Мақолалар

Таҳоратли ухлаш худди рўза тутиш ва туни билан ибодатда бўлиш кабидир

Чоп этилди Yanvar 20, 2020 Таҳоратли ухлаш худди рўза тутиш ва туни билан ибодатда бўлиш кабидирda fikr bildirishni o'chirish

Амр ибн Хурайс (розияллоҳу анҳу)дан: Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Таҳоратли ухлаган киши худди рўзадор ва туни билан бедор киши кабидир”, дедилар. Абу Абдуллоҳ Ҳаким Термизий айтадиларки “Рўзадор ҳохиш истакларни тарк қилиши билан покланади ва кечаси қиёмул лайл қилгани билан раҳм қилинади ва у кечаси қиёмул лайл қилгани билан тирик ҳисобланади. Мана бундай тайёргарлик билан яъни таҳоратли ҳолатда ухлаган, унинг савобидан умид қилган кишининг нафси Аллоҳ таолога кўтарилади, Аллоҳга яқинлашади ва Аршнинг остида сажда қилади.

Абдуллоҳ ибн Амр (розияллоҳу анҳу)дан: “Уйқу вақтида руҳлар ухлаган вақтда Аллоҳ таолога кўтарилади ва улардан таҳоратли бўлганлари Аршнинг остида сажда қилади, таҳоратсиз бўлганлари эса Аршдан узоқда сажда қилади. Шунинг учун кишига таҳоратли ҳолда ухлаши яхши амаллардандир”. Қутайба: “Мендан Жарир ушбу ҳадисни сўраганида мен унга айтиб бердим, шунда у ўғли Исмоилга ушбу ҳа­дисни ёзиб олишини айтган эди” деди.

Абу Дардо (розияллоҳу анҳу) эса: “Инсон ухлаганда нафси кўтарилади, ҳатто Аршнинг остига келтирилади, агар пок ҳолда бўлса сажда қилишга рухсат берилади, нопок, яъни жунуб ҳолатида бўлса сажда қилишга рухсат берилмайди”, дедилар. Юқоридаги ҳадисда келтирилган руҳларни уйқуда кўтарилиши зикрига келадиган бўлсак, бу ерда луғат олимлари сўзни ўз номи билан эмас, балки унга яқин маънодаги сўз билан атаганлар, яъни шу сўзни ўз маъноси билан эмас балки унга яқин маънодаги сўзларга нисбатан ишлатишади, бу ерда луғат олимлари руҳ деб нафсни назарда тутганлар, лекин нафсни ўз номи билан эмас, руҳ деб атаганлар, масалан қалбни гоҳида юрак деб номлаш, бундай мисоллар луғатларда кўп учрайди. Шунингдек, нафс ва руҳ бир-бирига яқин тушунча, лекин, руҳнинг қароргоҳи бошда ва у инсонни тоатга чақиради, чунки у самовийдир (само табиатидан), нафс эса шаҳватларга, ҳохиш-истакларга чорлайди, чунки у арзий (ер табиатидандир, тубандир). Нафс ва руҳ иккиси ҳам шамолга ўхшаш енгил нарсадир, иккисига ҳам тирик­ликдан иборат нарсалар жойлаштирилган. Улар шунга кўра амал қилишади. Нафс сабабли киши ейди, ичади, эшитади, кўради. Руҳ сабабли меҳрибонлик қилади, ҳаё қилади, сахийлик ҳамда лутф кўрсатади ва Раббисига итоат қилади ва ибодат қилади. Нафс ёмонликка чорловчидир, руҳ сабабли киши мақтов эшитади. Нафс иссиқ, руҳ эса совуқ, салқиндир. Банда ухлаганида нафси баданидан ўз иссиқлиги билан чиқади ва малакут дунёсига (фаришталар оламига) кўтарилади, руҳ эса қалбга боғланган ҳолатда қолади ва ана шу руҳ қалбдаги имонни, тавҳидни ҳимоя қилади. Нафснинг ўзаги эса руҳга боғланган ҳолда қолади. Лекин киши ухлаганда унинг нури иссиқлиги бадандан чиқади ва Аллоҳ таоло Қуръони каримнинг “Зумар” сураси 42-оятида: “Аллоҳ жонларни ўлган вақтда, ўлмаганларни эса ухлаган вақтда олур. Бас, ўзи ўлимга ҳукм қилган жонларни қайтармасдан ушлаб қолур, бошқаларини эса белгиланган муддат (ажаллари етгунча) қўйиб юборур”, деган. Шунинг учун ҳам ёз кунларда ухлаган киши уйқудан тургач аъзоларида совуқликни кўради. Ёз кунларида баданнинг совуқ ҳолатда бўлиши нафснинг ўз иссиқлиги билан бадандан чиққани белгисидир.

