Мақолалар

Жулайбиб розияллоҳу анҳу

Чоп этилди Yanvar 20, 2020 Жулайбиб розияллоҳу анҳуda fikr bildirishni o'chirish

Кўпчилигимиз бу улуғ саҳобани яхши танимаймиз. Ўзи фақир бўлса-да, иймонга бой эди. У ёшликнинг айни гуллаб-яшнаган, куч-қувватга тўла, навқирон даврида исломга кирди. Бу шундай давр эдики, агар ундан тўғри фойдаланилса, катта натижаларни қўлга киритиш мумкин бўларди. Ғайрат-шижоатга тўла бу давр кишининг ўзига ва атрофидагиларга катта таъсир кўрсатарди. Қаҳрамонимиз умрининг ана шу даврида ҳаёт саҳнасида пайдо бўлди ва шундай жасоратлар кўрсатдики, натижада унинг номи тарих зарварақларига муҳрланиб қолди.

Жулайбиб розияллоҳу анҳу гўзал хулқли, ҳазилкаш йигит бўлиб, сўққабош эди. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам уни қаттиқ яхши кўрар эдилар.

Кунларнинг бирида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам унга ҳазил қилиб: “Эй Жулайбиб, уйланмайсанми?” дедилар. Жулайбиб эса: “Ё Расулуллоҳ, ким ҳам мени уйларди?” деб истамайгина жавоб қайтарди. Чунки унинг на белгили оиласи, на мол-давлати бор эди. Шунда Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Мана, мен уйлайман-да” дедилар. Жулайбиб ялт этиб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга қаради: “У ҳолда касод бўласиз, ё Расулуллоҳ!”  деди. У зот эса: “Бироқ Аллоҳ таолонинг ҳузурида сенинг қадринг баланд”,  дедилар.

Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам доимо атрофидаги кишиларнинг оғирини енгиллатишга, ташвишларини аритиб, дилларини хушнуд қилишга ҳарис эдилар. Бу гал ҳам шундай бўлди: ҳеч кими йўқ, фақир Жулайбибга ўзларининг ҳазиллари билан тасалли бериб, уйлаб қўйишга кафил бўлдилар.

Бева-бечора, фақир-мискинларга ғамхўр саҳобалардан Абу Барза Асламий розияллоҳу анҳу Жулайбибнинг аёллар билан ҳазиллашиши ҳақида хотинига шикоят қилиб қолди: “Жулайбиб олдингизга кирмасин, агар кирса, мендан кўрадиганини кўради!”

Бу хабар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга етганида у зот Жулайбибнинг тарбияси билан ўзлари шуғулландилар. Унга чиройли панду насиҳатлар қилиб, одоб бердилар. Натижада Жулайбиб тамоман бошқа одамга – барча ёшлар ўрнак олса арзийдиган йигитга айланди…

Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам уни уйлаш учун муносиб фурсатни кутиб юрардилар. Бир куни ансорийлардан бир киши келиб, қизини у зотга тавсия қилди. Ансорийлар одатда бўйига етган қизларини то Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга таклиф қилмагунларича турмушга бермасдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам унга: “Қизингни менга бер” дедилар. Ансорий: “Қандай бахт, ё Расулуллоҳ, жоним билан!” деди. У зот эса: “Мен уни ўзим учун сўрамадим” дедилар. “Бўлмаса кимга, ё Расулуллоҳ?” деди ансорий ҳайрон бўлиб. Шунда Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Жулайбибга” дедилар. Буни эшитган ансорий ҳангу манг бўлиб қолди. Чунки қизига Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳожати борлигидан суюниб турган ота бундай жавобни кутмаганди-да. Жулайбибнинг номини эшитиб, бундан бош тортмоқчи бўлди. Сабаби Жулайбибнинг уйланиб, оила тебрата олишига сира кўзи етмасди… “Онаси билан маслаҳатлашиб кўрай-чи” деди у зўрға.

