Мақолалар

Ижтимоий тарбия масъулияти

Чоп этилди Fevral 13, 2020 Ижтимоий тарбия масъулиятиda fikr bildirishni o'chirish

Ижтимоий тарбиядан мақсад – болани ёшлигиданоқ одамлар билан яхши муомала қилиш одобига ўргатиб, маънавий баркамол этиб вояга етказишдир. Бу тарбия ҳам муборак Ислом ақидаси ва чуқур имон туйғусидан озиқланади. Бундай тарбия кўрган бола жамиятда гўзал муомаласи, одоби, ақли билан ажра­либ туради.

Шубҳасиз, бола тарбияси ота-она, мураббийлар учун муҳим масъулият ҳисобланади. Юқорида айтиб ўтил­ганидек, ҳар қандай тарбия имон, хулқ ва нафс тарбиясининг умумий маҳсулидир. Ижтимоий назорат ва тўғри сиёсат таъсирида тарбия топган бола ўз бурчларини бажариб, одоб қоидаларига риоя қилади.

Тажрибадан маълум, жамият соғлом, кучли ва мустаҳ­кам бўлиши учун унинг ҳар бир аъзоси ҳар то­мон­лама соғлом бўлиши зарур. Бу ўринда Ислом таъ­лимотининг ижтимоий ва ахлоқий тарбиядаги беқиёс ўрнини ало­ҳида таъкидлаш муҳим. Устоз-мураббийлар ижтимоий тарбияда катта масъулият ва ғайрат кўрсатишлари керак. Ижтимоий тарбиянинг амалий услублари нималардан иборат? Бу услуб тўрт ишда кўринади.

  1. Фазилатли қалбни тарбиялаш.
  2. Бошқалар ҳақига риоя қилиш.
  3. Умумижтимоий одобларни ўргатиш.
  4. Назорат ва ижтимоий танқид.

1. Фазилатли қалбни тарбиялаш. Ислом яхши тарбия қоидаларини катта-кичик, эркак-аёл, ёш ва кекса одамлар қалбида ҳаё, одоб ва эзгулик қоидаларига кўра қоим қилди. Исломий шахсият шу хислатлар билан мукаммал ва тўлиқ бўлади. Эзгу фазилатли қалбни тарбиялашга доир Исломнинг бебаҳо кўрсатма ва тўғри йўриқлари бор. Улар ижтимоий тарбияни етук ва мукаммал қилади. Натижада жамият ўзаро ҳамкорлик, ишонч­ли бир­дамлик, юксак одоб ва ўзаро муҳаббатга асосланган ҳолда тараққий топади. Бу йўриқлардан энг олдиндагиси бола қалбида тақво уйғотишдир.

Тақво

Тақво Аллоҳдан ва азобидан қўрқиш, кечири­шини ва савобини умид қилишдир. У нафсни назорат қилиш билан ҳосил бўладиган имон шуурининг табиий самараси ва муқаррар натижасидир. Уламолар унга қуйидагича таъриф берадилар:

“Тақво Аллоҳ қайтарган ишга яқин йўламаслик ва буюрган ишидан оғмасликдир”. Бошқа баъзи уламолар қуйидагича таърифлайди:

“Яхши амаллар ила Аллоҳ ғазабидан сақланиш ва Аллоҳдан яширин ва ошкор қўрқиш”. Қуръони карим кўп оятларда тақво фазилатига буюради ва унга қизиқти­ришга аҳамият беради. Шунинг учун саҳо­ба­лар ва салаф олимлар тақвога катта эътибор беришган, уни топганлар, унга интилганлар ва у ҳақда сў­ра­ганлар.

Убай ибн Каъб Умар ибн Хаттобдан (розияллоҳу анҳу) тақво ҳақида сўради. У киши: “Тиконли йўлда юрганмисан?” дедилар. Убай: “Ҳа, юрганман”, деди. Умар ибн Хаттоб: “Қандай юргансан?” деб сўрадилар. У: “Кийимимни шимардим ва тиришдим”, деди. У киши: “Мана шу тақво”, дедилар.

Тақво мўмин қалбига Аллоҳдан қўрқиш ва Унинг назоратида эканини англаш ҳиссини тўлдиради. У бар­ча ижтимоий одоблар манбаи, гуноҳлар ва муфсид­лар­дан сақловчи ягона йўлдир. Шунингдек, у жамиятни бут қилувчи омилдир. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Тақво мана бу ерда”, деб уч бор кўкракни кўрсатганлар. Бундан эса ижтимоий тарбияда қалб катта аҳамиятга эга экани англашилади.

