Мақолалар

Ўзингизни Каъбада кўришни истайсизми?

Чоп этилди Fevral 8, 2019 Ўзингизни Каъбада кўришни истайсизми?da fikr bildirishni o'chirish

Ҳар бир мўмин-мусулмон борки, Аллоҳнинг уйига боришни орзу қилади. Жамики мулкларнинг эгаси бўлган Раббимга ҳаммаси осон. Сиз томондан биргина чин дилдан қилинган дуо бўлса, бас. Каъба ёнида туриб, беихтиёр: “Мен туш кўрмаяпманми?” деб ўзингизга савол берасиз. Сизда ҳам шундай истак бўлса, ҳеч иккиланмай дуо қилаверинг, Аллоҳ чақиради! Барча ёрдамни Ундан сўранг.

Узоқ зиёратга борадиган даражада имкониятим йўқлигини билган атрофимдагилар: “Қайси йўл билан кетяпсиз. Сизга ҳарқалай ишхонангиз ёрдам берган бўлса керак….”, бу каби саволларни берувчиларнинг сони кўпайди. Мен эса барчага “Ғойибидан етказдирди” деган жавобни берардим. Аммо кўпчиликка бу жуда қизиқда…

Баъзан давраларда зиёрат ҳақида сўз кетса: “Аллоҳ чақирса, борасиз” деган гаплар юради. Мен бу гапга унчалик қўшилмайман. Тўғри, ҳамма нарса Аллоҳнинг хоҳиши билан бўлади. Аммо ўзингизда у ёқнинг ишқи бўлмаса, қандай сизни Аллоҳ чақиради. Тасаввур қилиб кўринг, Аллоҳнинг байтини ўйламай, орзу қилмай, билмай турсангиз, тасодифий бориб қолмайсиз? Бориш учун албатта қалбингизда «илинж” бўлсагина, Аллоҳ дуоларингизни ижобатини бериб, сизни меҳмонга чақиради. Бир нарса ҳақиқатки, пулингиз етсагина бир нарсани харид қилишни, ўйлайсиз. Кўп нарсалар моддиятга тақалади. Лекин, сиз астойдил Аллоҳдан уйига боришни сўрасангиз, масофа ҳам, маблағ ҳам роль ўйнамайди. Буни ўз ҳаётим мисолида айтишим мумкин.

Ёшлигимдан тоат-ибодатда бўлибман, Аллоҳнинг уйига борганларни кўрсам кўзларимга ёш келибди-ю аммо Каъбатуллоҳга боришни хаёлимга келтирмабман, орзу қилишга ҳам ботинолмабман. Энди ўйлаб негалигини билолмаяпман, моддият сабаб бўлса керакда. Мабода менга ўхшаганлар бор бўлса, бекорга шундай улуғ орзуни қилолмай юрманг, дейман. Боришни ўйлаш ҳам ибодат, ҳузурли эканини бошқаларга ҳам илиниб ёзишга қарор қилдим.

Бир воқеа содир бўлди-ю, имконсиз нарсанинг ўзи йўқлигига амин бўлдим. Барчаси учун Аллоҳга ҳамд, Расулимиз соллаллоҳу алайҳи ва салламга саловатлар бўлсин. Бу улуғ орзунинг туғилиши изтироблар эвазига бўлган. Сизга мусибат, қандайдир зулмлар етса, билингки, уларнинг миқдори (ками-кўпи)га қараб, Аллоҳнинг бу дунёдаги мукофоти, иншоаллоҳ етади. Катта, улуғ зиёратни орзусига етолмаган бир банда эдим. Турмушга чиққунимча ҳазрат Баҳоуддин Нақшбанд ҳазратлари, уларнинг устозлари ҳазрат Саид мир Кулол, Зангиота ҳазратларини тез-тез зиёрат қилардим. Айниқса ҳазрат Баҳоуддин Нақшбандни соғиниб-соғиниб зиёрат қилардим. Турмушга чиққач, зиёратлар тўхтади. Орадан ўн йил ўтди. Мен муборак зотларнинг зиёрати илинжида яшадим. Неча йиллик орзуимдан хабар топган қайнона бувим: “Бухорада менинг қариндошларим бор, сизни зиёратга олиб бораман”, деб қатъий қарор қилдилар. Ва бориш кунимиз аниқ бўлганда, бир фитна бўлди-ю, зулмнинг зулмига учраб ўша зиёратдан қолиб кетдим. Қанчалар изтиробда, эзилиб йиғладим, билмайман. Қалбимга бир хитоб келди: “Биз сенга ундан ҳам улуғ зиёратни насиб қиламиз!”. Шу ондаёқ қалбим ҳузурга тўлиб, менда Аллоҳнинг уйига зиёрат қилиш истаги пайдо бўлган. Ҳаммасини унутдим, қалбим сониялар сайин ўша ёққа интилиши орта бошлади. Эр-хотин умра зиёратига бориш учун навбатга қўйдирдик. Биринчи ҳузур, кейин эса изтироб чека бошладим. Шунда: “Ё Раббий, бормасам ҳам майли, уйингни кўрсат, таскин топай”, дедим. Бу истагим тез кунларда ижобат бўлди.

