Ўзбекистон янгиликлари

Глобал тармоқдан қандай фойдаланяпмиз?

Чоп этилди Yanvar 28, 2020 Глобал тармоқдан қандай фойдаланяпмиз?da fikr bildirishni o'chirish

Президентимиз Олий Мажлисга Мурожаатномасида “Жамиятда тинчлик ва осойишталикни таъминлашда ҳеч ким четда турмаслиги, “Ўз болангизни, ўз уйингизни, ўз Ватанингизни кўз қорачиғидек асранг!” деган шиор одамларимиз қалбидан чуқур жой олиши керак.

Жамиятимизда аҳоли, айниқса, ёш йигит-қизларимизнинг маънавий ва маърифий савиясини доимий юксалтириш – биринчи даражали аҳамиятга эгадир” дея таъкидлади.

“Адолат” социал-демократик партияси Андижон вилоят кенгаши, партиянинг Ёшлар қаноти ўз олдига Давлатимиз раҳбарининг ана шу фикрларидан келиб чиқадиган вазифалар ижросини таъминлаш бўйича чора-тадбирлар белгилаб олди.

Андижонда ташкил этилган “Ёшларни ахборот хуружларидан асрайлик!” мавзусидаги давра суҳбатида ҳам шу ҳақда сўз борди.

Партия фаоллари, халқ депутатлари вилоят, туман, шаҳар кенгашлари депутатлари, ёшлар вакиллари иштирокида ташкил этилган давра суҳбатида ёшларнинг, айниқса, уюшмаган ёшларнинг интернет тармоғидан тўғри ва ўринли фойдаланишини, турли ёт ғоялар, “оммавий маданият” кўринишлари таъсирига тушиб қолишларининг олдини олишга қаратилган тарғибот ишларини кучайтириш, ёшлар билан олиб борилаётган ишларни янада юқори босқичга кўтариш хусусида фикр юритилди.
— Интернет тармоғи ҳаётимизга тобора чуқурроқ кириб келмоқда, — дейди “Адолат” СДП вилоят кенгаши раисининг ўринбосари М.Мусаева. – Интернет тармоғида эса ахборот ва маълумотлар жуда кўп. Юртдошларимизда, айниқса, ёшларимизда ана шу ахборот манбаларидан оқилона фойдаланиш кўникмасини шакллантириш масаласи кенг жамоатчилик олдидаги муҳим вазифалардан биридир. Бу борадаги тарғибот-тушунтириш ишларини янада кучайтиришимиз лозим.

Афсуски, айрим ёшлар интернетдаги ижтимоий тармоқлар орқали диний ақидапарастларнинг бузғунчи ғоялари таъсирига тушиб қолиш ҳолатлари ҳам қайд этилмоқда. Тадбирда ана шу каби салбий ҳолатларнинг олдини олиш, уларни келтириб чиқарувчи омилларни аниқлаш ва бартараф этиш, таълим муассасаларида, маҳаллаларда ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлигини таъминлаш, умуман, ёшлар тарбияси, интернет ахборотлардан оқилона фойдаланиш хусусида таклиф, фикр ва мулоҳазалар билдирилди.

Тадбирда иштирокчиларни қизиқтирган саволларга батафсил жавоблар қайтарилди. Ёшларнинг ишончли тармоқ, ишончли ахборотлардан фойдаланиш борасидаги билимлари синовдан ўтказилди.

Фахриддин УБАЙДУЛЛАЕВ