Оила

Шоҳ Шужоънинг қизи

Чоп этилди Fevral 6, 2020 Шоҳ Шужоънинг қизиda fikr bildirishni o'chirish

Шоҳ Шужоъ Кирмонийнинг бир қизи бўлиб, Кирмон волийлари унга талабгор эди. Шоҳ Шужоъ улардан уч кун муҳлат сўради ва бу вақт ичида масжидларни кезиб юрди. Бир масжидда намозини чиройли ўқиётган ёш йигитни кўрди. Ибодати тугагунича уни кузатди. Кейин ёнига бориб уйланган ёки уйланмаганини сўради. Йигит уйланмаганини айтди.

– Қуръони карим ўқийдиган, тақводор, гўзал қиз билан оила қуришни истайсанми? – яна сўради Шоҳ Шужоъ.

– Менга ким ҳам қиз берарди? – деди йигит. – Ёнимдаги уч дирҳамдан бошқа ҳеч нарсам йўқ…

– Мен бераман. Уч кумушнинг бирига нон, бирига қатиқ, яна бирига хўшбўйлик сотиб ол.

Шундай қилиб Шоҳ Шужоъ қизини бояги йигитга турмушга берди. Қиз фақир куёвнинг уйига кирганида нон бўлагини кўрди ва сўради:

– Бу нима?

– Сенинг насибанг, эртага эрталаб ейишинг учун олиб қўйгандим.

Келинчак уйига кетишга чоғланди. Буни кўрган йигит:

– Э-воҳ, – деди. – Шоҳ Шужоъдай одамнинг қизи мен билан яшолмаслигига кўзим етганди.

Қиз буни эшитиб айтди:

– Мен сенинг фақирлигинг сабабли эмас, имонинг заифлиги учун кетяпман. Сен оқшомда туриб, эрталабки таомингни ғамини қиляпсан. Мен эса отамнинг ишига ҳайрон бўляпман. У доим сени ҳаромдан сақланган, дунё­га муҳаббат қўймаган кишига бераман, дерди. Аммо мени Раббига эътимод қилмаган, қалбида ҳаловати йўқ одамга берибди…

Бу гаплардан таъсирланган йигит нонни олиб чиқиб бир фақирга берди, шундан кейингина қиз кетиш ниятидан қайтди.

Машраббону Неъматова тайёрлади.

“Ирфон” тақвимининг 2012 йил 4-сонидан олинди.