Ансорий хотинига бу ҳақда хабар берганида у: “Нима, Жулайбибга-я?! Аллоҳга қасамки, унга бермаймиз. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Жулайбибдан бошқасини тополмабдими? Қанчадан қанча совчиларни қайтариб юбордик, ахир…” дея хуноби ошди. Ҳақиқатда улар молда, шарафда, жамолда Жулайбибдан бир неча карра устун бўлган совчиларни қайтаришган эди.

Қўшни хонада қиз ота-онасининг суҳбатига қулоқ солиб ўтирарди. Онаси уни Жулайбибга беришга тиш-тирноғи билан қарши эди. Эр хотининг гапидан сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Жулайбибни куёв қила олмасликларини айтиш учун қўзғалганида ичкари хонадан қизнинг овози эшитилди: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг сўзларини қайтарасизларми?”

Бу ёш қиз ота-онаси унутаёзган бир нарсага эътибор қаратди: унинг қўлини Жулайбибга ким сўради? Жулайбибнинг ўзими ёки Расулуллоҳми? Агар Жулайбиб сўраган бўлса, у ҳолда уни рад қилишнинг зарари йўқ, чунки Жулайбиб унинг тенги эмас. Аммо Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам сўраган бўлса, у ҳолда бунда кўп яхшилик бор!

Қиз ота-онасидан сўради: “Сизлардан менинг қўлимни сўраган ким?” Онаси унга жавоб берганида: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг сўзларини қайтарасизларми? Мени унга беринглар, албатта, у мени хор қилмайди. У зот Жулайбибни сизларга муносиб кўрган экан, мени унга узатинглар”, деди. Бу қизнинг гапи қандай ҳам гўзал! Уни куёвнинг ҳусни, давлати, обрўси заррача ҳам қизиқтирмади. Борингки, одамлар учун мезон вазифасини ўтайдиган бирорта нарсага эътибор қаратмади. Балки шундай бир нарсага аҳамият қаратдики, бунга Аллоҳнинг ҳидоятисиз эришиб бўлмасди. Дарҳақиқат, у асл саодат нимада эканини англаб етди.

Ота-она қизнинг бу гапидан хушёр тортди. Ҳа, масаланинг бу жиҳатига уларнинг хаёлига келмаганди. Улар қизнинг ҳақ эканини тасдиқлашди ва бунга рози бўлишди. Ота Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурларига бориб: “Сиз айтганча бўла қолсин, уни Жулайбибга никоҳлаб беринг. Сиз шунга рози бўлсангиз, биз ҳам розимиз” деди.

Шундай қилиб, Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам икки ёшга никоҳ ўқидилар ва бу никоҳга баракалар тилаб, дуо қилдилар: “Аллоҳим, уларга яхшиликни тўла-тўкис қилиб оқизиб қўй, тирикчиликларида машаққатни бермагин”. Ушбу янги оила иймон, тақво, розилик ва ҳикмат устига қурилди. Зеро, оила бошлиғини шахсан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ўзлари тарбия қилгандилар. Келин-куёв икки дунё саодатига эришиш йўлида бир-бирининг қўлидан тутди. Уларнинг ўртасида соф муҳаббат куртаклари ниш ура бошлади – оламда иккисидан-да, бахтлироқ одам йўқ эди гўё…

Ана шундай бахтиёр кунларнинг бирида жарчи одамларни ғазотга чорлаб қолди: “Эй Аллоҳнинг лашкарлари! Отланинг! Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ғазотга чиқмоқчилар!” Жулайбиб розияллоҳу анҳу дарҳол отланиб, лашкар сафига қўшилиш учун чопиб кетди. Севган ёрининг висолига тўйиб улгурмаган Жулайбиб, уни қолдириб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга ҳамроҳ бўлди. Жангда мусулмонлар зафар қучишди. Албатта, ғалаба қурбонларсиз бўлмайди. Мусулмонлардан саноқли кишиларгина шаҳид бўлишди.