Тақвонинг таъсири ҳақида баъзи намуналар: Имом Ғаззолий “Иҳё” китобида ривоят қилади. Юнус ибн Убайднинг дўконида қиймати 400 дирҳамлик ва 200 дирҳамлик матолари бор эди. Бир куни намоз ўқиш учун масжидга кетишида ўрнига акаси­нинг ўғлини қўйди. Бир аъробий келиб 400 дирҳамлик матони сўради. Сотувчи унга 200 дирҳамлик матони кўр­сатди. У уни чиройли деб рози бўлди ва 400 дирҳамга сотиб олди. Йўлда унга Юнус рўпара келди ва матони таниб қолиб: “Қанчага сотиб ол­дин­гиз?” деб сўради. У: “400 дирҳамга”, деди. Юнус: “Бу мато 200 дирҳамдан баланд турмайди, уни қайтариб бер”, деди. Шунда аъробий: “Бизнинг шаҳримизда 500 дирҳамдан сотишади, мен бу нархга розиман”, деди. Юнус эса: “Мен билан қайт, чунки динимизда тўғ­ри­лик мол-дунё ва ундаги нарсалардан яхшидир”, деди. Сўнгра уни дўконга олиб бориб, 200 дирҳам қайтариб берди. Ва акасининг ўғлига бу борада танбеҳ берди. Сўнгра: “Аллоҳ­дан уялмай­санми? Аллоҳдан қўрқмайсанми? Мусулмонларни алдаб, пул фойда қиласанми?” деди. Шунда ҳалиги харидор: “Ал­лоҳга қасам, у рози бўлгани учун олдим”, деди. Юнус: “Ўзинг ундан рози бўлганингдек, унга ҳам рози бўл­майсанми?” деди.

Абдуллоҳ ибн Динор шундай ривоят қилади: “Умар ибн Хаттоб (розияллоҳу анҳу) билан Маккага йўлга чиқдик, йўлда дам олиш учун тўхтадик. Тоғдан бир чўпон ёнимизга келди. Унга: “Эй чўпон, бир қўй сотгин”, дедик. У: “Мен қулман”, деди. Умар ибн Хат­тоб (розияллоҳу анҳу) синаш учун: “Хўжангга бўри еди, деб айтгин”, деди. Шунда чўпон: “Хўжайин-ку ишонар, лекин Аллоҳни нима деб алдайман?” деди. Умар ибн Хаттоб (розияллоҳу анҳу) йиғладилар, сўнгра қул билан билан бирга уйига бориб, уни хожасидан сотиб олди ва озод қилди. Сўнг: “Бу сўз сени бу дунёда озод қилди, охиратда ҳам (дўзахдан) озод қилишидан умидворман”, деди.

Она билан қиз ўртасида бўлиб ўтган ушбу қиссани кўпчилик билади: она сутга сув қўшиб, кўпроқ фойда кўришни хоҳлайди, қизи эса мўминлар амири бундан қайтарганини эслатади. Она: “Биз қаердамиз, амир қаерда? У бизни кўриб ўтирибдими?” дейди. Қиз эса қатъият билан қаршилик кўрсатади: “Мўминлар амири кўрмаётган бўлса ҳам, мўминлар амирининг Раббиси бизни кўриб турибди”, дейди.

Фарзандларни тақвога ўргатиш вожибдир.

2. Қардошлик (биродарлик). У руҳий муносабат бўлиб, муҳаббат ва ҳурматга асосланади. Одамларни бир-бирига исломий ақида алоқалари ва имон, тақво хислатлари билан боғлайди. Қардошлик ўзаро ҳамкор­лик ва бошқани ўзидан ортиқ кўришда, мулойим қалб ва кечиримлиликда кўринади, жамиятнинг мол-жони ва обрўларига зарар берувчи ҳар қандай нарсадан узоқ бў­лиш ҳиссини пайдо қи­лади.

Ислом Аллоҳ йўлидаги қардошликка ундайди. Унинг мақсади, бурчлари Қуръон оятлари ва ҳадисларда баён қилинди.

«Албатта, мўминлар динда ўзаро биродардирлар…» (Ҳужурот, 10).

