Мақолалар

Абу Жандал

Чоп этилди Fevral 11, 2019 Абу Жандалda fikr bildirishni o'chirish

Абу Жандал Суҳайл ибн Амр. Олийнасаб оила фарзанди. Биринчилардан бўлиб Исломни қабул қилган, бироқ эътиқодини яшириб юрган.

Суҳайл ибн Амр (мусулмон бўлишидан олдин) Ҳабашистон ҳижратидан қайтган ўғли Абдуллоҳни қамаб қўйди. Бунда кичик ўғлидан, у билмаган ҳолда, фойдаланди. Абу Жандал: “Акам олдида уятга қўйдингиз. Мени найза қилиб, акамни овладингиз!” деди аччиқланиб. Ота айтди: “Тилингни тий, йўқса сени ҳам қамайман! Муҳаммад динига қизиқишимизни Абдуллоҳга бориб айт деганимда, юзингда хурсандчилик аломатини кўрдим. Шундайми?!”. Абу Жандал: “Тўғри, акам ёлғиз эмас. Мен ҳам унинг динидаман. Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ. Муҳаммад Унинг бандаси ва элчиси эканига гувоҳлик бераман”, деб Исломга кирганини баралла айтди. Отаси уни ҳам кишанлаб қўйди.

Орадан вақт ўтиб, Ҳабашистонга ҳижрат тўхтаганда, Суҳайл ҳижрат қилмаслик шарти билан болаларини қўйиб юборди.

* * *

Мушрикларнинг мусулмонларга азияти кучаявергач, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) Ясриб аҳли билан байъат туздилар. Шундан сўнг Мадинага ҳижрат бошланди. Суҳайл ўғилларини яна қамаб қўйди. Бир куни ҳибсда ўтирган ака-укага қўшин тўпланаётгани хабари етди. Оталари: «Дўстингиз Муҳаммад Абу Суфён карвонини қуршовга олиб, бизга урушишдан ихтиёр қолдирмади”, деди. Абу Жандал: “Ота, сиз ҳам қўшин сафидамисиз? Мен Муҳаммад (алайҳиссалом)ни ўлдиришингиздан ёки ўзингиз ҳалок бўлишингиздан қўрқаман. Мусулмонни ўлдирсангиз, гуноҳга қоласиз. Кофир ҳолда ўлдирилсангиз, дўзахга кирасиз. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)га ғалаба тилаб, Аллоҳга дуо қиламан. Сизга эса ҳидоят ва нажот сўрайман», деди.

Абдуллоҳ эса фикрини ўзгартирганини, мушриклар сафида курашмоқчилигини айтиб қолди. Аслида Абдуллоҳ мусулмонлар тарафига ўтиб кетишни режа қилганди. Укасига асл мақсадини билдирди ва унга ҳам шуни таклиф этди. Лекин Абу Жандал: “Отам билан жангда тўқнашишга ёки бўйнига қилич солишларига чидаб туролмайман. Яхшиси, Аллоҳ кенглик бергунча шу ҳолатга сабр қиламан”, деди.

* * *

Бадрда Суҳайл ибн Амр асир олинди. Бундан хабар топган яқин дўсти Микраз ибн Хафс Абу Жандални кишандан бўшатди ва отаси учун тўрт минг дирҳам тўлов тўлашини тайинлади. Абу Жандал: “Отам мени ҳижратдан тўсди, кетмасликка ваъда олди. Ваъдамга содиқ қоламан. Отамни кишанланган ҳолда кўришга ҳам тоқатим етмайди. Шунингдек, Пайғамбаримиз (алайҳиссалом) билан ҳижратдан қолиб, энди отам учун тўлов тўлашга боришдан ор қиламан дерди.

* * *

Бадр ва Уҳуд воқеаларидан сўнг мусулмонлар билан қурайшликлар ўртасида Ҳудайбия сулҳи тузилди. Шарт бўйича қурайшликлардан қочиб борган мусулмонларни қайтариб бериш, мусулмонлардан мушриклар томонга ўтганларни эса қайтиб олмасликка келишилди.

Абу Жандал мушриклардан қочиб келганди. Отаси Суҳайл ибн Амр: “Шартга амал қилишни шу ўғлимдан бошлайман”, деб уни судраб кетди. Абу Жандал: “Эй мусулмонлар жамоаси, мени мушрикларга бериб юборасизми?!” деб фарёд кўтарди. Шунда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Эй Абу Жандал, сабр қил! Аллоҳдан савоб умид эт! Аллоҳ сенга ва сен каби бошқа заифларга кенглик беради. Биз қавм билан сулҳ туздик. Берган аҳдимизга хиёнат қилмаймиз”, дедилар.

* * *

Ота-ўғил Маккага қайтишгач, Суҳайл: “Энди сенга кишаннинг кераги йўқ”, деб ўғлини қўйиб юборди. Аламдан қизишиб турган Абу Жандал: “Отажон, сиз қурайшликларга кўп нарса бердим деб ўйлайсизми?! Айтинг-чи? Қанча мусулмон динидан қайтди-ю, қанча қурайшликлар шу кунгача Исломга кирди? Аслида одамларингиз сизга хиёнат қилишидан қўрқасиз! Аммо Набий (алайҳиссалом) асҳобларидан хавфсирамайдилар. Буларнинг барчаси йўлингиз ботил, Муҳаммад (алайҳиссалом) йўли ҳақ эканига эътирофингиздир”, деди. Суҳайл: “Ҳеч бўлмаганда, бундан кейин Муҳаммаднинг биздан бўлган асҳоблари кўпаймайди!” деганда Абу Жандал айтди: “Одамларни шу шарт билан ҳижратдан тўссангиз ҳам, Исломдан қайтара олмайсиз. Улар уйингиз ичида сизга қарши бўлади. Мусулмонлар ичкаридан ҳам, ташқаридан ҳам ҳужум қилишади. Натижада, Макка сизга тор келади. Кутинг, эй Суҳайл ибн Амр, мен ҳам кутаман”.

* * *

Ҳудайбия сулҳидан сўнг қурайшликлар асирларини қўйиб юборишди. Фурсатдан фойдаланган Валид ибн Валид, Айёш ибн Робиъа, Салама ибн Ҳишом ва Абу Жандал каби саҳобалар Маккадан ташқарига чиқиб, Абу Басир атрофида бирлашишди. Қурайшликлар карвонидаги молларни ўлжа ола бошлашди. Танг аҳволда қолган мушриклар Ҳудайбиядаги қурайшдан қочиб борган мусулмонларни қайтиб олиш шартидан воз кечишди. Кейин Пайғамбаримиз (алайҳиссалом) Абу Басир бошчилигидаги бу тўдани тарқатиб юбордилар.

* * *

Абу Жандал Макка фатҳидан сўнг Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)га бориб қўшилди. Лекин бирор ғазотда қатнашмади. Пайғамбаримиз (алайҳиссалом) вафотларидан сўнг Шом фатҳида иштирок этди.

* * *

Абу Жандал ибн Суҳайл ибн Амр (розияллоҳу анҳу) ҳижратнинг саккизинчи йили Урдундаги Амвос вабосида вафот этди.

 

Манбалар асосида Юлдуз КОМИЛОВА тайёрлади.

«Ҳидоят»журналининг 2019 йил, 1-сонидан