Мақолалар

РУҒБ – КЎП ОВҚАТ ЕЙИШ БОРАСИДА АЛЛОҲДАН ПАНОҲ СЎРАШ ҲАҚИДА

Чоп этилди Yanvar 23, 2020 РУҒБ – КЎП ОВҚАТ ЕЙИШ БОРАСИДА АЛЛОҲДАН ПАНОҲ СЎРАШ ҲАҚИДАda fikr bildirishni o'chirish

Абу Саид Худрий (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинишича, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) марҳамат қилдилар: “Аллоҳдан руғб хусусида паноҳ сўранг”. (Ҳадис ровийларидан бирининг) қизи руғбли эди, қарғалган эди, вафот этиб қолди.

Абу Абдуллоҳ деди: Руғб – бу тўйганлик ҳисси йўқолиб, кўп овқат ейишдир. Ҳаттоки бундай киши бир кунда бир неча бор (қорин тўйдириш учун) ҳафсала қилишига тўғри келади. Зеро, ҳирси уни маҳв этган. Ҳирс оловининг иссиқ ҳарорати ейилган таомни ҳазм қилиб юборади. Унинг рутубатини кетказиб, қуришини тезлатади ва натижада у (ейилган овқат)нинг чиқиндига айланиши тезлашади. Ҳадиснинг бошқа бир ривоятида эса, Пайғамбар (алайҳиссалом): “Руғб (кўп овқат ейишлик) – бахтсизликдир” деганлар, деб зиёда қилинади. Зеро, ушбу бахтсизликни ғолиб ҳирснинг ловуллаган олови чақиради. Таомга ҳирс қўйиш нафснинг очкўзлигидандир. Агар нафс оч бўлса, у эгасини йўлдан уради. Аллоҳ одамзодни шундай шаҳват ва лаззатлар билан имтиҳон қилади. Нафснинг очлиги банданинг Аллоҳдан насибаси камлиги, қалби ундан йироқлигидан юзага келади. Баъзи нафсларнинг очкўзлиги қорин тўлдиришга мо­йил бўлади, баъзилари эса фаржини қондиришга мо­йил бўлади. Шунга кўра, одамларнинг бирини қорнига мафтун бўлиб, ҳалқум роҳати тинч қўймай нима бўлса ютиб юбораётганини кўрасан. Бошқаси эса фаржини қондиришга мубтало, фикру зикри шу масалада. Агар ёши катталиги ёки заифлиги туфайли қондиришга ожиз бўлиб қолса, қалби ҳазин, тили шалоқ, кўзлари эса хиёнаткорона илинжда турганини кўрасан. Бу борада Расули Акрамдан ривоят қилинади, у зотдан: “Одамларни жаннатга кўпроқ киритадиган нарса нимадир?” деб сўрадилар. Расули Акрам марҳамат қилдиларки: “Аллоҳга тақводорлик ва ҳусни хулқ”. Шунда яна сўрадиларки, “Одамларни дўзахга кўпроқ киритадиган нарса нима?”.

Дедилар: “Икки бўшлиқ: қорин ва фарж”. Абу Абдуллоҳ Термизий деди: Ушбу ривоятнинг тасдиғи сифатида Аллоҳ Азза ва Жалланинг китобида ҳам оят келган:
«Кофир бўлган кимсалар дўзахга дучор қилинадиган кунда (уларга дейилур): “Сизлар ўз ҳузур-ҳаловатларингизни дунёдаги ҳаётингиздаёқ кетказдингиз ва улардан фойдаланиб бўлдингиз. Энди, бугун у ерда ноҳақ кибр қилганингиз ва фосиқ бўлганингиз сабабли, хорлик азоби билан жазоланурсиз”» (Аҳқоф, 20).

Аллоҳ таоло кофирларни мўминлар ҳузурида шарманда қилади. Уларни куфр келтирганлари учун уялтирмайди, балки улар бу дунё лаззатларидан қорин ва фаржлари билан парҳезкорликсиз ва шукронасиз ҳузурланганлари учун шармисор қилади. Лаззатлар эса нафс ором оладиган шаҳватлардир. Буларнинг бари ҳирсдан. Аллоҳ таоло расуллари тилларида бундан огоҳлантирган: Абу Ҳурайрадан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) шундай деганлар: “Одамдаги энг ёмон нарса – хавотирли бахиллик ва ўта қўрқоқликдир”.

Абу Абдуллоҳ деди: “Хавотирли бахиллик бизнинг наздимизда ҳирс бўлиб, унинг одам ичида ёқилғиси бор. Унинг эгаси ҳеч тўймайди. Ўта қўрқоқлик эса шуки, хавф-хатар вақтида қўрқув ва ёмон гумондан ваҳима отиб бораверади. Ҳаттоки, қалб гўёки суғуриб олингандек ўрнидан кўчиб, осилиб қолади.