 «Биз сени биродаринг (Ҳорун) билан қувватлантирурмиз…» (Қасас, 35).

 «…ўзаро адоватда бўлган пайтларингизда дил­ла­рингизни (туташтириб) ошно қилиб қўйган Ал­лоҳ­нинг неъматини ёдда тутинг. Унинг неъмати ту­фай­ли биродарларга айландингиз…» (Оли Имрон, 103).

Имом Муслим ривоят қилади. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Мусулмон мусулмоннинг қардоши, унга зулм қилмайди, (душманга) топширмайди, хорламайди, таҳқирламайди. Мусулмон кишининг биродарларини таҳқирлаши унга ёмонлигига ки­фоя қилади. Мусулмонга бошқа мусулмоннинг қони, моли ва обрўси ҳаромдир. Тақво мана бу ерда”, деб уч марта айтиб, кўкракларига ишора қилдилар.

Имом Бухорий ва Имом Муслим ривояти: “Одам ўзи яхши кўрган нарсани биродарига илинмагунича ҳақиқий мўмин бўла олмайди”.

Имом Муслим ва Имом Аҳмад ривояти: “Дўстлашиш, ўзаро меҳрибонлик ва раҳмдилликда мўминлар бир вужудга ўхшайди. Унинг бир аъзоси азоб чекса, бошқа аъзо­лари ҳам вақтни уйқусизлик ва иситма қилиш билан ўтказади”.

Имом Муслим “Саҳиҳ” китобида ривоят қилади. Аллоҳ таоло қиёмат куни: “Менинг жалолим ила муҳаббат қилишганлар қани? Менинг соямдан ўзга соя бўлмаган бу кунда уларни Ўз соямга олурман”, дейди.

Асрлар оша Ислом жамиятида одамларнинг ўзаро муомаласи, кўнгил сўраши, бошқаларни ўзидан устун қўйиши ва ўзаро ёрдамни аямаслиги Аллоҳ йўлидаги муҳаббат ва қардошлик (биродарлик) натижасидир.

Баъзи ибратли мисоллар билан танишсак.

Ҳоким “Мустадрак”да ривоят қилади: Муовия ибн Абу Суфён (розияллоҳу анҳу) Ойша онамизга (розияллоҳу анҳо) 80 минг дирҳам юбордилар. У киши рўзадор эдилар. Эгниларида эски кўйлак. Бу пулларни ўша вақтнинг ўзида фақирлар, мискинларга тақсимлаб бердилар. Ундан бир дирҳам ҳам қолмади. Шунда у кишига хизматчиси: “Эй мўминлар онаси, ифтор қилиш учун ўзимизга ҳам бирор дирҳам олмадингизми?” деди. “Эй қизим, агар эслатганингда, албатта олардим”, дедилар у зот (розияллоҳу анҳо).

Табароний “Кабир”да ривоят қилади. Умар ибн Хаттоб (розияллоҳу анҳу) 400 динор пулни ҳамёнга солдилар ва хизматкорига: “Буни Абу Убайда ибн Жарроҳга олиб бориб бер”, дедилар. Хизматкор пулни олиб борди ва: “Мўминлар амири сиз буларни ўз ҳожатингизга ишлатишингизни айтдилар”, деди. Абу Убайда: “Аллоҳ Умарга раҳмат ёғдирсин”, дедилар, сўнгра: “Эй хизматчи, бу етти динорни фалончига, бу беш динорни фалончига ва бу беш динорни фалончига олиб бориб бер”, деб пулни тақсимладилар. Хизматчи Умар (розияллоҳу анҳу) ёнига қайтиб, воқеани сўзлаб берди. Умар (розияллоҳу анҳу) яна шунча дирҳамни Муоз ибн Жабал учун тайёрлаб қўйган эди. “Буни Муозга олиб бориб бер!” дедилар. Хизматчи пулни олиб бориб берди ва: “Буни ўз ҳожатингизга ишла­тишингизни мўминлар амири айтиб юбордилар”, деди. У киши: “Аллоҳ у кишига раҳмат ёғдирсин”, дедилар. Сўнгра: Эй хизматчи, бунчаси фалончига ва бунчаси фалончига”, деб тақсимлаётганларида бир аёл келиб қолди. У Муознинг хотини эди. У аёл: “Аллоҳга қасам, биз камбағалмиз, бизга ҳам беринг”, деди. Ҳамёнда икки дирҳам қолган эди. Муоз шу икки дирҳамни аёлга отди. Шундан сўнг хизматчи келиб, Умарга (розияллоҳу анҳу) воқеани айтиб берди. Бундан Умар (розияллоҳу анҳу) хурсанд бўлдилар ва: “Улар бир-бирлари билан қардош (биродар)дирлар”, дедилар.

