Гўзаллик

Япон аёлларининг гўзаллик сирлари

Чоп этилди Fevral 8, 2019 Япон аёлларининг гўзаллик сирлариda fikr bildirishni o'chirish

Япон аёллари ҳақиқатдан ҳам кунчиқар мамлакат мўъжизаларидан бири ҳисобланади: улар ўттиз ёшда 17 ёш, элликда эса ўттиз ёшга киргандек кўринади. Кимлардир япон аёлларининг тиниқ юзларини табиат туҳфаси деб атаса, яна кимлардир бу алоҳида парвариш натижаси деб ҳисоблайди.

Албатта генетика масаласида баҳслашиб бўлмайди, бироқ япон аёллари доим ёш ва тетик кўринишга ёрдам берувчи бир қатор гўзаллик таомилларига эга.

Тозалаш ва намлантириш японча тери парваришининг калит сўзларидир. Қуйида терини япон аёллари каби тозалашнинг бир нечта рецептини эътиборингизга ҳавола этамиз.

Массаж элементларига эга тозалаш

  1. Тозаловчи воситани бармоқларда яхшилаб иситиб, юзнинг бешта нуқтасига суриш керак: яноқлар, пешона, бурун ва ияк.
  2. Сўнгра ҳар иккала қўл бармоқлари билан воситани иякдан қулоқларга қараб тақсимлаш.
  3. Кафт ёрдамида воситани бурундан яноқлар орқали қулоқларга ва кўзнинг ички бурчакларидан чаккага қараб тақсимлаш.
  4. Бармоқлар ёрдамида воситани бурун учидан қаншарга, сўнгра кафтлар билан пешона ўртасидан ҳар иккала томонга суриш.

Юзни чуқур тозалаш

Юзни ювгандан сўнг унга иссиқ сувда намланган сочиқни қўйиб туринг ва тери парланишини кутинг. Шундан сўнг пилинг воситасини суринг. Пилинг устидан душ учун шaпкачани юзингизга кийинг. Нафас олиш учун тешикча очишни унутманг. Пилингни 10—15 дақиқа тутиб туриб, сўнгра юзни массаж қилинг ва илиқ сув билан чайинг.

Контраст компресслар

Улар қон айланишини яхшилаш ва юзни «жонлантириш» учун қўлланади. Юзни ювгандан кейин унга дастлаб иссиқ сувда намланган сочиқни совигунга қадар, сўнгра совуқ сувда намланган сочиқ тутиб турилади. Бу ҳаракатни 2—3 марта қайтариш талаб этилади.