Мақолалар

“Эй, Раббимиз! Бу (коинот)ни беҳуда яратмагансан”

Чоп этилди Fevral 11, 2019 “Эй, Раббимиз! Бу (коинот)ни беҳуда яратмагансан”da fikr bildirishni o'chirish

“Айтинг: “Осмонлар ва Ердаги нарсаларга (ибрат назари билан) боқингиз!” (Юнус, 101).

Уламолар: “Аллоҳ таоло инсон зоти учун яратган ҳар бир нарсада ибрат ва тафаккур намунаси мужассам. Одам боласи уларни кўрганда фикр юритиб, “ибрат назари билан боқмоғи” лозим”, дейдилар.

Бизга инъом қилинган она заминимиз – Ер сайёраси унча катта бўлмаган юлдуз – Қуёш атрофида айланувчи 8та сайёрадан бири бўлиб, галактикамиздаги юлдузларнинг умумий сони эса 200-400 миллиард атрофида деб тахмин қилинади.

Астроном олимларнинг таъкидлашича, галактикаларнинг ҳам бир нечта турлари мавжуд. Америкалик олим Эдвин Хабблнинг фикрига кўра, Коинотда эллиптик, линзасимон, спиралсимон ва нотўғри турдаги галактикалар бор. Бизнинг галактикамиз – Сомон Йўли – спиралсимон галактика турига кирар экан.

Тадқиқотчилар Коинотнинг замонавий астрономик методлар ёрдамида тадқиқ қилиш мумкин бўлган қисмини Метагалактика деб атайди. Унинг ўлчами ва ҳажми кузатув асбобларининг имкониятлари кенгайиши билан йириклашиб бораверади.

Бугунги кунда Метагалактиканинг ўлчами реликт нурланиш асосида аниқланган ва барча йўналишда 14 миллиард парсек, содда қилиб айтганда, 46 миллиард ёруғлик йилига тенг деб қаралади. Айни дамгача олимлар аниқлаган Ердан энг узоқда жойлашган объект (2016 йил) ГН-з11 галактикаси ҳисобланади. Унинг қизилга силжиши з=11,1 га. тенг ва бу тахминан 13,4 миллиард ёруғлик йилига тенг бўлган масофа демакдир.

Мутахассисларнинг фикрича, замонавий телескоплар мавжудлигига қарамасдан, галактикаларнинг аниқ сонини аниқлаш мушкул вазифа ҳисобланади. Чунки биз Коинотнинг фақат бирор бир кичик қисминигина тўғридан-тўғри кузатишимиз мумкин, холос. Баъзи олимларнинг сўнгги маълумотларига қараганда, Коинотдаги галактикаларнинг сони тахминан 100-200 миллиардга етади.

Германияда суперкомпьютер ёрдамида ўтказилган тажрибалар асосида аниқланган қиймат эса янада ката – 500 миллиард! Табиийки, бу рақамлар мутлақ аниқ эмас, балки тахминий рақамлардир.

Шу ўринда табиий бир савол туғилади: олимлар галактикалар сонини қандай аниқлашади? Гап шундаки, Хаббл космик телескопи каби кучли телескопларда Коинотнинг маълум бир қисми чуқур ўрганилади. Бунинг учун Хаббл телескопи танланган жойга юзлаб соатлар давомида қаратилиб, Коинотнинг ушбу қисмига “чуқур” кириб боради. Шу йўсинда олинган тасвирлар асосида галактикаларнинг умумий сони тахминан аниқланади. Катта эҳтимоллик билан айтиш мумкинки, Коинотдаги галактикаларнинг кўпчилиги карлик (митти) галактикалар ҳисобланди. Масалан, Маҳаллий галактикалар тўдасига кирувчи галактикалардан 3таси йирик спиральсимонлардир: Андромеда, Сомон Йўли ва Учбурчак. Қолган барчаси карлик ва нотўғри галактикалардир.