“Руғб” – “рағбат” сўзидан ясалган бўлиб, рағбатнинг бир бўлагидир. Рағбат эса куфр ахлоқларидан биридир. Бу ҳақда Ваҳб Мунаббаҳ шундай деган: “Ҳикматда шундай деб битилганини кўрдим: “Куфр тўрт аркон устига қурилган: рағбат, қўрқув-ваҳима, шаҳват ва ғазаб”.

Абу Абдуллоҳ деди: “Ваҳб ибн Мунаббаҳнинг гапига кўра, рағбат куфрнинг тўртдан биридир. Мўмин руғб қилмайди (яъни кўп емайди), балки эҳтиёжига яраша тановул қилади (керак миқдорда ейди), мўмин таомдан лаззат-ҳузур қилмайди, балки захира қилади. Зеро, у қайта тирилишга имон келтирган, Раббиси ҳузурига йўл олган мусофир бўлиб, бу дунёдан нимани олса, Раббисига олиб борадиган ўлим етгунга қадар босиб ўтиши керак масофа учун захира озуқаси қилиб олади. Кофир эса бу дунёга, унинг неъматларига суянади, қайта тирилишга ишонмайди. Аллоҳ ҳузурига бораётганидан хотиржам ҳам бўлмайди, зеро у тавҳид маърифатидан бебаҳра, шунинг учун Ундан умид ҳам қилмайди”. Мўминлар эса тавҳидлари туфайли кўзлари Аллоҳ Азза ва Жаллага улкан умид ва беқиёс ишонч билан боқади. Чунки тавҳиднинг моҳияти ҳам шуни тақозо қилиб, бандада бундай сифатларни тарбиялайди.

Бир киши сўради: “У (тавҳид)нинг ичида нима бор?” Жавоб қайтарди: “Умумий қилиб айтайми ёки батафсил қилибми?” Деди: “Умумлаштириб мухтасар қил”. Деди: “Ҳар бир мўминнинг тавҳиди замирида Аллоҳга муҳаббат ётади. Мўминнинг муҳаббати то банда улкан умид ва беқиёс ишонч билан Аллоҳга кўз тикмагунча, уни тинч қўймайди. Бу дунёда нафсингда яхши кўрган кимсага боғланиб қоласан, унга ишонч ҳис этасан. Шунинг миқдорида унга нисабатан умид ва ишонч туя-
сан. Раббимиз банда вафо қилишига энг ҳақли Зотдир. Шунинг учун ҳам Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Одам боласи қориндан ёмонроқ идишни тўлдирмаган. Одам боласи луқмачалар унинг гавдасини тутиб туради деб ўйлайди. Агар зарурият бўлса, қориннинг учдан бири таом, учдан бири шароб, учдан бири нафас учундир” дедилар. Миқдом ибн Муад деди: Расулуллоҳ (алайҳиссалом) бу ҳақда (юқоридаги ҳадисни) гапирганларини эшитганман. Ва яна Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) Абу Жуҳайфа кекириб юборганида, шундай дедилар: “Эй Абу Жуҳайфа, кекиришингни камайтир, зеро қиёмат куни энг оч-наҳор кимсалар бу дунёда энг тўқ юрган кишилардир”.

Шунинг учун ҳам Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) дердилар: “Тўқлик куфрон отасидир”. Чунки инсоннинг тўйиб кетишидан димоғдорлик, ношукрлик келиб чиқиб, буларнинг ортидан эса инсон жабр-ситам ўтказади ва кибрга кетади. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)дан ривоят қилинган яна бир ҳадисда “Аллоҳ таоло мусулмон умматидан кам овқатла­надиганларни яхши кўради”, дейилган.

Яҳё ибн Закариё (алайҳиссалом)дан ривоят қилинади. У Иблисга шундай деди: “Сен мендан бирор насиба олдингми?” Иблис жавоб берди: “Йўқ, эҳтимол тўйиб олганингда намозга оғринарсан”. Шунда Яҳё (алайҳиссалом) Аллоҳга бу дунёдан ўтгунга қадар тўйиб емасликка аҳд қилди. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳам руғбдан биз юқорида зикр қилган офатлардан омонда бўлиш учун буюрганлар. Аллоҳ билгувчироқдир.

 

 

Абу Абдуллоҳ Ҳаким ТЕРМИЗИЙнинг

“Орифлар тасаллиси” сайланмасидан

Асар “Мовароуннаҳр” нашриётида чоп этилган.

Нашриётдан харид нархи 18000 сўм