Мақолалар

Буюк салтанат соҳиби

Чоп этилди Fevral 11, 2019 Буюк салтанат соҳибиda fikr bildirishni o'chirish

Шарафли аждодимиз Заҳириддин Муҳаммад Бобур таваллудига 536 йил тўлмоқда.

Ҳиндистон халқи  ҳамон Заҳириддин Муҳаммад Бобур ва унинг авлодларини катта эҳтиром билан ёдга олади. Чунки Бобурийлар даврида Ҳиндистон иқтисодий, маданий жихатдан ривожланди. Илму ирфонга кўрсатилган катта эътибор фан соҳаларини юксалтирди.

Ҳиндистонлик олим Трипатхи Рам Просад Бобурнинг Панипатдаги ғалабасига юксак баҳо бериб, шундай деган эди: “Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг Панипатдаги ғалабаси Ҳиндистонда катта нуфуз ва қудратга эга бўлган буюк салтанат – Бобурийлар империясининг вужудга келишига замин яратди. Бу империя ҳатто Рим империяси билан рақобатлаша оладиган кучга эришди”.

Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг давлат бошқаруви вақт жиҳатидан жуда қисқа бўлишига қарамай, у феодал тарқоқ мамлакатни тараққий эттиришга эришди ва ер-сув ҳамда солиқ тизими бўйича катта ислоҳотларни амалга оширди. Унинг буйруғи билан масжиду мадрасалар, турли маъмурий бинолар, ҳаммомлар қурилди, қудуқлар қазилди. Ҳиндистоннинг йирик шаҳарлари – Деҳли, Агра, Лаҳор ва Девалпурда боғу бўстонлар барпо этилди. “Бобурнома”да келтирилишича, 1526 йилда Панипатда “Қобулбахт” номли боғ ташкил этилди. Эътиборли жиҳати шундаки, Ҳиндистон ҳудудида бунёд қилинган боғларда Бобур Ўрта Осиёдан келтирилган узум навларини етиштиришни йўлга қўйди. Ҳозир ҳам Ҳиндистонда “ангури Самарқандий” номи билан узум етиштирилади.

Шоҳ Бобур ўз фаолияти давомида Ҳиндистоннинг йирик шаҳарларини обод қилиш билан мунтазам шуғулланади. Мазкур шаҳарларда қурилган иншоотларнинг лойиҳаси, ташқи ва ички безаклари Ўрта Осиё услубида бўлса-да, улар ҳинд меъморчилиги билан уйғунлик касб этган. Бу эса ўз навбатида Ҳиндистон ва Ўрта Осиё меъморчилигининг ўзаро мутаносиблигини яққол намоён қилди. Бобурийлар сулоласининг кейинги авлодлари томонидан ҳам Ҳиндистонда барпо этилган муҳташам бинолар ва ҳашаматли масжидларда ушбу услуб сақланиб қолган.

Бобурдан кейин тахтга келган шаҳзодалар ҳам меъморчилик, шаҳарсозлик ва илм-маърифатга катта эътибор қаратишди. Улар яратган маданият дурдоналари ҳануз жаҳон аҳлини лол қолдирмоқда.

 

Фахриддин МУҲАММАДИЕВ,

Ўзбекистон ислом цивилизацияси маркази илмий ходими

“Ислом нури” газетасининг 2019 йил, 2-сонидан олинди.