Мақолалар

«Аллоҳни севсангиз, менга эргашинг!»

Чоп этилди Dekabr 11, 2018 No Comments

     Халқимизда  ҳар  йили  ҳижрий  йил ҳисоби бўйича рабиул-аввал ойи келганда “мавлид” маросимини ўтказиш анъанага айланган.

     “Мавлид” сўзи луғатда  “Мавлидун-набий” ёки “ал-набавий” тарзида қўлланиб, Муҳаммад алайҳиссаломнинг таваллуд топган кунларини  англатади.

     Кўплаб  мусулмон  мамлакатларида кенг тарқалган мавлид маросими, одатда рабиул-аввал ойининг 12-кунида ҳеч бир бидъат-хурофотсиз нишонланади.  Кўпгина  араб мамлакатлари, шунингдек, юртимизда ҳам мазкур кунда Имом Абу Жаъфар Барзанжий қаламига мансуб араб тилида ёзилган “Мавлид ан-набий” номи билан машҳур қасидасини ўқиш учун масжид ва хонадонларда  маросимлар ўтказилади.

     Ана шундай маросим жорий йилнинг 8 декабрь куни “Hilol-nashr” матбаа нашриёти ҳамда islom.uz портали таҳририяти томонидан “Аллоҳни севсангиз, менга эргашинг!” шиори остида ташкил этилди. Мавлид тадбири доирасида «Islom.uz» порталининг анъанавий «Islom.uz – 1439» танлови ғолибларини тақдирлаш маросими ҳам бўлиб ўтди.

     Тадбирда Тошкент шаҳри ва Тошкент вилояти жоме масжидларининг имом-хатиблари, имом-ноиблари, диний таълим муассасалари талабалари, бир қатор адиблар ва меҳмонлар иштирок этишди.

Анъанага кўра, Қуръони карим тиловатидан сўнг  сўз “Hilol-nashr” матбаа нашриёти раҳбари Исмоил Муҳаммад Содиққа берилди. Маърузачи ўз сўзларида Мавлиди шарифнинг мазмун-моҳияти ҳақида гапириб, жумладан бундай дедилар:

     – Бугунги тадбирдан кўзланган мақсад – Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳадисларига биноан у зотга жамоат  бўлиб  дуруд  салавотлар  йўллаш, у зотнинг сийратларидан хабардор бўлиш, одоб-ахлоқлари, бошқаларга яхшилик қилиш, ота-она ва катта ёшдагиларни ҳурмат қилиш, ҳалол-ҳаромнинг фарқига бориш, оила, фарзандларга ғамхўрлик қилиш, қўни-қўшнилар билан чиройли муносабатда бўлиш каби инсоний гўзал муомалаларни ўрганишдан иборат.

     Шундан сўнг Ҳасанхон Яҳё Абдулмажид ўз чиқишларида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга эргашишнинг заруратини саҳобалар ҳаётларидан келтирган мисоллар билан тушунтириб бердилар.

     “Усмон ибн Мазъун” жоме масжиди имом-хатиби Исҳоқжон Бегматов домла эса суннатнинг диндаги ўрни ва муҳим аҳамиятини оятлардан келган далиллар билан изоҳлаб бердилар.

     “Ислом ота” жоме масжиди имом-ноиби Ҳасанхон Яҳё Абдулмажид бошчилигидаги қорилар гуруҳи ҳамда ёш иштирокчилар томонидан Саййид Жаъфар ибн Ҳасан Барзанжийнинг “Мавлидун-набий” китобидан парчалар, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламга бағишланган қасидалар ўқилди, нашидлар айтилди.

     Маросимнинг иккинчи қисми ҳам ғоятда қизиқарли, таассуротларга бой ва ҳаяжонларга лиммо-лим бўлди. Бунда “Hilol-nashr” матбаа нашриёти томонидан кўзи ожиз Қуръон мухлисларига Брайл ёзувидаги Мусҳафлар ҳамда Қуръони карим ёзилган аудиодисклар ҳадя этилди.

     Кейин навбат «Islom.uz» порталининг анъанавий «Islom.uz – 1439» танлови ғолибларини тақдирлаш маросимига келди.

     Ҳакамлар ҳайъати аъзолари танловда иштирок этган барча мухлисларни самимий муборакбод этдилар. Шундан сўнг танловга юборилган асарларнинг савияси, аҳамияти, сифати ва даражалари ҳамда уларга қўйилган баҳоларни ҳисобга олган ҳолда танлов ғолибларини эълон қилдилар.

     Унга кўра, фахрли 1-ўрин – Муҳаммад Одил, 2-ўрин – Суннатуллоҳ Абдулбосит, 3-ўрин эса – Санжар Қобил ва Фотима Алийларга насиб этди.

     Шунингдек, Амруллоҳ Форсий, Даврон Нурмуҳаммад, Ихтиёржон Пўлатовлар танловнинг фаол иштирокчиларига айланишди.

     Тадбир сўнггида ғолибларга ташкилотчилар томонидан дипломлар, эсдалик ва қимматбаҳо совғалар ҳадя этилди.

Fikr bildirish

E-pochta manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy ma'lumotlar * bilan belgilangan