Мақолалар

“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам боқий дунёга кўчганларида у зот ювилган сув қаерга кетган?”

Чоп этилди Fevral 10, 2019 “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам боқий дунёга кўчганларида у зот ювилган сув қаерга кетган?”da fikr bildirishni o'chirish

Бугун улуғ олим, шайх Муҳаммад Мутаваллий Шаъровий ҳақидаги ибратли бир ҳикояни эътиборингизга ҳавола қиламиз.

Кунларнинг бирида дин шайхлари ва уламоларидан бири бошчилигида исломий анжуман уюштирилди.

Бу анжуманга шайх Шаъровий ҳам таклиф қилиндилар. Шайх Шаъровий таклифга биноан анжуманга ташриф буюриб, унинг биринчи мажлисига ҳозир бўлдилар. Анжуман бошланди. Шайх Шаъровий мажлис ҳайъатидан жой олдилар. Анжуманга раислик қилаётган киши ўзини илму маърифатда барчадан устун даражада дея мағрурланар ва бундан роҳатланар эди.

Мажлис асносида бунга гувоҳ бўлган имом Шаъровий изн сўраб, минбарга чиқдилар ва «Сизларга бир савол бераман:

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам боқий дунёга кўчганларида у зот ювилган сув қаерга кетган?» дедилар.

Мажлис аҳли кутилмаган саволдан ҳангу манг бўлиб қолди. Ҳеч кимдан садо чиқмади. Барча жим, ҳеч ким гапирмайди.

Анжуман раиси ҳижолат ва саросимада қолди. «Наҳотки мен бу саволнинг жавобини билмайман?» дея ўйларди у. Ниҳоят, раис шайх Шаъровийга: «Бизга фурсат беринг, иншаАллоҳ, эртанги мажлисгача саволингизга жавоб топамиз» деб, вазиятдан чиқди.

Мажлисга раислик қилган киши тўғри уйига борди-ю, кутубхонасига кириб, бу мушкул саволга жавоб қидира кетди. Бироқ, ҳарчанд қидирмасин, китоб титмасин, ҳеч нарса топа олмади. Ҳамма китобларини бирма-бир варақлаб чиқди, лекин бу саволга жавоб топа олмади. Ниҳоят чарчаб, варақлаб ўтирган китобининг устида ухлаб қолди.

Бир пайт тушида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам унинг олдига келдилар. У зотнинг ёнларида фонус кўтарган бир киши бор эди.

Раис дарҳол Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурларига бориб: «Эй Аллоҳнинг Расули, сиз ювилган сув қаерга кетган?» деб сўради. У зот соллаллоҳу алайҳи ва саллам ёнларида фонус кўтариб турган кишига ишора қилдилар. Фонус кўтарган киши шундай деди: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ювилган сув буғланиб, осмонга кўтарилган. Сўнг ёмғир бўлиб ерга ёққан. Бу ёмғирнинг ҳар бир қатраси ўрнида масжид бино қилинган». Маълум бўлишича, ер юзининг қаерида бўлмасин, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ювилган сувнинг ҳар бир қатраси тушган жойда бир масжид бино қилинган экан.

Анжуман раиси уйқусидан бахтиёр ҳолда уйғонди. Энди у анжуманга ёруғ юз билан бора оладиган жавобни топган эди. У шоша-пиша анжуманга етиб бориб, шайх Шаъровийнинг оғзига термулиб, кечаги саволнинг жавобини сўрашларини кутди.

Лекин шайх ҳеч нарса бўлмагандек, мажлис ҳайъатида виқор билан ўтирардилар. Раиснинг ичи пишиб, бир амаллаб мажлиснинг охиригача чидади. Ниҳоят, тоқати тоқ бўлиб, имомга деди:

– Кеча бир савол сўраган эдингиз, жавобини айтайми?

– Жавобини билдингми? – сўрадилар имом Шаъровий.

– Ҳа, – деди раис.

– Хўш, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ювилган сув қаерга кетган экан?

– Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ювилган сув буғланиб, осмонга кўтарилган. Сўнг ерга ёмғир бўлиб ёққан. Ўша ёмғирнинг ҳар қатраси ўрнида бир масжид бино бўлган, – деди раис.

– Жавобни қандай қилиб билдинг? – сўрадилар имом.

– Тушимда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам олдимга келдилар, У зотдан сўрадим.

– Лекин жавобни сенга фонус кўтарган киши айтди-ку? – дедилар кулимсираб имом Шаъровий.

Раис саросима ва ҳайратдан бир зум ҳайкалдек қотиб қолди. Сўнг ўзига келиб, беихтиёр «Буни қандай билдингиз?» деди. Шунда Шаъровий ҳаммани чексиз ҳайратда қолдириб, «Фонус кўтарган киши мен эдим!» дедилар…

Бу воқеани ўша анжуман раисининг ўзи ҳикоя қилиб берган.

Раббим, гуноҳларим ҳар қанча улуғ бўлса ҳам, афвинг улуғроқ эканлигини билдим.

 

Одинахон МУҲАММАД СОДИҚ

Манба: azon.uz