Ўзбекистон янгиликлари

Цивилизациялар мулоқоти – тараққиёт кафолати

Чоп этилди Yanvar 23, 2020 Цивилизациялар мулоқоти – тараққиёт кафолатиda fikr bildirishni o'chirish

Куни кеча Тошкентдаги Wyndham Tashkent Hotel меҳмонхонаси мажлислар залида “Цивилизациялар мулоқоти: глобализация даврида ҳамжиҳатликни ва анъанавий қадриятларни сақлаш” мавзусида илмий-амалий семинар бўлиб ўтди. Семинар Ўзбекистонда Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг халқ дипломатияси маркази, Германиянинг Конрад Аденауэр жамғармаси Марказий Осиёдаги минтақавий ваколатхонаси ҳамда Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази ҳамкорлигида ташкил этилди.
Семинарнинг бош мажлисида сўзга чиққан ШОС ташкилоти ҳузуридаги Халқ дипломатияси маркази директори Р.Назаров, БМТнинг Тошкентдаги вакили элчи Хелен Фрезер жаноби олиялари, Европа Иттифоқининг Тошкентдаги вакили элчи Ж.Мак Грегор, К.Аденауэр жамғармасининг вакили Р.Хайне, Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги бошқарма бошлиғи Р.Нуримбетов ва Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази раҳбари Ш.Миноваров глобаллашаётган дунёда цивилизациялар мулоқотининг ўзига хос томонлари, тинчликни сақлаш ва тараққиётни таъминлашда миллий маданий ва диний қадриятларга эътибор қаратишнинг муҳимлиги, қадриятларни сақлаш ва ҳурмат қилиш, динлараро ва миллатлараро тотувлик ҳамда бағрикенглик соҳаларида Ўзбекистон тажрибаси масалаларига алоҳида тўхталдилар.
Халқаро ташкилотларнинг юртимиздаги вакиллари динлараро ва миллатлараро тотувликни таъминлашда Ўзбекистон тажрибасига юқори баҳо бердилар.
Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази директори Ш.Миноваров ўз сўзида Ўзбекистонда диний бағрикенглик ва конфессиялараро ҳамкорликни мустаҳкамлаш бўйича олиб борилаётган эътироф ва эътиборга лойиқ ишлар хусусида маълумот берди. У Ўзбекистонда диний бағрикенглик ва миллатлараро дўстлик анъанавий экани, бугунги шароитда миллатлараро тотувлик ва конфессиялараро бағрикенгликни таъминлаш нафақат Ўзбекистон, балки дунёдаги барча мамлакатлар учун долзарб масала эканини, ҳеч қайси бир цивилизациянинг устунликни, ягоналикни даъво қилишга ҳақи йўқ эканини таъкидлади.
Марказ директорининг илмий ишлар бўйича ўринбосари Шайх Абдулазиз Мансур ислом цивилизацияси ривожига беқиёс ҳисса қўшган юртимиз алломаларининг илмий ва маънавий мероси тўғрисида, уларнинг илм йўлидаги ўзаро ҳамкорликлари ҳамда бошқа дин ва миллат вакилларига нисбатан бағрикенгликлари ҳақида ўз мулоҳазаларини билдирди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари Иброҳимжон Иномов Ислом дини тарихи ва манбаларида ифода этилган диний бағрикенглик тамойиллари тўғрисида нутқ қилди.
Илмий-амалий семинар ишида Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги, Ўзбекистон мусулмонлари идораси, Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази, диний конфессияларнинг раҳбарлари, нодавлат ташкилотлар вакиллари, соҳа мутахассислари, журналистлар иштирок этдилар ва фикр алмашдилар.

 

Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази матбуот хизмати