Аёллар

Аёлнинг меҳри ва тадбири

Чоп этилди Fevral 10, 2019 Аёлнинг меҳри ва тадбириda fikr bildirishni o'chirish

Олис сафарга йўл олган бир киши анча масофа юриб ҳолдан тойибди. Жазирамада суви тугаб, ташналик азобига дош беролмай қолгач, дуч келган бир хонадон эшигини қоқибди. Ичкаридан нуроний бир аёлнинг чорлови эшитилгач, остона ҳатлаб кирибди ва бир косагина сув беришини сўрабди. Юзидан нур ёғилиб турган аёл эса, у сўзини якунламай ошхона томон кетибди. Меҳмонга олиб келаётган бир коса сувни энди узатаман деганида бехос оёғи тойиб, йиқилибди-ю, сувни тўкиб юборибди. Қилган ишидан минг хижолат тортиб, яна сув олиб келибди. Чанқоғини босган мусофир раҳмат айтиб, чиқиб кетаётган маҳал кекса аёл қилган иши учун узр сўрабди. Оёғи бехос тойиб кетмагани, балки атайин сувни тўкиб юборганини айтибди. Меҳмоннинг юзидаги таажжубни кўриб, буни шундай изоҳлабди: «Аслида қуёш тиғида терлаб кириб келгани­нгизни кўриб, муздек сув саломатлигингизга салбий таъсир кўрсатишини тушундим. Агар бироз шошманг, нафас ростлаб олинг, десам, ҳурматсизлик бўларди. Танангиз ҳарна совиб олсин, мен берган сув соғлиғингизга зарар қилмасин, дедим».