Мақолалар

Салавотни тўлиқ йўллайлик

Чоп этилди Yanvar 21, 2020 Салавотни тўлиқ йўллайликda fikr bildirishni o'chirish

Имом Нававий раҳимаҳуллоҳ “Саҳиҳул Муслим”нинг шарҳида қуйидагиларни ёзади:

“Расулуллоҳнинг исмлари ёзилганда “соллаллоҳу алайҳи ва саллам” иборасини қисқартирмай тўлиқ ҳолда қўшиб ёзиш мустаҳаб саналади. Шунингдек, “алайҳиссалом”, “салавот бўлсин” каби ибораларнинг ўзини ёзиш етарли эмас”.

Демак, Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг номлари зикр қилинганда (сав) ёки (ас) каби қисқартмалардан фойдаланмаган маъқул. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга бўлган муҳаббат ва эҳтиром салавотни ҳам оғзаки, ҳам ёзма шаклда йўллашни тақозо этади.

Қози Иёз раҳимаҳуллоҳ “Аш-Шифо”да қуйидаги ҳадисни келтиради: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ким менга китобда (ёзма шаклда) салавот йўлласа, то номим шу китобдан ўчиб кетмагунича фаришталар унга истиғфор айтишдан тўхтамайди”.

Шу сабабли Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг исмларини ёзганда ҳам оғзаки, ҳам ёзма шаклда салавот йўллаш суннат ҳисобланади.

Муфтий Муҳаммад ибн Адам КАВСАРИЙ