Шундоқ Каъбанинг ёнида 8-10 киши намоз ўқияпмиз, саждадан бошимизни кўтармай. Шунда ўнг томонимда бир Зот: “Ман мазҳаби ёр Худо. Ҳажингиз қабул бўлди, Умматим!”, деган овоз келди. Вой, Пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в.) эканлар деб шундоқ овоз келган тарафга қарадим. Қарасам, У Зот турибдилар, ўнг қўлларининг кафтларини очиб, баланд кўтарган ҳолларида саждадагиларга қараб туриб муборак сўзларини айтдилар. Бу нур, бу зиё, бу чеҳрани кўрган одамнинг қалбида нелар кечишини тасвирлаб беришдан ожизман.

Шу воқеа содир бўлди-ю, қалбим ҳижрон азобидан тўхтади. Икки йил ўтар-ўтмас навбатимиз ҳам келди, аммо ёшимиз етмаганлиги сабаб шу йил қолиб кетдик, кейинги йил ҳам шундай бўлди. Шунда нега, деб ўзимни ҳисоб-китоб қила бошладим. Икки йил олдин ўйламай гапирган сўзимни эсладим: “Бормасам ҳам майли, менга кўрсат”. Боргунимча, кўрсат, демаганим учун қаттиқ тавба қилдим. Шундан сўнггина, зиёратга боришимиз ҳақида хабар келди. Аммо олдимизда маблағ масаласи турарди. Аммо ҳеч иккиланмадим, пулим борида бориш насиб қилмади, буёғи Аллоҳга таваккал, деб ҳужжатларни йиға бошладим. Кутилмаганда эшитдимки, 3 йил олдин чиққан китобимни қайта нашрга тайёрлашибди. Менга эса яхшигина қўл ҳаққи беришди, алҳамдулиллаҳ!

Кетиш кунларимиз яқинлашди, биринчи Мадинага бордик. Уч кунлик сафаримизда Масжиди-набавийга ҳар намозга борганимда, равзани қидираман. Масжид жуда катта, одамлар эса жуда кўп. Тумонат одамлигидан ҳар бир қаторларда тўсиқ қўйилган. Аммо кўпчилик интилган жой Равзага хоҳласа ҳам боролмас экан. Тунми кунми фарқи йўқ, Масжиди Набавий зиёратчилар билан гавжум. Лекин, бир куни у ерга қандай келганимни билмайман-у ўзимни Равзани ёнида кўрдим, узоқ ибодат ва дуолар қилиб, саловатлар айтдим. Афсуски, бошқа ўша жойга қайтиб киролмадим. Шундай ҳузурли ибодатларнинг шукронасини адо этолмасак керак. Зиёрат асносида шунга амин бўлдимки, ВАҚТда барака бўлди. Маккани барака шаҳри деса ҳам бўлади.

Мадина билан хайрлашиб эҳром либосларини кийиб Масжидил Ҳаромга йўл олдик. Талбияни айта-айта масжидга яқинлашдик, узоқдан Каъбатуллоҳ кўринди. Кўзларим оқиб кетиши, руҳим учиб кетиши мумкин, деб ўйладим. Шунинг учун Аллоҳдан шу ибодатларни мукаммал бажаришликни ўтиниб сўрадим. Умра амалларини тўлиқ бажариб бўлишимиз билан Тавоф намозини ўқиб тавоф учун Унга яқинлашдим. Мен шу ердаман. Бу ерга келгунимча дуоларимдан тасбеҳ ясадим, ойни кўриб, у Каъбани кўриб турибди”, деб унга шундай синчиклаб қарардимки, гўё Каъба кўрингунча, тинмай дуо, зикр айтдим. Аллоҳ чин дилдан сўраган банданинг дуосини бажармасликдан ҳаё қилади. Аллоҳ таоло Қуръони каримнинг бир нечта сураларида қайта-қайта такрорлаган калимаси: “… Менга дуо қилингиз, Мен сизлар учун (дуоларингизни) ижобат қилай!” – деди” (Мўмин сураси, 60-оят).

Шундай имкониятларни юртимизда яратилгани учун Аллоҳга ҳамд айтамиз, бу ишларни бошида туриб, тартиб билан зиёратчиларни боришлигини таъминлаган раҳбарларимиздан ҳам Аллоҳ рози бўлсин. Илоҳим юртимизга кўз тегмасин, олимлари билан дунёга машҳур ва манзур бўлаверсин. Фарзандларимиз солиҳ-солиҳа, имон-эътиқодда мустаҳкам, манфаатли бўлишсин.

Аллоҳга беадад ҳамду санолар бўлсин. Аллоҳ жуда покдир, покликни севади.

 

Мубина Ихлосова