Янгиликлар

ТЎРТ САҲИФА, ЛЕКИН ОЛАМ-ОЛАМ МАЗМУНГА ЭГА МАНБА

Чоп этилди Fevral 11, 2019 ТЎРТ САҲИФА, ЛЕКИН ОЛАМ-ОЛАМ МАЗМУНГА ЭГА МАНБАda fikr bildirishni o'chirish

Сарлавҳани ўқиган кишининг хаёлига 4 саҳифали манба қандай қилиб олам-олам маънони ўзида мужассам этиши мумкин, деган ҳақли савол келиши табиий. Ҳа, бор-йўғи 4 саҳифага улкан маънони жамлаш – фақат улуғларнинг иши. Маънавияти Қуръони карим, маърифати ҳадиси шарифлар билан суғорилган, таъбир жоиз бўлса, танглайи илоҳий калиматуллоҳ билан кўтарилган буюк шахсларгина бундай ишларнинг уддасидан чиқишга қодир.

Ўзбекистон Миллий кутубхонасида сўз мулкининг султони Алишер Навоий таваллудининг 578 йиллиги муносабати билан «Муножот» асарининг шарҳи – “Муножотнома” китобининг тақдимоти бўлиб ўтди. Асар “Мовароуннаҳр” нашриётида чоп этилган. Тадбирда навоийшунос олимлар, шоиру ёзувчилар, олий ўқув юртларининг профессор-ўқитувчилари, талабалар иштирок этди.

– Алишер Навоий бутун ҳаёти давомида инсоннинг бахту саодати учун курашган, халқнинг осойишталиги, илм-фан, санъат ва адабиёт тараққиёти йўлида фидойилик кўрсатган буюк шахсдир, – дейди “Муножотнома” асари мусаннифи, академик Абдулла Аъзам. –  Шу боис шоирнинг ибратли ҳаёти, серқирра ижоди, илм-фан ривожи йўлидаги оламшумул ишлари бугун ҳам жаҳон аҳлини ҳайратга солмоқда. “Муножотнома” ҳам ана шундай улуғ асарлардан.

Шоирнинг, мана, беш асрдан кўпроқ вақт ўтса ҳамки, ҳамон долзарблигини йўқотмаган, баайни бугун учун айтилган одамийлик, хайру саховат, меҳр-оқибат каби фазилатлари, умрининг сарҳисоби “Муножотнома”да жамланган, десак асло муболаға бўлмайди.

– Йил поёнида бир йиллик фаолиятни сарҳисоб қиламиз. Худди шундай, кексайган сари ҳар бир киши умрини сарҳисоб қилиб борар экан. Алишер Навоий ҳазратлари ҳам “Муножот” асарида умрини қандай ўтказгани тўғрисида Аллоҳ таолога муножот қилади. Журму исёнларни жуда моҳирона тарзда ифодалайдики, уни ўқиган, уққан киши асло гуноҳга қўл урмайди. Ҳамд ва наът билан бошланган 4 бетли китоб ўнлаб, ҳатто юзлаб тадқиқотларга манба бўлмоқда. Сажъ усулида ёзилган асар қуёшга, уммонга, туганмас ганжга қиёсланиши бежиз эмас. Зеро, Навоий ижодида инсониятга муҳаббат, яхшилик, тўғрилик, поклик, илму ҳунар, гўзаллик, ота-онага меҳр, устозга эҳтиром, дўстликни қадрлаш каби олижаноб тушунчалар мукаммал талқин этилган. Шоир асарларидаги илғор ғоялар абадул-абад сўнмас хазина бўлиб қолаверади, – дейди асарни таҳрир қилиб нашрга тайёрлаган муҳаррир Олим Олтинбек.

Тадбир сўнгида Алишер Навоийнинг “Ё Раб ўлғон чоғда жоним жисми вайрондин жудо” деб бошланувчи “Муножот” ғазалига басталанган “Муножот” куйи соз ва сўз уйғунлигида ижро этилиб, йиғилганларда катта таассурот қолдирди.

 

P.S. Алишер Навоийнинг “Муножотнома” китоби тақдимотига бағишланган таҳлилий мақола тайёрланяпти. Мақоланинг тўлиқ шаклини ўқимоқчимисиз? Сайтимизни кузатиб боринг.

 

Толибжон НИЗОМОВ