Саломатлик

Google ўз ходимларини соғлом овқатланиш тарзига ўтказишга ҳаракат қилмоқда

Чоп этилди Fevral 10, 2020 Google ўз ходимларини соғлом овқатланиш тарзига ўтказишга ҳаракат қилмоқдаda fikr bildirishni o'chirish

Google компаниясининг глобал озиқ-овқат дастури директори Майкл Баккер ходимларнинг соғлом овқатланишларига эътибор қаратмоқда.
Компания кейинги беш йил давомида ходимларга нафақат таомлар ёқиши, балки уларнинг соғлом бўлишлари учун озиқ-овқат дастурини ўзгартирди.

Бу ерда гўштли таомлар ва десертлар порциялари камайтирилмоқда, ходимлар газланган сув ва M&M’s ўрнига оддий сув ва меваларни танлаши учун хоналарнинг жойлашуви ўзгартирилмоқда.

Майкл Баккернинг сўзларига кўра, бундан мақсад, соғлом овқатланиш тарзини оддий ва ҳаммабоп қилишдир.


Натижа эса ёмонмас, деб ёзади OneZero. Google’нинг биргина Нью-Йоркдаги офисида ҳар куни 10 минг киши овқатланади. Нонуштага 2300 та салат тановул қилинмоқда, икки йил аввал эса бу ерда бирорта ҳам салат ейилмасди.

2017 йилдан 2018 йилгача денгиз маҳсулотларини истеъмол қилиш 85 фоизга ошди.
2018 йилда Нью-Йоркдаги «гуглчилар» оддий сувни ширин сувларга нисбатан беш баравар кўпроқ ичган.

Ҳозирда АҚШда семириш ҳар бешинчи бола ва ҳар учинчи катта ёшли кишида учрайдиган касаллик ҳисобланади. Вазиятни ўзгартиришга бўлган уринишлар ҳозирча самара бермаяпти.

«Google овқатланиш маданиятини ўзгартиришга ҳаракат қилмоқда», — дейди Йел университети профилактика тадқиқот маркази директори ва асосчиси Дэвид Кац.
Унинг фикрича, жамият саломатлиги ва ўзини тутишини ўзгартириш учун АҚШда худди мана шу даражага эришилиши керак.

Аммо Google’даги бу ўзгаришлардан ҳамма ҳам хурсанд эмас. Айримлар шарбат учун стаканлар жудаям кичкиналигидан шикоят қилган бўлса, айримлар «карам ейиш бекор қилинсин» каби петициялар билан чиқди. Нью-Йоркда эса компания ходимларнинг офисда Red Bull ичимлиги билан таъминлаш тўғрисидаги талабига бўйсунишига тўғри келди.