Абдуллоҳ ибн Амр (розияллоҳу анҳу): “Руҳлар кўтарилади, деб айтиш ҳам мумкин” дедилар, “чунки бирор нарсани унга яқин бўлган бошқа бир нарсанинг номи билан аташ мумкин, дедилар. Нафслар эса чорва ҳайвонларга тегишли. Уларда нафс бор, инсоннинг афзаллиги эса унда самовий руҳнинг мавжудлигидадир.  У руҳ инсоннинг нафсини тоатга чақириб туради. Лекин киши ухласа нафс унинг баданидан чиқиб, малакут оламига фаришталарнинг ишларини кўради ва ўз соҳибига тегишли бўлган ғайб хабарларни даволовчи бўлган илмлардан хабардор бўлади. Шунинг учун ҳам Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) айт­ганларки: “Мўминнинг туши пайғамбарликнинг қирқ олтидан биридир” деганлар. Шунингдек, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) вафот этган кунларида айтган бошқа бир ҳадисда: “Мендан кейин пайғамбарликдан бирор нарса қолмади, фақатгина мубашширот, яъни хушхабар берувчилар қолди, улар мўмининг тушидир” дедилар. Бу номларда Абу Дардонинг айтган сўзи тўғридир, у киши ўз сўзларида: “Нафс Аллоҳнинг ҳузурига кўтарилади”, деб ўз номи билан атаганлар. Абдуллоҳ ибн Амр (розияллоҳу анҳу) айтганлари ҳам тўғри, у киши нафсни ўз номи билан эмас, балки унга яқин бўлган бошқа турдаги нарсанинг ном билан атаганлар.

Нафс аршга кўтарилганда аршнинг яқинига боради ва Аллоҳ таолога яқинлашиш билан покланади ва унга рухсат берилган сажда билан покланади ва ўз соҳибига (Аллоҳга) яқинлашиш сабабли покланган ҳамда сажда фазилати инъом қилинган ҳолатда қайтиб келади, шунинг учун бу вақтда ухлаган киши шаҳватларини тарк қилиш билан покланган рўзадор ва кечаларини ибодат билан бедор ўтказган кишининг даражаси билан тенг­лаштирилади. Бу содиқларнинг даражасидир. Уларнинг таҳоратли ҳолатдаги уйқулари қиёмул лайл қилишлари ва рўза тутишлари билан тенг бўлди, шунинг учун ҳам Муоз ибн Жабал (розияллоҳу анҳу) Ашъарий (розияллоҳу анҳу)га: “Мен кечанинг ярмигача ухлайман, қолган ярмида қиёмул лайл қиламан, қиёмул лайл­дан савобу мукофотларни умид қилганим каби кечаси ухлаганимдан ҳам савоб умид қиламан”, деганлар, чунки Муоз ибн Жабал мана бу уйқунинг самарасини яхши билганлар ва бу уйқу сабаб нафс
Аллоҳ таоло ҳузуридан пок ҳолда қайтиб келишини яхши билганлар.

Аммо Аллоҳ таолонинг хос бандаларига келсак, бу содиқ бандаларнинг даражасидан баландроқдир. Баъзан уйқу уларнинг назарида тунги бедорликдан афзал бўлган, чунки уларнинг нафслари уйқу пайтида ўз қобиғи ичида безовта, сергак бўлади ва бу уйқу вақтида уларнинг нафслари тавҳид кенглигида аршни истаб ҳаракатда бўлади ва ақллари Аллоҳ таолога етишиш умидида бўлади. Ақл эса нафснинг арш борасидаги истагини ғанимат билади, бу билан иккиси, яъни нафс билан ақл ажралади. Уйқу вақтида ақл Аллоҳ таолога талпиниб, иштиёқ қилиб қалбдаги насибаси билан бадандан чиқади, нафс эса арш кенгликларига ҳамда у ердаги раҳматга талпиниб бадандан чиқади, руҳ эса баданда қолади. Кейин баданга иккиси (нафс ва ақл) қайтганда руҳга инсон кўнглига келтира олмайдиган покланиш фазилатлари ва кароматлар билан қайтиб келади. Ҳатто бу билан руҳ, бадан покланади, хотиржам ва сокин бўлади. Шунинг учун Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) саҳар вақтидаги уйқуга ҳарис эдилар.