Ҳазрат Умар (розияллоҳу анҳу) даврларида қаттиқ қаҳатчилик бўлди. Шомдан Ҳазрат Усмоннинг минг туяда озиқ-овқат ва либослари юкланган карвон келди. Тижоратчилар ҳар томондан бу карвондаги юк­ларни сотиб олиш ис­та­гида югуриб келишди. Уларга: “Қанча фойда берасизлар”, дейилди. Улар: “Беш фоиз фойда берамиз”, де­йишди. “Бу фойдадан кўпроқ берадиганни топдик”, дейилди. Улар: “Бу фойдадан кўпроқ берадиганни билмаймиз”, дедилар. Уларга Усмон (розияллоҳу ан­ҳу): “Мен бир дирҳамга 700 ва ундан кўпроқ берувчини топдим. Мен Аллоҳни топдим”, деди ва ушбу оятни ўқиди:

«Аллоҳ йўлида молларини эҳсон қилувчилар (савобининг) мисоли гўё бир донга ўхшайдики, у ҳар бир бошоғида юзтадан дони бўлган еттита бошоқни ундириб чиқаради. Аллоҳ хоҳлаган кишиларга (савобини) янада кўпайтириб беради. Аллоҳ (карами) кенг ва билимдон зотдир» (Бақара, 261).

Сизлар гувоҳсизлар, эй савдогарлар! Карвон ва ундаги буғдой ва ун, зайтун ва сариқ ёғ ҳаммасини Мадина фуқаро (камбағал)ларига ҳиба қилдим ва, албатта, у мусулмонларга садақадир”, деди ҳазрат Усмон (р.а).

Имом Бухорий “Адаб ал-Муфрад” китобида Ибн Умар­дан (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади: “Бир вақт­лар келди, бирон киши динор ва дирҳамча му­сул­мон биродаридан ҳақлироқ бўлмади”.

Болаларимизни биродарлик, ўзаро меҳр-муҳаб­бат­ ру­ҳи­да тарбиялаш бизга вожибдир.

3. Меҳрибонлик (раҳмат). У қалбдаги юмшоқлик, виждонда сезгирлик ва ақл­да ўткирликдир. Меҳрибон қалб бошқаларга ачи­нади, улар учун азобланади, уларга раҳм қилади, ғам ва азият кўз ёшларини аритади (тўхтатади). Меҳри­бон­лик мўминга азият беришдан, жи­ноятдан асрайди. Бундай фазилат эгаси барча ин­сон­ларга тинчлик ва яхшиликни тилайди. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) инсонларнинг бир-бирига меҳрибонлиги Ал­лоҳнинг уларга бўлган меҳри­бонлигидир, деб таърифлаганлар.

Имом Термизий, имом Абу Довуд ва имом Аҳмад ривоят қиладилар. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Меҳ­ри­бонларга Аллоҳ меҳрибон бўлади, (ерда) бош­қа­ларга меҳ­ри­бон бўлинглар, сизларга ҳам ос­мондаги Зот меҳ­ри­бон бўлур”, дедилар.

Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) меҳ­ри­бон­ликдан маҳрум бўлганларни бахтсиз киши деб таърифлаганлар.

Имом Термизий, имом Абу Довуд ва бошқалар ри­во­ят қилади. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва сал­лам): “Бахтсиз кишида меҳрибонлик бўлмайди” де­ди­лар. Мў­мин фақат мўмин қардошига эмас, бошқаларга ҳам меҳ­рибонлик кўрсатади.

Табароний ривоят қилади. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алай­ҳи ва саллам) саҳобийларига: “Бир-бирингизга меҳрибон бўлмагунча мўмин бўлмайсизлар”, дедилар. Ҳазрат Умар: “Ё Расулуллоҳ, барчамиз меҳрибонмиз”,  деди. Шунда у зот: “У бирингиз ўз дўстига қилган меҳрибонлик эмас, балки халққа қилинган меҳрибонликдир”, дедилар. Расулуллоҳнинг (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бу кўрсатмаларидан маълум бўладики, меҳрибонлик фақат мусулмонларга эмас, балки барча инсонларга меҳрибон бўлиш экан. Ана шундай меҳрибонлик инсоннинг ҳақиқий мўминлигини кўрсатади. Агар бундай меҳрибонлиги бўлмаса, инсон комилликка етишолмайди. Мўмин киши тақво қилади ва бировга озор беришдан тийилади.

Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бир фоҳиша аёл итга сув бергани учун Аллоҳ гуноҳидан ўтиб, унга жаннат эшикларини очгани ва бошқа бир аёл мушукни қамаб қўйиб, унга сув ва нон бермай ўлдиргани сабаб, раҳмсиз аёлни дўзахга маҳкум қилгани ҳақида сўзлаганлар.

Демак, инсон одамларга, ҳайвонот ва набототга ҳам меҳрибон бўлиши керак. Ҳазрат Умар (розияллоҳу анҳу) бир киши қўйини сўйиш учун оёғидан судраб олиб бораётганини кўрди. Шунда унга: “Сенинг ҳолингга вой бўлсин! Уни ўлимга чиройли ҳолда олиб бор”, деди.

Исломий тарбия натижасида шаклланадиган меҳ­ри­бонликка айрим мисоллар келтирсак:

Тарихчилар ривоят қилади. Амр ибн Ос Миср фатҳида қурган чодирининг устига кабутар ин қурди. Амр кетмоқчи бўлганида инни кўриб қолди ва чодирни бузиб, қушга зулм қилишни истамади. Чодирни бузмай ташлаб кетди. Чодир атрофида аҳоли кўпайди ва бу жой “Фустот”, яъни “Чодир” деб аталувчи шаҳарга айланди. Бу Миср шаҳрининг эски номидир.

Умар ибн Хаттоб жоҳилият вақтларида қалби қаттик, раҳм-шафқатсиз деб танилган эди. Ислом тар­бияси унинг қалбида меҳрибонлик (раҳмат) булоғини очгач, ҳар бир иши учун Аллоҳ ҳузурида масъулият сеза бошлади. Ҳатто йўл бермагани оқибатида йи­қи­либ ўлган хачир учун ҳам ўзини жавобгар ҳисобларди.

Абу Бакр (розияллоҳу анҳу) Усома ибн Зайд аскарларига: “Аёлларни, кексаларни ва гўдакларни ўлдирманглар, хурмо ва мевали дарахтларни кесманглар, уйларида ёлғиз ўтирган кишиларга тегманглар”, деб насиҳат қилган эди.

Ислом таълимоти аёллар, кексалар ва гўдакларга, мевали дарахтларга, уйда ўтирган тинч аҳолига уруш вақ­тида ҳам зарар етказмасликка ундайди. Ҳозирда дунёда рўй бераётган қўпорувчилик ва тинч аҳолини портла­тиш каби воқеалар Ислом таълимотига зид хатти-ҳара­катлардир.

Мусулмонлар ҳузуридаги вақф мол-мулклари:

  1. Уйсизлар вақфи – уйсизларни очликдан сақлаш, бошпана билан таъминлаш учун махсус ажратилган мол-мулк. Одамлар мол-мулкли бўлгунича ёки вафот этгунича ҳам шу ерда яшайверган.
  2. Тўйлар вақфи – хурсандчилик ва тўй муносабати учун кийим ва зеб-зийнатларни камбағалларга эвазсиз вақтинча бериладиган вақф тури. Бу билан камбағал хурсандчилик кунини тоза кийимда гўзал шаклда ўтказади, кўнгли хотиржам бўлади, кўпчилик орасида ўксинмайди.
  3. Ғариб ва касал кишилар дўстлик вақфи. Оғир беморларнинг касалини енгиллатиш учун махсус шинаванда одам тайинланади. У чиройли ҳикоя, ривоят, шеър ёки қўшиқлар билан хастанинг кўнглини кўтаришга ҳаракат қилади.
  4. Тортиқ вақфи – бирор-бир буюмни синдириб ёки бериб юборган хизматкор хўжайин ғазабига учрамаслиги учун жорий этилган. Бошига шундай ташвиш тушса, хизматчи вақф идорасига синган буюмни бе­риб, ўрнига янгисини олади ва бу билан ғазабу азобдан нажот топади.