Демак, бугунги кунда кузатиладиган галактикаларнинг умумий сонининг қанчалик аниқлиги биз қўллаётган замонавий телескопларнинг кучига  боғлиқ бўлиб, агар келажакда кузатув асбоблари янада такомиллашса, Коинотдаги биз кузатишимиз мумкин бўлган объектларнинг ҳам сони янада ошиши аниқ. Шуни инобатга оладиган бўлсак, галактикалар сони 500 миллиарддан анча кўплигига шубҳа йўқ.

Аслида 500 миллиард галактика ҳам етарли даражадан ортиқ. Масалан, агар сиз уларни санаб чиқаман десангиз “нон-стоп” режимида тахминан 15845 йил (тасаввур қилинг, эрамиздан аввалги сўнги тош давридан бошлаб ҳозиргача) вақт сарфлашингизга тўғри келади! Яъни ўртача 80 йил умр кўрадиган инсон бутун умрини тўлалигича фақат галактикаларни санаб чиқишга сарфлаган тақдирда ҳам у бугунги кунда маълум бўлган галактикаларнинг 0,005 фоизини санашга улгурарди, холос.

Ушбу мақолани ўқиш жараёнида хаёлингиздан беихтиёр шунча юлдузлар, осмон жисмлари ва галактикалар қандай қилиб ҳеч қандай воситасиз коинотда муаллақ, бир-бирига урилмасдан турибди ва чексиз ададдаги бу жисмларни ким яратган деган саволлар келиши мумкин. Бу савол соҳа олимларини ҳам ўйга толдирмоқда. Таъкидлаш жоизки, юқоридаги маълумотлар дунёнинг энг ривожланган давлатларидаги энг замонавий тадқиқот марказларида олиб борилган изланишлар хулосасидир. Аммо, бундан қарийб бир ярим минг йил аввал ҳеч қандай телескоп ва компьютер бўлмаган даврда Пайғамбаримиз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга нозил бўлган Китоб – Қуръони каримда Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади:

Осмонлар ва Ердаги нарсалар Унинг мулкидир. Ҳамма(си) Унга бўйсунувчидир. (У) Еру осмонларнинг Яратувчисидир. Бирор ишни қиладиган бўлса, (фақат унга) «Бўл!» деса, бас, у бўлади (Бақара, 116, 117);

“(Одамлар) Унинг илмидан фақат ) истаган миқдорича ўзлаштирурлар. Унинг Курсийси осмонлар ва Ерни (ҳам) ўз ичига сиғдира олур. У иккисини муҳофаза этиш Уни толиқтирмас. У Олий ва Буюкдир” (Бақара, 255);

“Осмонлар, Ер ва улар ўртасидаги борлиқ устидан ҳукмронлик фақат Аллоҳга тегишлидир. Хоҳлаган нарсани яратади, Аллоҳ ҳар нарсага қодирдир” (Моида, 17);

“Ерда, хоҳ осмонда бирор зарра миқдорида ёхуд ундан кичикроқ нарса ҳам Раббингиздан четда қолмайди, балки (у) аниқ битик (Лавҳул-Маҳфуз)да бордир” (Юнус, 61), деб марҳамат қилган.

Энди Оли Имрон сурасининг қуйидаги икки оятига эътибор беринг:

“Осмонлар ва Ернинг яратилишида, тун ва куннинг ўрин алмашиб туришида ақл эгалари учун аломатлар бордир” (190);

“Улар туриб ҳам, ўтириб ҳам, ётиб ҳам Аллоҳни зикр этадилар ва осмонлару Ернинг яратилиши ҳақида фикр юритадилар (ва дуо қиладилар🙂 «Эй, Раббимиз! Бу (коинот)ни беҳуда яратмагансан. Сен (айблардан) пок зотдирсан” (191).

Мазкур оятларда Аллоҳ таоло Осмонлар ва Ернинг нима сабабдан яратилгани ва улар нима вазифани бажаришини очиқ-ойдин баён этмоқда.

Миллиардлаган галактика, ундан ҳам кўп юлдузлар ва ҳатто она заминимиз ҳам биз бандаларнинг ақл юритиб, тафаккур қилиб ва натижада Аллоҳ таолога итоат этмоғимиз учун яратилгандир!

 

Интернет манбалар асосида Саидаброр Умаров тайёрлади.