Мақолалар

Чиройли амал қилиш

Чоп этилди Yanvar 24, 2020 Чиройли амал қилишda fikr bildirishni o'chirish

Аллоҳ учун севикли банда бўлиш учун киши солиҳ амаллар қилиши керак. Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) асҳобларига мурожаат қилиб: “Сизларга энг яхшиларинг кимлигини айтайми?” дедилар. Асҳоблар: “Ҳа”, деб жавоб беришди. Жанобимиз (алайҳиссалом): “Энг яхшиларинг умри узун бўлиб, амаллари чиройли бўлганларингдир”, деб марҳамат қилдилар. Чиройли амал энг яхши шаклда, маромига етказиб бажарилган амалдир. Комил мўмин ҳар қандай ишни энг гўзал шаклда амалга оширади. Зеро, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Аллоҳ таоло бирор киши бир иш қилса, маромига етказишини хуш кўради”, дедилар. Ишларни гўзал қилиб бажариш, Аллоҳ таоло доимо кўриб турганини мушоҳада қилиш ва Уни ёдда тутиш билан ҳосил бўлади. Муҳими, Аллоҳ кўриб тургандек ибодат қилишдир.

Абдуллоҳ ибн Аббос (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) қудсий ҳадисда бундай деганлар: «Албатта, Аллоҳ таоло яхши ва ёмон амал­ларни ҳам ёзиб, уни қуйидагича баён этди: “Ким бир яхшилик қилишга аҳд этса-ю, аммо амалга ошира олмаса, Аллоҳ тао­ло унинг учун Ўз ҳузурида комил яхшилик қилди, деб ёзиб қўяди. Агар яхшилик қилишга қарор бериб, уни амалга оширса, унга Аллоҳ таоло Ўз ҳузурида ўн савобдан етти юз савобгача, ҳатто бундан бир неча баробар кўп савоб ёзади. Агар бирор ёмонлик қилишни ўйласа-ю, уни амалга оширмаса, Аллоҳ таоло унга бир яхшилик савобини ёзади. Ёмонликни ният қилиб, уни амалга оширса, Аллоҳ таоло унга битта ёмонлик ёзади”» (Имом Бухорий ва Имом Муслим).

Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: Ра­сулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Ким бир мўминдан дунё машаққатларидан бирини аритса, Аллоҳ таоло қиёмат куни унинг машаққатларидан бирини аритади. Ким бир кам­бағалнинг ишини енгиллатса, Аллоҳ унинг бу дунё­ ва охират ишларини енгиллатади. Ким бир мусулмоннинг айбини беркитса, Аллоҳ унинг айбини дунёю охиратда беркитади. Ким илм талаби йўлини тутса, Аллоҳ унга жаннатга кириш йўлини осон қилиб қўяди. Қайси бир қавм Аллоҳнинг уйларидан бирида жам бўлиб, Аллоҳнинг Китобини тиловат қилса, уни ўрганса, албатта, уларнинг устига хотиржамлик тушади, уларни раҳмат чулғайди, фаришталар қуршаб олади ва Аллоҳ Ўз ҳузуридагилар орасида уларни зикр қилади. Кимнинг амали ўз эгасини ортга тортса, унинг насаби уни олдинга сура олмайди”, деганлар (Имом Муслим).

Абдуллоҳ ибн Умар (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг: “Эзгуликнинг энг яхшиси ўз отасининг дўстларига (отаси вафотидан кейин) яхшилик (давомли) қилишдир”, деганларини эшитдим» (Имом Термизий).

Абдуллоҳ ибн Аббос (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қи­линади. Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Сизларнинг яхшиларингиз аҳли оиласига яхшилик қилувчиларингдир ва мен ичларингиздаги ўз аҳли оиласига кўпроқ яхшилик қи­лувчиларингизман”, деганлар (Имом Термизий, Ибн Можа).

Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Сизларга яхшила­ринг ва ёмонларинг (ким эканидан) хабар берайми?” дедилар. Саҳобалар: “Ҳа, эй Аллоҳнинг расули”, дейишди. У зот бундай дедилар: “Сизларнинг яхшиларингиз яхшилиги­дан умид қилинувчи ва ёмонлигидан омонда бўли­нувчи кишидир. Ёмонларингиз эса яхшилигидан умид қилинмайдиган ва ёмонлигидан омонда бўлинмайдиган кишидир”, дедилар (Имом Термизий ва Ибн Ҳиббон).

 

Усмонхон АЛИМОВнинг

“Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг муборак васиятлари” китобидан (2-жилд)

Асар “Мовароуннаҳр” нашриётида чоп этилган.

Нашриётдан харид нархи 26 000 сўм