Мақолалар

“Ислом нури”нинг 3-сони нашрдан чиқди

Чоп этилди Fevral 12, 2019 “Ислом нури”нинг 3-сони нашрдан чиқдиda fikr bildirishni o'chirish

Қалбларга маърифат улашиб келаётган, муҳтарам газетхонлар интиқлик билан кутаётган севимли нашр – “Ислом нури” газетасининг навбатдаги сони чоп этилди.

Газета ўтган ойнинг сўнгги ўн кунлигида Саудия Арабистони Ҳаж ишлари вазири доктор Солиҳ Бентин таклифига биноан, «Ҳаж – 2019» мавсумининг ташкилий ишларини келишиб олиш мақсадида Дин ишлари бўйича қўмита раиси Жасур Акрамов ва Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари бошчилигидаги делегация Саудия Арабистонида хизмат сафарида бўлиб қайтганлари, Делегация аъзолари Саудия Арабистони Ҳаж ишлари вазири билан учрашиб Ўзбекистон Республикаси ва Саудия Арабистони Подшоҳлиги ўртасида Ҳаж шартномаси имзолагани, ҳаж тартиботлари ва жадвали бўйича Ўзбекистон ҳожиларининг ҳаракатланиши юзасидан келишиб олингани ҳақидаги юртдошларимиз учун ниҳоятда муҳим бўлган хабар билан бошланган.

“Бебаҳо туҳфа” сарлавҳали мақолада Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси раҳбари Шоазим Миноваров марказнинг биноларини қуриш, унинг моддий­-техник базасини мустаҳкамлаш борасидаги ишларга ҳомийлик қилаётган ватандошимиз марказга қиймати 8 миллион долларга тенг бўлган 4 923 номдаги нодир китоблар коллекциясини туҳфа қилганини маълум қилган.

“Газетхон талабига биноан” рукнида мероснинг меросхўрлар ўртасида қандай тақсимланишига бағишланган “Мерос қандай тақсимланади?” сарлавҳали мақола эълон қилинганки, буни ўқиган кишилар, мерос илмига оид кўп нарсаларни ўрганиб олади, иншоаллоҳ.

Буюк мутафаккир Алишер Навоий таваллудига бағишлаб эълон қилинган “Буюклар ибтидода интиҳо ғамини ейдилар” мақоласининг сарлавҳасининг ўзиёқ буюкларнинг улуғлигига далолат қилувчи гўзал фазилатдан дарак бермоқда.

“Исроф – жаҳолатнинг бир тури” сарлавҳали мақолада бой ҳаётий тажрибага эга бўлган фахрий педагог тўй, маъракаларда, байрам тадбирларида исрофга йўл қўймаслик кераклиги, бундай исрофнинг гуноҳи катта бўлиши ҳақида сўз юритган.

“Масъулиятдан қочган – гуноҳга ботар” мақоласида ҳам ғоят долзарб мавзуда сўз борган. Хусусан, мақолада, оила юкини зиммасига олишдан чўчиётган эркакларни дадилликка ундаб, бир неча ҳадиси шарифлар мисол қилиб келтирилган, жумладан, қуйидаги ҳадисда: Киши сарф қиладиган маблағ орасида энг афзали аҳли аёлига харжлаганидир”, дейилган (Имом Муслим ривояти);

Имом Бухорий ривоят қилган ҳадисда эса киши аёлига сув ичирса ҳам, савоб олиши айтилган, дейилади ва оила бошлиқлари буни англаб етиши зарурлиги таъкидланади.

Газетанинг сўнгги саҳифасида янги чиққан китоблар – “Фарзанднома” ва ”Мўътабар мўмина аёллар” ҳақида маълумот берилган.