Мақолалар

Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) дуолари билан пиширилган таомнинг ҳозир бўлиши

Чоп этилди Yanvar 24, 2020 Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) дуолари билан пиширилган таомнинг ҳозир бўлишиda fikr bildirishni o'chirish

Восила ибн Асқа (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади:

«Рамазон ойи келди. Биз аҳли суффа[1] қаторида эдик. Рўза тутдик. Агар ифторлик қилиб оғиз очмоқчи бўлсак, ансорлардан бирор киши келиб ифторлик қилдириш учун бизлардан биримизни олиб кетар ва ифторлигу саҳарликни қилиб берар эди.

Бир куни тун кирганда ҳам бизни таомлантириш учун ҳеч ким келмади. Рўзадор ҳолда тонг оттирдик. Кейинги куни ҳам ҳеч ким келмади. Биз Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг ҳузурларига бордик ва ҳолатимиздан хабар бердик. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) хотинларининг ҳар бириникига ейдиган бирор нарса сўратиб одам жўнатдилар. Расу­луллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) хотинларининг ҳаммаси қасам ичиб, уйларида жигарчалик бирор егулик қолмаганини айтиб борган одамни қуруқ қайтарди­лар. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Ҳаммангиз йиғилинглар”, дедилар ва: “Аллоҳим, мен Сенинг фаз­лу раҳматингни сўрайман. Албатта, уларнинг барчаси Сенинг измингда, Сендан бошқа бирор кимса унга эга бўлолмайди”, деб дуо қилдилар.

Ҳеч вақт ўтмади ҳамки, бир киши изн сўраб, пи­ширилган қўй ва бир неча нон кўтариб кириб келди. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) таомни олишни буюрдилар, мен уни олиб ўртамизга қўйдим. Тўйгунимизча едик. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Биз Аллоҳ таолонинг фазли ва раҳматидан сўраган эдик. Бу таом унинг фазли, бизга бўлган раҳ­матини охиратга қолдирди”, дедилар»[2].

[1] Аҳли суффа – Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) замонларида “Масжиди набавий”да яшаган, уй-жойлари, оиласи, молу давлати бўл­маган ва фақат Қуръон тиловати ва зикр билан машғул ҳолда масжидда истиқомат қилишган. Улар “Аҳли Исломнинг меҳмонлари” деб ҳам аталган, чунки мусулмонлардан келган таом ва егуликлар ҳисобига кун ке­чиришган.

[2] Ҳасан ҳадис. Имом Байҳақий. “ад-Далоил”, 6-жуз, 129-ҳадис.

 

 

Усмонхон АЛИМОВнинг

“Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) мўъжизалари” китобидан

Асар “Мовароуннаҳр” нашриётида чоп этилган.