Ойша (розияллоҳу анҳо)дан “Мен у кишини (Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳузуримда саҳар вақтида қачон учратсам, ухлаган ҳолатда кўрдим”, дедилар. Саҳар вақти Рабб таборака исмуҳунинг дунё осмонига тушадиган ва махлуқотларга юзланадиган, уларга илтифот қиладиган, бирор-бир дуо қилувчи борми, дуосини ижобат қиламан, бирор тавба қилувчи борми, тавбасини қабул қиламан, бирор сўровчи борми, сўраганини бераман, бирор истиғфор айтгувчи борми, гуноҳини кечираман, деб нидо қиладиган соатдир. Бу вақтда Аллоҳ таоло кундузи гуноҳ қилган киши учун кечаси тавба қилишига раҳмат қўлини чўзадиган вақтдир. Сўнг яна “ким абадий йўқ бўлмайдиган, ўлмайдиган, зулм қилмайдиган Зотга қарз беради”, деб нидо қилади. Аллоҳ таолонинг бу сўзи намоён бўладиган ва ер аҳлига бошлари узра юзланадиган вақтда Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) нафслари Аллоҳ таолога кўтарилиши ва ўз ҳузурида учратиши учун бу вақтда ухлашга ҳарис бўлганларига эътибор беринг. Чунки у кишининг назарида бу ухлаш қиём (ибодат) қилишларидан афзалдир. Чунки қиём ҳолатида фақат ақллари кўтарилади, бу уйқу вақтида эса нафс қалб ва ақл билан биргаликда кўтарилади, шунинг учун Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) назарларида 3 та нарсанинг жам бўлиб кўтарилиши биргина ақлнинг ёлғиз кўтарилишидан афзалдир. Аллоҳ таолонинг хос бандалари мана шундай насибага эришганлар. Улар ухлаганда мана бу биз сифатлаган нарсани умид қилиб уйқуга борганлар. Шунинг учун хос бандалар уйқулари билан рўзадорлар ва кечаси қиёмул лайл қилувчилардан афзал бўлдилар. Аммо аввал бошда биз сифатлаб ўтган содиқ бандаларнинг уйқулари эса рўзалари билан тенг бўлди, уйқудаги давом этишлари қиёмул лайллари билан тенг бўлди. Юқорида айтилган ҳадис содиқ бандалар учундир. Аммо хос бандалар эса бу даражадан юқорилаб кетганлар.

Муоз ибн Жабал (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: “Бир куни Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бомдод намозига кеч чиқдилар, ҳатто қуёш чиқай деб қолган эди. Шунда у зот бизга намоз ўқиб бердилар ва намозни енгил қилдилар. Сўнг бизга юзланиб: “Жойларингизда ўтиринг, мен сизларга бомдод намозига нима учун кеч қолганимни хабарини айтаман”, дедилар. “Бу кеча мен Аллоҳ хоҳлаганича намоз ўқидим, сўнг кўзларим юмилиб кетди ва ухлаб қолдим. Уйқумда Аллоҳ таолони энг гўзал ва энг чиройли ҳолатда кўрдим. Шунда У менга: “Эй Муҳаммад”, деди, мен: “Лаб­бай эй Раббим”, дедим. У: “Олий гуруҳ фаришталар нима ҳақида баҳслашишяпти”, деди. Мен: “Билмайман, эй Раббим”, дедим. Сўнг У: “Эй Муҳаммад”, деди, Мен: “Лаббай эй Раббим”, дедим, У: “Олий гуруҳ фаришталар нима ҳақида баҳслашишяпти”, деди. Мен: “Билмайман, эй Раббим”, дедим”. Шунда Расулуллоҳ дедилар: “У икки елкам орасига кафтини қўйди ва мен кўкракларим орасидан бармоқларининг салқинлигини ҳис этдим, шунда мен ҳамма нарсани билдим ва тушундим. Сўнг У: “Эй Муҳаммад”, деди, мен: “Лаб­бай, эй Раббим”, дедим. У: “Олий гуруҳ фаришталар нима ҳақида баҳслашяпти”, деди. Мен: “Гуноҳни кечирувчи нарсалар (каффоратлар) ҳақида”, дедим. “Улар нималар?” – деди. Мен жамоат сари қадам ташлаб бориш, совуқ пайтларда ҳам таҳоратни мукаммал қилиш, намоздан кейин масжидларда ўтириш (яъни кейинги намозни кутиб). У деди: “Яна нималар?” Мен айтдимки: “Таом улашиш, саломни ёйиш, мулойим сўзлаш, кечаси кишилар ухлаётган вақтда намоз ўқиш”, дедим. У: “(Эҳтиёжларингни) сўрагин”, деди. Мен: “Аллоҳим, мен Сендан яхши ишларни севишни, ёмон ишларни тарк этишни, мискинларни яхши кўришни ва мени кечиришингни, менга раҳм қилишингни, махлуқотинг орасида бирор фитнани ирода қилсанг, мени ана шу фитнадан омонда сақлашинг­ни сўрайман”, дедим. “Аллоҳим, мен сендан сенинг муҳаббатингни ва Сени яхши кўрадиган кишиларнинг муҳаббатини ва Сенга яқинлаштирадиган амалларнинг муҳаббатини сўрайман”, дедим. Сўнг Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бизларга юзландилар-да: “Бу нарсаларни ўрганиб олинг ва ўзаро бир-бирингизга ўргатинг, чунки буларнинг барчаси ҳақдир”, дедилар”.

