Мақолалар

Ҳасад ва унинг сабаблари

Чоп этилди Yanvar 25, 2020 Ҳасад ва унинг сабаблариda fikr bildirishni o'chirish

Ҳасад бошқа бировдаги неъматнинг кетишини ор­зу қилишдир. Бу хатарли ижтимоий иллат бўлиб, ота-она, тарбиячилар болалар гўдаклигиданоқ унга қарши даволаш чораларини кўриб бормасалар, шубҳасиз, ха­тарли таъсир ва ёмон натижа намоён бўлади. Ҳасад бир қарашда кўзга ташланавермайди. Шунинг учун одамлар фарзандларини “бундай қусурдан холи” деб, яхши гумон қилади. Шу боис тарбияга масъул кишилар болани зийраклик билан кузатиб, ундаги ҳасад туйғусини тўғри тарбия бериш ва ҳикмат ёрдамида даволашлари, бар­тараф қилишлари вожиб. Бундай усул салбий натижа, қийинчилик ва руҳий касалликларнинг олдини олади. Ҳасаддан сақланиш, уни даволаш ёки таг-томири билан йўқ қилиш йўлларини баён қилишдан олдин фарзандда ҳасад, қизғаниш, кўролмаслик оловини ёқадиган сабаб­лар хусусида сўз юритиш тўғрироқ бўлади. Бу сабаблар қуйидаги ҳолатларда мужассам ифодасини топади:

– фарзанднинг ўз оиласида муҳаббат, мулойимлик каби баъзи имтиёзларни йўқотишдан қўрқиши. Ху­су­сан, оилада янги фарзанд туғилганда, катта фарзанд чақалоқ бутун меҳр-муҳаббатни ўзига қаратиб олади, деб тасаввур этади;

– фарзандларнинг бирини зийрак, бошқасини анқов деб сифатлашга ўхшаш нисбатлар бериш;

– фарзанднинг бирига аҳамият бериб, бошқасини эътиборсиз қолдириш. Бир болани кўтариб, ўйин-кулги, ҳадялар билан сийлаб, бошқасини қўрқитиб, ғамхўрлик ва ҳадялардан маҳрум этиш сингари ва­зиятлар. Севимли фарзанди етказган ёмонлик ва азият­лардан кўз юмиб, бепарво бўлиш ва бошқа фарзанди содир этган озгина хато учун жазолаш;

– ўзи камбағал, етишмовчилик билан яшаётгани ҳол­да, фарзандини моддият бобида бекаму кўст, бой-бадавлат қари­дошлари ичига қўйиш. Шу сингари яна бо­қа кўп сабаблар фарзандга ёмон таъсир кўрсатиб, уни руҳий хасталик, худбинлик ва ижтимоий очкўзлик сари етаклаши мумкин. Уйқусизлик, ўз-ўзига ишонмаслик ва нафратланишга ўхшаш руҳий заифликлар ҳам шундан келиб чиқади.

Ислом дини очиқ ҳасадни ҳикматли тарбия асос­лари билан муолажа қилади. Тарбиячининг бундай муолажаси, албатта, фарзандларнинг ўзаро дўстлик, иноқлик, муҳаббат ва софликда улғайишларига ёрдам беради. Қалбларида бошқаларга ёрдам бериш, яхшилик қилиш ва меҳрибон бўлиш туйғуларини жамлашларига олиб келади.

 

Усмонхон АЛИМОВнинг

“Оилада фарзанд тарбияси” китобидан

Асар “Мовароуннаҳр” нашриётида чоп этилган.

Нашриётдан харид нархи 20000 сўм