Мақолалар

Одамийлик мезони нима?

Чоп этилди Yanvar 23, 2020 Одамийлик мезони нима?da fikr bildirishni o'chirish

Одамзот баъзан фаришталарнинг ҳавасини келтирадиган даражада юксак, баъзан ҳайвондан ҳам паст… Тупроқдан яралган, яна тупроққа айланадиган инсоннинг ёмғирдан кейин таралган ер ҳидига сархуш бўлиши бежиз эмас. Ўсимликлар, жониворлар, сув, ҳаво – ҳаммаси бир-бири билан ўзаро муносабатда. Тупроқ буларнинг бари билан ҳасбиҳол этаркан, тупроқдан яралган одамзотнинг бундан ғафлатдалиги ажабланарлидир.

Макка фатҳига кетаётиб эмадиган болалари бўлган итни кўриб, қўшин ўтиб кетгунича уларни қўриқлаб туришни Жуайл ибн Суроқага топширган мушфиқ Пайғамбарнинг умматимиз (Воқидий, “Мағозий”). Бироқ биз атрофимиздаги жониворларга шафқат кўрсатишни беҳуда иш биладиган, жаҳли чиқиб қолса, итгами, мушукками тош отиб, қақшатиб ғазабидан тушадиган одамларга айланиб қолганмиз…

Севикли Пайғамбаримиз алайҳиссалом: “Агар қиёмат қойим бўлиб қолса ва биронтангизнинг қўлида хурмо дарахти бўлса, уни экиб қўйсин” (Имом Аҳмад ривояти), деб буюрганлари, ҳавосизликка бир неча дақиқагина чидай олганимиз ҳолда дарахтларни шуурли-шуурсиз кесиб оворамиз. Натижада катта-катта ўрмонлар ер юзидан йўқолиб бормоқда.

Ватанпарварлик фақат жанг майдонларида жасорат кўрсатиш эмас, юртнинг ҳар гиёҳи, ҳар заррасини авайлаш эканини унутдик.

Раббимиз “…овозингни паст қилгин” (Луқмон сураси, 19-оят), деб огоҳлантираркан, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Вадо хутбасида: “Зулм ҳам қилманг, зулмга ҳам учраманг!” деб охирги гапларини айтарканлар, шовқин-сурондан тўхтаган жойимиз йўқ. Беморлар, дам олаётганлар, ибодат қилаётганлар бўлса нима, бугуннинг одамларига жўшқинлик маъқул…

“Одамийликка нима қўшдик?” дейиш ўрнига “Овқатга нима қўшсак, яхши бўларкин?” деган савол устида бош қотирадиган бўлдик. Қоринларимиз тўйса ҳам, кўзимиз оч. Ваҳоланки, шўрванинг сувини кўпайтириб, қўшнини икром қилишга буюрилганмиз. Бироқ бизнинг баҳонамиз кўп: “Ўзи овқатим камгина эди”; “Бошқаларга бераман деб, уйимдагиларни оч қолдиришим тўғрими?” Аксарият ўша бировдан қизғаниб олиб қолган егуликларимизнинг роҳатини ит, товуқ, қўй кўриши ҳам бор гап…

Айтаверсак гап кўп. Худо ҳаммамизга инсоф, тавфиқ берсин. Табиат билан бир бутунлигимизни англаб, шунга кўра ҳаракат қилишимиз кераклигини Ўзи тушунтирсин.

Зумрад Фозилжон қизи

“Ислом нури” газетасининг 2019 йил, 24-сонидан