Шунингдек, очни тўйдириш, чанқаганга сув бериш ва яланғочга кийим бериш, майитни кўмиш, етимни кафилликка олиш, изтироб чекаётган кишига ёрдам бериш ва ожизнинг кўнглини сўрашга йўналтирилган вақфлар ҳам бор.

Шубҳасиз, вақф ва хайрия жамғармалари илм даргоҳла­ри ва бошқаларга кўмак бериши, яхшиликка интилиш кабилар Аллоҳ мўминларнинг кўнглига солган меҳрибонлик (раҳмат)дан қолган излардир.

Бу қадриятлар асрлар оша қон-қонимизга сингди, ма­даниятимизга айланди. Биз ҳам фарзандларимизда шундай фазилатларни тарбиялашимиз лозим.

4. Бошқани ўзидан ортиқ кўриш. Бу руҳий туйғу инсоннинг яхшилик ва фойдали ишларда бошқани ўзи­дан устун қўйишидир. Бу ишда Аллоҳ ризолиги ният қи­линса, имон содиқлиги, хулқ ва руҳ пок­ли­ги­нинг биринчи қоидалари бажарилган бўла­ди.

Бизга Қуръони каримда Ислом жа­мия­ти аъзоси бўлган ансорийларнинг сифатлари келтирилгани иб­рат­дир. Бу сифатлар ўзаро мулойимлик, бошқаларни афзал кўриш ва ҳамдардликда кўринади.

«Улардан (муҳожирлардан) илгари (Мадинадек) диёрда яшаган ва имонни сақлаганлар (ансорлар) эса ўзлари (ёнлари)га ҳижрат қилиб келган кишиларни суйгайлар ва дилларида уларга берилган нарса (ўл­жалар) сабабли ҳасад сезмаслар ҳамда ўзларида эҳтиёж бўла туриб, (эҳсон қилишда бошқа муҳожирларни) ихтиёр қилурлар. Кимки ўз нафси бахиллигидан сақлана олса, бас, ана ўшалар (охиратда) нажот топувчилардир» (Ҳашр, 9).

Ўз ихтиёри билан ўзидан бошқани афзал кўриш ва ижтимоий ҳамдардлик ансорийлар хулқида жило­ланди, башарият тарихида уларнинг ўхшашини топа олмайсиз. Ансорийлар динлари учун қувилган ва ватан­ларидан ҳайдалган, дунё зийнатлари ва мато­ларидан узилган му­ҳожир биродарларини ўзларига ше­рик қилдилар. Уларга ёрдам бердилар. Ҳаёт наси­ба­ла­рида уларни ўзларидан афзал кўрдилар. Агар улар­дан бири вафот этса, иккинчилари меросхўр бўлишди.

Жамиятда бошқани афзал кўриш намуналари. Имом Ғаззолий “Иҳёу улумид-дин” китобида Ибн Умардан (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади.

У киши: «Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) саҳобаларидан бирига бир қўй калласи ҳадя қилинди. Шунда у: “Мендан ҳам муҳтожлар бордир”, деди ва қидириб топиб, унга берди. У ҳам ўзидан муҳтожроқни излаб топиб, унга берди. Шу тарзда биридан бошқага ўтиб, ҳатто етти кишидан сўнг яна биринчи саҳобага қайтиб келди», деди.

Мўминлар онаси, Асад қабиласидан бўлган Зайнаб бинти Жаҳш “уммул масакин”, яъни “фақирлар онаси” лақабини олганлар. Бунга ўзларидан бошқани афзал кўриш ва ҳамдард бўлишлари сабаб бўлди.

Ибн Саад “Табақот” асарида ривоят қилади.

Бараза бинти Бойиъ айтиб берди. Ҳадялар йиғилганида, Умар ибн Хаттоб унинг (Зайнабнинг) улушини бериб юборди. Юк ташувчи кирганида: “Аллоҳ Умарни мағфират қилсин! Биродарларим орасида буни тақсимлашга мендан кўра у муносиброқ”, деди. Шунда улар: “Бунинг барчаси сенга”, дейишди. “Субҳаналлоҳ”, деб кийими билан уни беркитди ва: “Тўкинглар ва устига кўйлакни ташланг­лар”, деди. Қиссачи айтади: “Сўнгра менга: “Қўлингни тиқ ва қисмлаб олиб фалончининг болаларига етказиб бер, фалончининг болаларига ҳам… деяверди, ҳатто ҳадядан фақат кўйлак остидагиси қолди”. Зайнаб бинти Жаҳшга Бараза бинти Бойиъ: “Сизни Аллоҳ мағфират қилсин, эй мўминлар онаси, Аллоҳга қасам, бунда менинг ҳақим бор эди”, деди. Шунда: “Кўйлак остидаги сизга”, деди. Бизлар кўйлакни олиб қарасак, саксон беш дирҳам қолган экан.

