Мақолалар

Ўқитувчи “олади”(ми?), ота-она “беради”(ми?)

Чоп этилди Yanvar 23, 2020 Ўқитувчи “олади”(ми?), ота-она “беради”(ми?)da fikr bildirishni o'chirish

Умумтаълим мактаблари, мактабгача таълим ташкилотида йиғ-йиғлару фондлар, кўз кўриб, қулоқ эшитмаган орзу-ҳавасли хоналар, совға-саломлар, телевизор, кулер ҳақида тез-тез сўз боради. Лекин маълумки, турли таъмирлаш, макулатура, металлолом, синф фонди, тозаликка, ҳужжатлар нусхаси, байрамлару туғилган кунларга, хуллас, ҳар қандай олди-бердилар тақиқланган.

Билишингиз муҳим бўлган бир жиҳат бор, эҳтимол бу ҳақда эшитиб, гувоҳи ҳам бўлгандирсиз. Ота-оналар мажлиси, телеграмдаги группаларда ҳар бир фикр алмашинув ҳомийлик ёрдами бериш инсонийлик бурчи ҳисобланади, деган сўзлар билан бошланиб, ҳомийлик қилиш ўз фарзандимиз келажаги учун, деб якунланадиган бўлиб қолди. Одатий мажлисларнинг, йиғ-йиғнинг янгича тури бу.

Ҳа, албатта, бу жараёнга ўқитувчилар аралашмайди. Ахир унинг игнача гапларини туяча қилиб, етказувчи “ота-оналар қўмитаси раиси” бор-ку.

Маълумки, яқинда Ватан ҳимоячилари куни байрамини нишонладик. Барча таълим масканларида кўтаринки руҳда ўтган байрамда, албатта, мард ва жасур йигитларимиз, ҳимоячиларимиз, суянч қалқонларимиз, ҳатто кичик фарзандларимизни ҳам табрикладик. Совға-саломлар қилдик.

Шу байрам атрофидаги “деди-деди-ю, бер-берлар” ҳақида телеграмимга шу мазмундаги хабар келиб тушди.

“Ўғлим 6-синф, қизим эса 3-синфда ўқийди. Байрамда қизим синфдош болага олиб борадиган совғасини уйда қолдириб кетибди. Пул йиғишга ҳамма ота-она кўнмагани учун қизларимиздан ўғил болалар учун қўлимиздан келганча совғаларни бериб юборишимиз керак эди. Синфда ўғил болаларга қизлар олиб борган совғалар берилгач, устози қизимдан нега совға олиб келмаганини сўрабди. Унинг гапига ишонмай, жавобига қаноат ҳам қилмай, юқори синфда ўқийдиган акасини чақириб, дакки берибди. Ўқувчиларнинг олдида изза қилибди. Ўғлим жуда хафа бўлиб келди, қизим ҳам… Эртаси куни бервордим, албатта. Баъзи оналар телефон қилиб, 8 мартда хафа бўлиб қолмайсизми?…, дейишгача борди.”

Эҳ, устозлар, эҳ, ота-оналар…

Давлатимиз раҳбари умумий ўрта таълим тизимини ислоҳ қилиш ва ривожлантириш масалаларига бағишланган йиғилиш ўтказган эди. Унда ўқитувчилар болалар билан ишлаш ўрнига, ота-оналардан пул йиғиш, турли текширувчи комиссияларни «рози қилиш» билан овора бўлиб қолгани, бу эса ўқувчиларнинг қаровсиз қолиши, тарбияси бузилиши ва айрим ҳолларда турли зарарли оқимларга қўшилиши ҳолатларини келтириб чиқараётгани танқид қилинган эди.

Шундан сўнг, умумий ўрта таълим соҳасидаги ислоҳотларни жадаллаштириш, таълим сифатини кескин яхшилаш, ўқитувчилар обрўсини ошириш, ахборот-коммуникация технологияларини кенг жорий этиш, ўқув-тарбиявий ва бошқарув жараёнларини такомиллаштириш, педагог масъулиятини ошириш йўлида изчил ислоҳотлар амалга ошириляпти.

Лекин…

Шу лекин сўзининг ортида яшириниб ётган муаммолар, тушунмовчиликлар, камчиликлар қалбимизни озорлайди. Фарзандларимиз тақдиридан ташвишланишга мажбур этади.

– Бизда пул йиғди-йиғдиларига ўқитувчиси аралашмайди, – дейди пойтахтлик Моҳира Қаюмова. – Фаол оналар бор. Бермасак ҳам ҳеч нарса дейишмайди. Лекин қилсак ўз боламиз учун қилибмиз, деб айтишгандан кейин ҳамма беради. Ҳомийлик ёрдами бу деб йиғилади. Аммо имконияти етмайдиганлар ҳам эртага ота-она ва ўқитувчи боласини “қўлини бигиз қилиб” кўрсатмаслиги учун рози бўлади. Қизим бошланғич синфда ўқийди. Дарсдан кейин баъзи кунлари қўшимча дарсларга қолади (кунига беш минг сўм). Қизимнинг айтишича, устози керакли фандан доскага ёзиб берар экан, ўқувчилар кўчирар экан. Билишимча, қўшимчада ҳеч нарса тушунтирилмайди. Қўшимча меҳнат пуллик бўлиши табиий ҳол. Тушунаман. Лекин фарзандимиз учун сарфлаётган сармоямиз ҳавога учмаяптими, деб ўйлаб қоламан.

Буёғи қандоқ бўлди?

– Йиғ-йиғлар расман тақиқланди, аммо ҳомийлик қилиш “шарт”, – дейди Шарофат ая Мирзақодирова. – Буни ҳар ота-оналар мажлисида ҳис этиб турамиз. Неварамнинг мажлисларига ўзим бораман, шунинг учун бу каби ишларнинг ичидаман. Албатта, барчамиз фарзандимизнинг тоза-озода ва ҳар томонлама қулайликларга эга синфда ўқишини истаймиз. Куни кеча оналар ўртасида гап чиқди: “Синф учун ё телевизор ёки кулер олиш керак эмиш…” Байрамлару, ўқитувчининг туғилган кунига “кўнглимдан чиқариб қилдим”, деб совға-салом қиладиганларнику гапирмасаям бўлади. Битта-иккита одам шундай қилгач, қовун қовундан ранг олмайдими? Мактабгача таълим муассасасига ҳам кичик неварам боради. Байрамда “келинглар, пул йиғиб устозига совға қилиб пулни бериб қўя қоламиз” дейишди. Шунда бир ёш келинчак “сиз бугун пулу совға-салом қилиб қўлга ўргатиб қўйсангиз, имкониятимиз бор, биз берармиз, аммо бу иллатни одатга айлантириб қўймаймизми?” деди. Бу ҳақ гап.

Таълим, хусусан, мактабгача таълим ва умумтаълим мактабларидаги жараёнлар ҳаётимиз билан чамбарчас боғлиқ. Шу боис ўйлаб кўринг, биз “бераяпмиз”, у “олаяпти” ва кейин “сўраяпти”. Шундай экан, коррупциянинг илдиз отишида ўзимиз айбдормизми?

Барно МЕЛИҚУЛОВА, ЎзА