Аскарлар ярадорларга ёрдам кўрсатиш ҳамда шаҳид кетган биродарларини ахтариш билан машғул эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам улардан: “Йўқолганлар борми?” деб сўрадилар. Улар: “Фалончини, фалончини йўқотдик” дейишди. У зот уларни қолдириб нари кетдилар. Салдан кейин келиб, яна сўрадилар: “Йўқолганлар борми?” Улар: “Фалончини, фалончини йўқотдик” дейишди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам уларни қолдириб нари кетдилар. Салдан кейин келиб, учинчи марта сўрадилар: “Йўқолганлар борми?” Улар: “Йўқ” дейишди. Шунда Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Лекин мен, Жулайбибни йўқотдим, қурбонлар орасидан уни излаб кўринглар”, дедилар. Дарҳақиқат, саҳобалар ўзлари билан бирга келиб, ёнларида туриб жанг қилган Жулайбибни буткул унутиб қўйишганди. Бироқ Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам уни қаттиқ яхши кўрганларидан бир зум ҳам ёдларидан чиқарганлари йўқ. У зот жанг тугагандан бери фарзандини йўқотган отадек, ўша танти ва мард йигитни ахтарардилар. Ахир уни ўз фарзандидек меҳр бериб тарбия қилган, энг муносиб келинни танлаб, уйлаб қўйгандилар. Унинг қувончини кўриб кўнгиллари таскин топарди. Аллоҳнинг Ҳабиби Жулайбибни ғозийлар сафида кўришни жуда-жуда истагандилар, бироқ …

Аскарлар ҳар тарафдга юриб Жулайбибни излашди. Ниҳоят уни етти душман жасади олдидан топишди: унинг жонсиз танаси қонга беланган, қўлида қиличини маҳқам ушлаб олган эди. Улар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни бундан хабардор қилишди. У зот соллаллоҳу алайҳи ва саллам Жулайбибнинг жасади олдига келиб бир зум туриб қолдилар: муборак кўзлари жиққа ёш эди. Сўнг тиз чўкиб, унинг бошини қучоқларига олдилар ва: “Еттовини енгиб, ўзи ҳам қурбон бўлибди. Бу мендан, мен унданман. Бу мендан, мен унданман. Бу мендан, мен унданман”, дедилар.

Кечагина қизларга гап отиб, ҳазиллашиб юрган йигитча бугун Аллоҳнинг йўлда ўзини қурбон қилиб турибди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг эътибори ва тарбияси уни шундай улуғ инсонга айлантириб юборганди. У зот унга шундай меҳр бердиларки, гўё қалбларининг бир парчасига айланиб қолган эди. Эҳтимол, Сарвари олам соллаллоҳу алайҳи ва саллам уни мана шундай улуғ ишлар учун ҳозирлагандир…

Мадина аҳли ғалаба билан қайтган ислом лашкарини хурсандчилик билан қарши олди. Жангда шаҳид бўлганларнинг хабари оилаларига етказилди. Жулайбибнинг хабарини эшитган аёли кўзларида ёш билан Аллоҳнинг тақдирини чиройли қабул қилди. Унинг: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг сўзларини қайтарасизларми? Мени унга беринглар, албатта, у мени хор қилмайди”, деган гаплари ёдингиздами? У ҳақ бўлиб чиқди: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни яхши кўриб, у зотга ишонгани ва Аллоҳга бўлган иймони сабабли Аллоҳ таоло уни зое қилмади.

Аллоҳ таоло Жулайбибнинг бева қолган келинчагига кўп яхшиликларнинг эшигини очиб қўйдики, у ансорлар ичидаги энг саховатпеша аёлга айланди. Унга берилган мол-давлат ҳақидаги гаплар оғиздан оғизга кўчиб юрарди (одамлар оғзидан тушмасди). Анас ибн Молик розияллоҳу анҳу Жулайбибнинг аёли ҳақида: “Мадинада ундан-да қўли очиқ жувонни кўрмадим”, дейди. Дарҳақиқат, Аллоҳ таоло унга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг дуолари барокотидан ризқ эшикларини кенг очиб қўйган эди.

Жулайбибнинг Бани Саълаба уруғидан бўлгани, хотини эса Хазраж уруғидан бўлгани зикр қилинади.

Манбалар асосида Абу УМАР тайёрлади.