, яшил шаҳар дея таърифланадиган қадим Кешда экотуризм, экстремал туризм, этнотуризм, зиёрат туризмини ривожлантириш учун табиий имкониятлар мавжуд. Ўтган йили ушбу ҳудудни пойтахт билан тўғридан-тўғри боғлайдиган “Афросиёб” тезюрар поезди қатнови йўлга қўйилиши замирида ҳам ана шу шароитлардан оқилона фойдаланиш, сайёҳлар оқимини кўпайтиришдек эзгу мақсад мужассам.

– Инфо-тур ташкил этилгани биз, журналистлар учун айни муддао бўлди, – дейди ЎзА веб-сайти етакчи муҳаррири Сайёра Шоева. – Чунки ўзимиз туризм мавзусини ёзсакда, ҳали жойларда айни соҳада бажарилган ишлар, ўзгариш ва янгиликлар ҳақида етарлича маълумотга эга эмасмиз. Масалан, мен Шаҳрисабзга биринчи бор сафар қилишим. Унинг давомида қизиқарли маълумотлар тўплаб, ўқувчиларга етказишни ният қилганман.