Абдураҳмон ибн Аббос Худрамий (розияллоҳу анҳу)дан: “Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)­дан эшитдим”, деб юқоридаги ҳадис маъносидаги ҳадисни айтиб бердилар. Юқоридаги ҳадис ривоят қилинган.

Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу)дан юқоридагига ўхшаш ҳадис айтиб берди. Ҳаким Термизий айтди: Дарҳақиқат, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) кечаси бир муддат қиёмул лайл турганлар, сўнг бир оз ухлаб турганларидан сўнг масжидга чиқиб ушбу сўзларни айтдилар. Эътибор беринг, у кишининг қиёмул лайл қилишлари ва уйқулари орасидаги қанча вақт ўтди, мана шу муддат Аллоҳ таолога уйқуларида Аллоҳ таолога талпинадиган кишиларнинг одатидир, ва бу пайтда улар нафсларининг ҳолати доим янгиланишига ҳаракат қиладилар ва Аллоҳ таолодан бу вақтда неъматлар берилишига умид қиладилар. Абу Бакр (розияллоҳу анҳу): “Мен солиҳ бир тушни кўриб, унда бир хабарни эшитишим менга фалон-фалон ишлардан ҳам яхшироқдир” дедилар.

Абу Салама ибн Абдураҳмон (розияллоҳу анҳу)дан: Албатта, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Нафсларга Алҳу деб номланган шайтон бириктирилиб қўйилган. У нафсларга ёмонлик қилади ва улар кўтариладиган вақтда ана шу кўтарилишга сусткашлик қилади, лекин улар сусткашлик қилмасдан самога етиб борсалар, унда кўрган нарсалари содиқ туш бўлади” дедилар. Дарҳақиқат, менга хабар берилган Расулуллоҳнинг ушбу сўзлари Абу Дардо (розияллоҳу анҳу) сўзларини тасдиқлайди. Биз мавзуимизнинг аввалида: “Таҳоратли ҳолатда ухловчи кишининг даражаси рўзадор ва кечаси қиёмул лайл қиладиган кишининг даражаси билан тенгдир”, деган ҳадис билан бошлаган эдик, мана бу ҳадис Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)дан: “Шукр қилиб таомланувчи киши сабр билан рўза тутувчи кишининг даражаси билан тенгдир”, деган ҳадисга ўхшайди. Ке­йинги ҳадисда келган шукр бу содиқларнинг шукридир, уларнинг шукрлари рўзадорнинг сабри билан тенгдир, аммо сиддиқларнинг шукрлари рўзадорларнинг сабридан баландроқдир, чунки рўзадаги сабр бу банданинг шаҳватлардан тийилишидир ва ана шу сабр нафс хо­ҳишларини рад қилишидир, шукр айтувчи сиддиқлар эса таомни Аллоҳнинг номи (бисмиллаҳ) билан бошлашади, Аллоҳнинг номи эса осмону ерни тўлдириб юборадиган улуғ сўздир ва шаҳватнинг ҳароратини, оташини ўчиради. Лекин таом билан эмас, Аллоҳнинг номи билан босилади, Аллоҳнинг исми шаҳватнинг таом борасидаги заҳарларини, аччиқларини ҳам йўқ қилади ва Аллоҳнинг исми шарофатидан бу таомда улар Аллоҳнинг лутфини кўрадилар, улар бу таомда Аллоҳнинг уларга берган фазилатлари, сиру синоатларига беҳисоб ҳамд айтадилар ва бу ҳамдга Аллоҳ таолонинг ҳамди қўшилганига бирор-бир нарса тенг кела олмайди. Бу икки ҳолат, яъни шукр қилиб таомланувчи ва сабр билан рўза тутувчи ўртасидаги фарқни ақл эгалари жуда яхши фарқлайдилар.

 

 

Абу Абдуллоҳ Ҳаким ТЕРМИЗИЙнинг

“Орифлар тасаллиси” сайланмасидан

Асар “Мовароуннаҳр” нашриётида чоп этилган.

Нашриётдан харид нархи 18000 сўм