Мақолалар

Салавотсиз тарқалган мажлис надоматдир

Чоп этилди Fevral 9, 2019 Салавотсиз тарқалган мажлис надоматдирda fikr bildirishni o'chirish

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Ҳузурида номим тилга олинганда менга салавот айтмаган кимса ҳақиқий бахилдир», дедилар.

Имом Термизий Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Кимнинг ҳузурида зикр қилинсам-у, менга салавот айтмаса, бурни ерга ишқалансин», дедилар.

Имом Термизий Али розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Ҳузурида зикр қилинганимда менга салавот айтмаган кимса ҳақиқий бахилдир», дедилар.

Имом Абдурраззоқ Маъмардан, у Қатодадан келтирган ривоятда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Бир кишининг ҳузурида зикр қилинсам-у, у менга салавот айтмаса, бу бевафоликдандир», дедилар.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Қайси бир қавм мажлис қуриб ўтирса-ю, сўнгра Аллоҳни зикр қилмай, Набийга салавот айтмай тарқалса, уларга Аллоҳ томонидан зарар етиши бор. Хоҳласа азоблайди, хоҳласа кечиради», дедилар.

Имом Байҳақий ва Саъид ибн Мансур Абу Саъид Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Бир қавм бир жойда жамланса-ю, Набий алайҳиссаломга салавот айтмаса, бу ўтириш уларга (қиёматда) надомат бўлади», дедилар.

Имом Термизий баъзи аҳли илмлардан нақл қилиб айтади: «Киши бир мажлисда бир марта салавот айтса, ўша мажлис учун кифоя қилади».