Пазандалик

Димлама

Чоп этилди Yanvar 27, 2020 Димламаda fikr bildirishni o'chirish

Керакли масаллиқлар: 700 грамм мол гўшти, 200 грамм думба, 600 грамм картошка, 350 грамм пиёз, ўртача катталикдаги карамнинг ярми, 4 дона помидор, 5 дона булғор қалампири, 4 дона қизил сабзи, 2 бош саримсоқ, 1 боғдан кўкатлар (петрушка, кашнич, сельдр), зираворлар.

Тайёрланиши:
Картошка, пиёз, сабзи ва саримсоқ арчилиб, бироз сувга солиб қўйилади. Карам бўлакларга бўлиниб, орасига туз сепилади. Думба ўртача юпқаликда паррак қилиб кесилади. Гўшт керакли катталикда бўлакларга бўлинади.
Бироз қизиган қозон тагига думба бўлаклари териб чиқилади. Устига гўшт солинади ва унга туз, зираворлар сепилади. Кейинги қатламга тўғралган пиёз, сабзи, саримсоқ бўлаклари солинади. Устига бўлинган картошка солинади. Картошка устига озгина туз сепилиб, тўғралган помидор ва булғор қалампири, унинг устига карам бўлаклари солинади.
Охирги қатламга барча ювиб, тозаланган кўкатлар бутунлигича териб чиқилади ва яна туз сепилади. Ва ниҳоят, қозон усти ёпилади ва икки соат давомида ўртача оловда димланади.