Аёллар

Аёллари иффатли юртнинг эркаклари забардаст булур

Чоп этилди Yanvar 26, 2020 Аёллари иффатли юртнинг эркаклари забардаст булурda fikr bildirishni o'chirish

Нақл қилинишича, ўзга мамлакатларни босиб олишни режалаштирган бир ҳукмдор аввал ўша юртга беш-олти нафар пулдор йигитни жўнатиб, аёлларни йўлдан уриш вазифасини топшираркан. Ўша юртнинг эркаклари бу ҳолга бефарқ бўлиб, йигитлар осонликча мақсадига эришсалар, подшоҳ хурсанд бўлиб, бемалол қўшин тортиб кириб, муродига етар экан. Бордию аёллари ибо-ҳаёли, эркаклари эса ҳамиятли, аёлларини ҳимоя қиладиган бўлса, у юртга бостириб бориш фикридан қайтаркан. Сабаби, покиза юртни босиб олиш мушкул.

Бу бир ривоят. Аммо унинг замирида ҳақиқат мужассам. Аёллари номус-орли, маънавияти бой жамиятнинг бар-ча аъзоси тарбияли бўлади. У жамиятда осойишталик, бирдамлик, ривожланиш бўлади.

Ҳар бир халқ ўз иллатларига чора кўрмаса, Холиқ офат жўнатиб, ҳаммани тенг жазолаши муқаддас Китобимизда таъкидланган. Зинони келтириб чиқарадиган омилларнинг пайини қирқишда аёлларнинг ҳам масъулиятлари белгилаб қўйилган. Аллоҳ таоло: “Эй, Одам авлоди! Сизларга авратларингизни беркитадиган либос ва патлар (зийнат кийимлари)ни туширдик. (Аммо) тақво либоси – бу, яхшироқдир. Бу(лар) Аллоҳнинг мўъжизаларидандир. Шояд (буни) эслаб кўрсалар!” деб марҳамат қилади (Аъроф сураси, 26-оят).

Исломнинг инсонни мукаррам қилишида либос асосий ўринда туради. Либос билан бўлган муаммолар оқибатида зино келиб чиқади. Аёллар ҳаёсизланади, эркаклар ночор ҳолга туша бошлайди. Аёл макри кучайиб, жамият фисқу фасодга учрайди. Нафс туғёнига учраган аёлларимиз турли бўёқларни чаплаб, бачкана кийимларда ёшини яшириб, фарзанди тенги йигитларни “ўзиники қилиб” олаётгани ҳам сир эмас. Ҳою ҳавасга берилиб, эрларини узоққа жўнатиб, хиёнат қилаётганлар ҳам учраяпти. Улар кимлар?! Ҳозир аёллар ўртасида турли йиғилишлар, гап-гаштаклар кўпайди. Аммо урфга айланаётган бу одатлар маънавиятнинг бойишига эмас, аксинча, қашшоқлашувига олиб келмоқда. Сабаби, аёллар ўртасида “мен сендан камми?” қабилида уй безаш, дастурхон тўлдириш, тураржойларини кўз-кўз қилиш мусобақа тусини олмоқда. Аёллар гап-гаштакларда ноз-неъматлар берган Холиқни ёд этиш, Унинг амрларини бажаришни хаёлларига ҳам келтирмайдилар. Бу ҳақда оғиз очганларга эса “бирор фирқа аъзоси эмасмикин?” дея шубҳа билан қарай бошлашади.

Ҳозирги замон отинойиси ўз устида ишлаб, Ислом динини чуқур ўзлаштириши лозим. Эркакларимиз масжидларда амри маъруф, мавъизалар эшитиб, озми, кўпми маънавий озуқа олишмоқда. Аммо фарзанд тарбияси билан фикри ёди рўзғор камини тўлдириш бўлган оталар эмас, оналар шуғулланишмоқда. Аёлларнинг ҳою ҳаваси ортиб бориши эркакларимизга қимматга тушмоқда. Аёллар анжуманларида амри маъруфни кенг йўлга қўймасак, миллий маънавиятимиз инқи­розга учрайди.

Агар биз ҳам олдинги мўминалардек эрларимизни ишга жўнатаётиб: “Бегим, тирикчилик деб ўзингизни ўққа-чўққа урманг, кучингизга яраша ҳалол ризқ топиб келинг. Бу дунёда очликка чидаймиз, аммо охиратнинг азоби қаттиқ” десак, эркакларимизни ҳар томонлама эҳтиёт қилган бўламиз. Эртага ўғилларимизни ҳам ким-дир шундай эҳтиёт қилади. Оқибатда юртнинг мард ўғлонлари – Нажмиддин Кубро, Темур Малик, Амир Темур, Жалолиддин Мангуберди, Дукчи Эшон, Фитрат ва Чўлпонлар каби юртпарвар паҳлавонларимиз кўпаяди.

Ойимчахон БЕКМИРЗО қизи

“Мўминалар” журналининг 2019 йил, 4-сонидан