Ўзбекистон янгиликлари

Ўзбекистонда ҳайдовчиларнинг мажбурий малака оширишини бекор қилиш тавсия этилди

Чоп этилди Yanvar 18, 2020 Ўзбекистонда ҳайдовчиларнинг мажбурий малака оширишини бекор қилиш тавсия этилдиda fikr bildirishni o'chirish

Савдо-саноат палатаси юридик шахслар ҳайдовчиларининг мажбурий малака оширишдан ўтиши тўғрисидаги меъёрий-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасини жамоатчилик экспертизасидан ўтказди.

Қайд этилишича, ИИВ томонидан ишлаб чиқилган Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикаси ҳукуматининг айрим қарорларига ўзгартиришлар киритиш тўғрисида»ги қарори лойиҳаси жамоатчилик экспертизасидан ўтказилиб, у бўйича жамоатчилик экспертизаси хулосалари берилди.

Хусусан, лойиҳанинг 1-бандига кўра Вазирлар Маҳкамасининг «Автомототранспорт воситалари ҳайдовчиларини тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорининг 3-бандига ўзгартириш киритиш ҳамда унда юридик шахсларнинг транспорт воситалари ҳайдовчилари, шу жумладан, йўловчи ёки юк ташиш фаолиятини амалга оширувчи ҳайдовчиларнинг икки йилда бир марта малака оширишдан ўтиши шартлигини белгилаш назарда тутилган (хусусан, амалдаги таҳрирда ҳам юридик шахсларга тегишли автотранспорт воситаларини бошқараётган шахсларнинг икки йилда бир марта малака ошириши шартлиги белгиланган).

«Йўл ҳаракати хавфсизлиги тўғрисида»ги қонунда эса фақат фаолияти транспорт воситаларидан фойдаланиш билан боғлиқ бўлган юридик шахсларнинг йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати ходимлари вақти-вақти билан 3 йилда камида 1 марта ўз малакасини ошириб, малака имтиҳони топшириши кераклиги белгиланган.

Яъни ушбу қонунда бошқа ҳайдовчилар ёки юридик шахслар ходимларининг маълум бир вақтда малака оширишлари лозимлиги назарда тутилмаган.

Шунингдек, юридик шахсларнинг транспорт воситалари ҳайдовчилари, шу жумладан, йўловчи ёки юк ташиш фаолиятини амалга оширувчи ҳайдовчиларнинг малака ошириши лозимлигини белгилаш ортиқча талабдир. Яъни амалиётда ҳайдовчилар мазкур фаолият билан узлуксиз шуғулланишлари ва бундай малака оширишга зарурат бўлмаслиги мумкин.

«Юқоридагиларни инобатга олган ҳолда ҳайдовчиларнинг ҳар икки йилда бир марта қайта тайёргарликдан ўтишлари ва малака оширишлари билан боғлиқ нормаларни чиқариб ташлаш тавсия этилади», — дейилган ССП ахборот хизмати хабарида.

Эслатиб ўтамиз, 2017 йил сентябрдан мажбурий равишда ҳайдовчиларнинг малакасини ошириш жараёни жорий этила бошлаган (ВМнинг 4.09.2017 йилдаги 693-сон қарорига қаранг). Сўнг у татбиқ этиладиган шахслар рўйхати ва ҳайдовчиларнинг малакасини ошириш ҳуқуқи берилган субъектлар доираси ўзгарган эди.

Ҳайдовчиларнинг ёнида малака оширишдан ўтганлиги тўғрисида сертификат бўлиши ва ИИБ ходимлари текширган пайтда уни тақдим этиш мажбурияти Йўл ҳаракати қоидаларида мустаҳкамланганига қарамай, у ёнида бўлмагани учун жавобгарлик белгиланмаган эди.

МЖТКнинг 135-моддасига киритилган тузатиш сабабли вазият ўзгариб, малакасини оширмаган ҳайдовчиларга жарима солиш белгиланган эди.

2019 йилнинг 30 декабрида муҳокамага қўйилган Вазирлар Маҳкамаси қарори лойиҳасида ҳайдовчиларнинг малакасини ошириш тартибига ўзгартириш киритиш таклиф қилинганди.