Олдинги саҳифалардан бирида Ойша онамиз (розияллоҳу анҳо) минг дирҳамга тенг бўлган ҳадяларни фақир ва камбағалларга тақсимлаб, ўзларига ифторлик қи­лишлари учун бир дирҳам ҳам қолдирмаганлари ҳақида ривоят келтирилган эди. Агар хизматчилари эслатганида, Ойша онамиз (розияллоҳу анҳо) албатта олар эдилар, лекин бошқаларни хурсанд қилиш учун ўзларини унутган эдилар.

Қуртубий ривоят қилади: «Ярмук куни амакимнинг ўғлини излаб чиқдим. Қўлимда сув бор эди. Ва мен: “Агар чанқаган киши бўлса, сув бераман”, дедим. Ногоҳ амаким ўғлини кўрдим ва: “Сув берайми?” дедим. У боши билан “ҳа” деб ишора қилди. Шунда бошқа киши “оҳ… оҳ…” дерди. Амаким ўғли сувни унга беришимни ишора қилди. Борсам, у Ҳишом ибн Ос экан. Унга: “Сув берай­ми?” дедим. У “ҳа” деб ишора қилди. Шунда бошқа бир киши “оҳ… оҳ…” деганини эшитдим. Ҳишом унга олиб бориб беришимни ишора қилди. Унга борганимда у ўлган экан, шунда тезлик билан Ҳишомга борсам, у ҳам ўлган. Шундан сўнг амакимнинг ўғлини йўқладим, афсус, у ҳам ўлган экан». Улар ўзларидан бошқани афзал кўргани учун биронтаси сув ичмадилар. Яхшиликни ўзидан кўра бошқаларга илиниш, бошқаларни деб ўзидан кечиш улуғ хулқ, улуғ фазилатлардандир.

5. Афв (кечириш). Афв (кечириш) Аллоҳ ато этган улуғ руҳий туйғу бўлиб, кишига бировдан руҳий ёки жисмо­ний зарар етса-ю, уни қайтаришга қурби етатуриб, ҳаддан ошган кишидан ўзини паст тутишдир. Ва бу Пайғамбаримизнинг (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) “Кечиримли бўлинглар”, деган таълимларига биноандир. Лекин кечиримлилик ҳам меъёридан ошмагани дуруст, чунки бундай афв хорлик, хўрланиш, ўзини пастга уриш ва ожизликни билдиради. Кечириш имоннинг мустаҳкамлигига далолат, хулқий сифат ва улуғ исломий одобдир.

Қуръони карим шунга буюради ва кўп оятларда унга чақиради:

«…Кечиб юборишингиз тақвога яқиндир. Ўзаро бир-бирингизга фазл (мурувват) қилишни унутмангиз…» (Бақара, 237).

 «Яхшилик билан ёмонлик баробар бўлмас. Сиз (ёмонликни) гўзалроқ (муомала) билан даф қилинг! (Шунда) бирдан сиз билан ўрталарингизда адоват бўлган кимса қайноқ (қалин) дўстдек бўлиб қолур» (Фуссилат, 34).

 «Раҳмоннинг (суюкли) бандалари ерда камтарона юрадиган, жоҳил кимсалар (бемаъни) сўз қотганда, “Саломатлик бўлсин!” деб жавоб қиладиган кишилардир» (Фурқон, 63).

«…ғазабларини ютадиган, одамларни (хато ва камчиликларини) афв этадиганлардир. Аллоҳ эзгу­лик қилувчиларни севар» (Оли Имрон, 134).

