Мақолалар

Узун орзудан сақланиш

Чоп этилди Yanvar 20, 2020 Узун орзудан сақланишda fikr bildirishni o'chirish

Инсон орзулар билан яшайди. Ислом дини инсонни орзу-ҳавас қилишдан ман этмайди. Агар инсон орзу-ҳавасдан ай­рилса, дунё обод бўлмайди, инсон насли давомийлиги­ни йўқотади. Бироқ Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) мўминларни узун орзу-ҳаваслар ичида қолишдан қайтарганлар. Чунки чексиз орзулар оғушига чўмган банда охиратни унутади. Инсон бу дунёда абадий охират ҳаёти учун ҳозирлик қилиши лозим. Аллоҳ таоло қудсий ҳадисда: “Эй Одам боласи, ёшлигингга ғурурланма, қанча-қанча йигитлар борки, сендан олдин ўлим билан юзлашди. Эй Одам боласи, дунё билан ғурурланма, зеро, сен (бу дунёда) абадий эмассан!”

Донишмандлар айтади: Тўғри йўлдаги киши Аллоҳ таолони таниб, унга итоат қилган, шайтонни билиб, ундан юз ўгирган, ҳақни таниб, унга эргашган, ботилни таниб, ундан сақланган, дунёни таниб, ундан бош тортган, охиратни таниб, уни талаб қилган кишидир. Ҳақиқий оқил дунё уни тарк этмасдан туриб, дунёни тарк этган, қабрга кирмасдан туриб, унга тайёргарлик кўрган, ҳали Раббига йўлиқмасдан туриб, Уни рози қилган кишидир.

Шундай экан, оқил киши бу фоний дунёга алоқадор орзу-ҳавасларни жиловласин, токи бу орзу-ҳаваслар уни туганмас балолар, кулфатларга дучор этмасин. Анас ибн Молик (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Тўрт нарса бахтсизликдандир: кўз ёшланмаслиги, қалб қаттиқлиги, орзу-ҳавас узунлиги ва бу фоний дунёга ҳирс қўйиш”, деганлар.

Ҳазрат Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ўз дуоларида шундай деб айтар эдилар: “Ё Аллоҳ, охират яхшилигини тўсадиган гуноҳдан паноҳ беришингни сўрайман. Сендан ўлим яхшилигини тўсадиган тирикликдан паноҳ сўрайман. Сендан яхши амалдан тўсадиган аҳлу аёлдан паноҳ сўрайман”.

 

Усмонхон АЛИМОВнинг

“Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг муборак васиятлари” китобидан (2-жилд)

Асар “Мовароуннаҳр” нашриётида чоп этилган.

Нашриётдан харид нархи 26 000 сўм