Мақолалар

Музораба таърифи ва татбиқ этиш кайфияти

Чоп этилди Fevral 10, 2019 Музораба таърифи ва татбиқ этиш кайфиятиda fikr bildirishni o'chirish

Музораба, сармоя эгаси билан музораба ишини юритувчи (бундан кейин ишчи дейилади) орасидаги тижорат шартномаси бўлиб, ҳар бир келишув ниҳоясида фойда улар ўртасида маълум нисбатга кўра тақсим қилинади. Аммо зиён ёлғиз сармоя эгасига юкланади. Музораба амалини юритувчи эса, бу жараёнда иш ёки меҳнатига куяди. Яъни, ушбу шартномада сармоя эгаси бир тараф, ишни идора қилиш ва сармояни тасарруф қилиш иккинчи тарафдан содир бўлади.

Музораба шартномаси билан икки тарафнинг, сармоя эгаси ва ишчининг манфаатлари юзага чиқади. Биринчи тарафнинг сармояси бўлса-да, лекин у билан тижорат қилишда вақти ёки тажрибаси бўлмайди. Иккинчи тарафнинг эса тижорий ишларида билими бўлади-ю, лекин ушбу билимни амалда қўллаш учун баъзан маблағи бўлмайди.

Музорабанинг шариатда жоизлигига тижоратни мубоҳ қилган Қуръон оятларининг умумий ёки мутлақ маънолари далолат қилади. Аллоҳ таоло “Муззаммил” сурасининг 20-оятида марҳамат қилади:

“…ва бошқалари ер юзида юриб, Аллоҳнинг фазлини ахтаришини…”

Бақара сурасининг 198-оятида шундай дейилади:

“Сизга ўз Роббингиздан фазл исташингизда гуноҳ йўқдир”.

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам йигитлик даврларида Ҳадича онамиз розияллоҳу анҳонинг моллари билан Шом шаҳрига бориб музораба қилганларини рисолат келгандан кейин иқрор қилдилар.

Саҳобалар музораба билан шуғулланишар, улардан бирортаси бу ишга қарши чиқмас эди ва музорабанинг жоизлигига уламолар ижмоъ қилишган.

Музорабани амалга ошириш ёки татбиқ қилиш осондир. Банк ёки ундан бошқа тараф сармоя эгаси сифатида молни тақдим қилади. Иккинчи тараф эса фойдадан келишилган муайян улуш эвазига ушбу молни кўпайтириш ҳамда моддий самарасини ошириш мақсадида меҳнат қилади.

Музораба муддати ниҳоясида, шартнома бандларидан бири бажариб бўлингач ёки келишувдаги бизнес режа охирига етгач ёки даврий босқичлардан бири якунлангач ёки бизнес режа босқичларидан бир нечтаси амалга ошгач, нақд пул қўлга тушса, сарф харажатлар қопланиб, қолган соф фойда келишувга кўра тақсимланади.

Қачон зиён бўлса, ушбу зиён сармоя эгаси сифатида банк ёки унинг ўрнидаги бошқа сармоядорнинг зиммасида бўлади. Банк фойдаларни тақсимлашдан олдин сармояни қайтариб олади. Бу, фойда сармоясини сақлаб қўйиш, қоидаси асосида бўлади.

Пўлатхон КАТТАЕВ,

Тошкент ислом институти ўқитувчиси