Мақолалар

Марҳумнинг ҳурмати нимада?

Чоп этилди Yanvar 28, 2020 Марҳумнинг ҳурмати нимада?da fikr bildirishni o'chirish

Туғилиш ва ўлим. Бири шодлик улашса, иккинчиси ғам келтиради. Ўзини англаган инсон учун ўлим саодат саналади. Жалолиддин Румий ҳазратлари:

Мен ўлган кун дамодам чекмангиз ғам,

Уни ҳижрон куни деб ўйламангиз ҳам.

Бу ҳижронмас сира, васли висолдур,

Висолда ғам чекиш куфри уволдур, – деб ёзган.

Ўлим мусибати бошга тушганда жудолик юки онгу шуурни ўтмаслаштиради. Одам ўз хатти-ҳаракатларини ихтиёрсиз равишда амалга оширади, тўғри-нотўғрилигини мушоҳада этолмай қолади. ­Шундай вазиятда кимларнингдир билиб-билмай берган кўрсатмалари халқ орасида янги одатларнинг жорийланишига сабаб бўлади. Шундай одатлардан бири азада дод солиб йиғлашдир. Аслида азага доир шаръий ҳукмлардан қай даражада хабардормиз? Бу борада динимизда қандай кўрсатмалар бор?

Зайнаб бинти Абу Салама розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг жуфти ҳалоллари Умму Ҳабибанинг ҳузурига кирдим. У Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг: “Аллоҳга ва охират кунига имон келтирган аёллар учун бирор маййитга уч кундан ортиқ аза тутиш ҳалол эмас, фақат эрига тўрт ою ўн кун (аза тутади)”, деяётганларини эшитдим», деди (Имом Бу­хорий).

Мусибат етган одамга ҳамдардлик билдириш, таъзия изҳор этиш – савобли иш. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Қайси бир мўмин биродарига мусибатида таъзия изҳор қилса, албатта, Аллоҳ унга қиёмат куни каромат ки­йимларидан кийдиради”, дедилар (Имом Ибн Можа ривояти).

Шариатимизда буюрилган ушбу кўрсатмаларни билмаслик оқибатида аза билан боғлиқ хунук урф-одатлар вужудга келган. Азадор эркакларнинг тонг отмасдан додлаши, қиз, келин, набираларнинг фарёд солиши ёхуд бошларига дока рўмол, устларига махсус кийим (калтача), белига белбоғ ва иягига лачак тақиши марҳумнинг ҳурматини билдирадими? Маййит ювилган хонада уч кеча шам ёқиб қў­йилиши, азали уйда кир ювмас­лик, гўштни қиймалагичдан чиқармаслик кабиларнинг ҳеч қандай шаръий асоси йўқдир.

Бир қадрдон опамизнинг онаси қазо қилди. Ҳамдардлик билдириш учун Бухоро вилоятидаги туманлардан бирига бордик. Азадорларнинг кийинишларини кўриб, рости, ғалати бўлиб кетдим. Ҳаво жуда иссиқ бўлишига қарамай, тўн кийиб, белла­ри ва иякларини дока билан боғлаган, маҳси-калиш кийиб олган аёллар турарди.

Албатта, марҳумларнинг ҳурматини адо этмоқ – тирикларнинг бурчи. Аммо ҳурмат динда йўқ амал билан адо этилмай­ди. Шариатда йўқ ишларни мар­ҳумнинг ҳурмати, одамлар гапирмаслиги учун қилаверсак, гуноҳкор бўлиб, маййитнинг азоб­ланишига сабабчи бўлиб қо­лишимиз мумкин. Зеро, Ибн Умар отаси ­ро­зияллоҳу аҳумодан ривоят қилади. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: ­“Маййит қабрида унга яқинлари дод-фарёд солиб йиғлашидан ­азобланади” (Имом Бухорий ривояти).

Шунингдек, ояти каримада: «Айтинг: “Эй, аҳли китоблар! Динингизда ҳаддан ошмангиз ва олдиндан адашган ва кўп­лар­­ни адаштирган ҳамда тўғри йўл­дан чалғиганларнинг ҳаво­йи нафсларига эргашмангиз!”» (Моида сураси, 77-оят), деб огоҳлантирилган. Бу ҳолатлар “амал билан ҳаддан ошишга” кирмайдими?

Аслида марҳум вафот этгач, унинг учун Аллоҳ таолодан мағфират сўраш лозим. Шу билан бирга, марҳум учун таҳлил айтишнинг ҳам савоби кўп. Расулулллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга салом ва салавотлар айтиб, марҳумнинг ҳақига ба­ғиш­лаш зарур.

Мана шундай амаллар мар­ҳум учун чинакам ҳурмат белгисидир.

Раънохон ҚОДИРОВА

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Хоразм вилояти

вакилининг хотин-қизлар масалалари бўйича ёрдамчиси

“Мўминалар” журналининг 2019 йил, 4-сонидан