Мақолалар

Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) дуолари сабабли Ибн Аббос (розияллоҳу анҳу) умматнинг энг доносига айланди

Чоп этилди Yanvar 20, 2020 Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) дуолари сабабли Ибн Аббос (розияллоҳу анҳу) умматнинг энг доносига айландиda fikr bildirishni o'chirish

Ибн Аббос (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади: «Расулул­лоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳожатга кирдилар. У зот­нинг таҳорат қилишлари учун сув келтирилди. Расулул­лоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Буни ким қилди?” деб сўрадилар. Саҳобалар: “Ибн Аббос!” деб жавоб бердилар. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Аллоҳим, уни динда фақиҳ қилгин”, деб дуо қилдилар»[1].

Ибн Аббос (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади: «Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) қўлларини елкамга қўйиб: “Аллоҳим, уни динда фақиҳ қилгин ва унга (Қуръон) таъвилини[2] билдиргин”, дедилар»[3].

Аллоҳ таоло расули Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) амакиларининг ўғли Абдуллоҳ ибн Аббос ҳақига қилган дуоларини ижобат қилди. Ибн Аббос (розияллоҳу анҳу) тўғри йўл кўрсатувчи, шариат илмлари бобида тутган йўлига эргашиладиган имом бўлиб вояга етди. Жумладан, тафсир илми соҳасида тенги йўқ олим бўлди. Ибн Аббос (розияллоҳу анҳу) саҳобалар тарафидан келган илмлар интиҳоси бўлиб, амакисининг ўғли Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг сўзларини ўзида мужассам этган эди.

Абдуллоҳ ибн Масъуд (розияллоҳу анҳу) деди: «Агар Ибн Аббос бизнинг ёшимизга етса, орамиздан бирор кимса унга (илмда) баробар бўла олмайди. Ибн Аббос Қуръонни тафсир қилувчиларнинг энг яхшисидир»[4].

Ҳақиқатда ҳам Ибн Аббос Абдуллоҳ ибн Масъуддан ўттиз йиллардан кейин вафот этди. Унинг мана шу муддат давомидаги хислатларига нима дейсиз? Айтишларича, Ибн Аббос арафа кунларида одамларга хутба ўқиб маъруза қилди. Уларга “Бақара” сурасини тафсир қилиб берди. Ибн Аббос бу сурани шундай тафсир этдики, агар румликлар, турклар ва дайламликлар эшитганида, албатта, Исломни қабул қилар эди. Аллоҳ таоло ундан рози бўлсин ва уни ҳам ўзидан рози қилсин.

[1] Саҳиҳ ҳадис. Имом Бухорий. Саҳиҳи Бухорий. Таҳорат боби.

[2] Яъни, Қуръон маъноларини тафсир қилиш илмини.

[3] Саҳиҳ ҳадис. Имом Ҳоким. Ал-Мустадрак. 3-жуз, 534-ҳадис. Имом Байҳақий. “ад-Далоил”, 6-жуз, 192-ҳадис.

[4] Имом Ҳоким. Ал-Мустадрак. 3-жуз, 537-ҳадис.

 

 

Усмонхон АЛИМОВнинг

“Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) мўъжизалари” китобидан

Асар “Мовароуннаҳр” нашриётида чоп этилган.