Саломатлик

Қазғоқдан қутулинг

Чоп этилди Fevral 8, 2019 Қазғоқдан қутулингda fikr bildirishni o'chirish

Танада ёғ алмашинуви бузилиши (теридаги ёғ миқдори, ҳолати тананинг умумий аҳволи, эндокрин, асаб, меъда-ҳазм қилиш тизими, жинс ва ёш, шунингдек, инсоннинг қандай касалликлар билан оғригани), дерматозлар, стресс, рух етишмовчилиги, сочга мос бўлмаган шампундан фойдаланиш, сочни қайноқ сувда ювиш ва гормонал ўзгаришлар  қазғоқ пайдо қилади.

Қуйидаги рецептлар ёрдамида сочда қазғоқ кўпайишининг олдини олиш мумкин:

Қичитқи ўт (газанда). Янги узилган ёки қуруқ газанда баргини эзғилаб, 1 стакан қайноқ сувга солиб, бир кунга дамлаб қўйинг ва эртаси куни суюқликни докадан сузиб олинг. Дамламани 2 ой давомида ҳафтада 2 марта бош терисига суриш лозим.

Асал. Бир чой қошиқдан асал, сметана, канакунжут мойи ва икки бўлак эзилган саримсоқпиёзни аралаштиринг. Ундан ҳафтада бир марта фойдаланиш мумкин.

Лимон шарбати. Яримта лимонни сиқиб, шарбатини ажратиб олинг. Канакунжут, зайтун ва кунгабоқар ёғидан бир чой қошиқдан олиб, лимон шарбатига аралаштиринг. Ушбу аралашмани соч ювишдан ярим соат олдин сочларингизга суринг.

Лимон пўстлоғи. 6 дона лимон меваси пўстлоғини ажратиб олиб, 1 литр сувга солинг. Аралашмани 15 дақиқа қайнатиш лозим, оловни ўчириб, дамламани совутинг, докада сувни сузиб олинг. Ушбу дамламада сочларингизни ҳафтада бир марта ювишингиз мумкин.

Ёғли қазғоқ бўлса ёки соч тўкилса, бош терисига ҳафтада 2-3 марта календуланинг спиртли дамламаси суриш мумкин. Сочлар сочиқ билан ўралиб, 30 дақиқадан сўнг илиқ сувда ювилади.

Зайтун ёғи. Тўрт ош қошиқ зайтун ёғини қиздириб, унга яримта лимондан олинган шарбатни аралаштиринг. Илиқ массани бош терисига суринг. Бир соатдан сўнг сочларингизни одатий ҳароратдаги сувда ювиб олишингиз мумкин.

Агар фойда бермаса…

Агарда, юқоридаги рецептлар қазғоқларни йўқотишга ёрдам бермаса, фойдаланаётган шампунингизни алмаштиринг. Улар, эҳтимол сочларингиз, бош терингизни керагидан ортиқча қуритиб ёки намлантириб юбораётгандир.

Доимо катта-катта шаклдаги қазғоқлар сизни безовта қилса, дерматологга мурожаат қилинг: қазғоқларни тери замбуруғ касалликлари чақирган бўлиши ҳам мумкин.

Қазғоқдан умрбод қутулишнинг иложи йўқ, тери муайян вақт ичида янгиланиб туриши одатий ҳаётий жараёндир. Бироқ уларни юқоридаги рецептлар ёки мутахассис маслаҳати ва кўмаги билан камайтириш мумкин.