Маълумки, мўмин киши ҳалим, кечирувчан ва мурувватли бўлса, у мулойимлик, олий хулқ ва чирой­ли ҳис-туйғуда бошқаларга ўрнак бўладиган даражага ета­ди. Бамисоли пок, соф фариштадек бўлади. Ҳалим, ке­чирувчан, мурувватли бўлиб ўтган салафларнинг ҳа­ёт­ларидан баъзи намуналар келтирамиз:

Абдуллоҳ ибн Тоҳир бундай ҳикоя қилади: Маъмуннинг ҳузурида эдим. У хизматчисини: “Эй хизматчи!” деб чақирди. Ҳеч ким жавоб бермади. Сўнгра иккинчи бор қичқириб: “Эй хизматчи!” деди. Шунда бир турк хизматчи кириб келди ва: “Хизматчи еб-ичмасинми, ҳар қачон ёнингиздан кетсак, эй хизматчи, эй хизматчи, деб қичқирасиз?” деди. Маъмун бошини узоқ вақт эгиб турди ва менга қараб: “Эй Абдуллоҳ, агар хожасининг хулқи чиройли бўлса, хизматчиси­нинг хулқи ёмон бўлар экан. Мен хизматчимнинг хулқи яхши бўлсин деб, ўзимнинг хулқимни ёмон қила олмайман”, деди.

Зайнул Обидин ибн Ҳусайн (розияллоҳу анҳу) хизматчисини икки марта чақирди, у жавоб бермади. Шунда Зайнул Обидин: “Чақирганимни эшитдингми?” деб сўради. Хизматчи: “Эшитдим”, деди. Шунда у киши: “Жавоб беришдан сени нима қайтарди?” деди. Хизматчи: “Сиздан тинчман ва хулқингиз ҳалимлигини биламан, шу боис жавобда эриндим”, деди. У киши: “Хизматчимни мендан тинч-омон қилган Аллоҳга шукрлар бўлсин”, деди.

Яна шу кишидан ривоят қилинади:

Бир куни у киши масжидга чиқди. Масжидда бир одам уни ҳақоратлади. Шунда у кишининг хизматчиси уни ур­моқчи бўлган эди, Зайнул Обидин уни қайтарди. Ва уларга: “Қўлларингни тийинглар” деб, сўнгра ўша одамга қараб: “Ҳой, мен сен айтганингдан ҳам зиёдман. Мен сен билганингдан кўпини биламан. Агар хоҳласанг, айтиб бераман”, деди. Шунда у одам уялиб, қилган ишидан хижолат чекди. Сўнгра Зайнул Обидин кўйлакларини ечди ва унга минг дирҳам беришга буюрди. У одам кетар экан: “Гувоҳлик бера­ман­, албатта бу йигит Расулуллоҳ (соллаллоҳу алай­ҳи ва саллам) авлодларидан”, деди.

Яна у кишидан ривоят қилинади.

Бир кун хизматчиси сопол офтобада сув қуйиб турганида, офтоба тушиб кетиб синди, Зайнул Оби­диннинг оёқлари жароҳатланди. Хизматчи шошиб: Эй хўжайин, Аллоҳ:

 «…ғазабларини ютадиган…» (Оли Имрон, 134) деди.

Шунда Зайнул Обидин “ғазабимни ютдим”, деди. Ва хизматчи деди:

5   6  78  «…одамларни (хато ва камчиликларини) афв этадиганлардир» (Оли Имрон, 134).

Шунда у киши: “Сени кечирдим”, деди. Хизматчи яна:

«… Аллоҳ эзгулик қилувчиларни севар» (Оли Имрон, 134) деди.

Шунда Зайнул Обидин: “Аллоҳ йўлида озодсан”, деди. Хизматчи қул эди, озод бўлди.

Ибн Аббосдан (розияллоҳу анҳу) ривоят қилинади: Уйайна ибн Ҳасан келгач, амакисининг ўғли Ҳарр ибн Қайс уйига тушди. У киши Умарга яқин кишилардан эди. Чунки у киши мўминлар амирининг кекса ва ёш машварат асҳобларини меҳмон қилар эди. Уйайна мўминлар амирига: “Киришга изн беринг”, деди. Унга изн берди. У киргач: “Эй Ибн Хаттоб, Аллоҳга қасам, бизга кўп бермадинг ва бизнинг ўртамизда одиллик билан ҳукм чиқармадинг”, деди. Умар ғазабланди, ҳатто унга ташланмоқчи бўлди. Шунда Ҳарр: “Эй мўминлар амири, Аллоҳ таоло Пайғамбарига бундай деди:

 «Афвни (қабул қилиб) олинг, яхшиликка буюринг, жоҳиллардан эса юз ўгиринг!» (Аъроф, 199).

Аллоҳнинг каломи ўқилганида у тўхтади.

“Сабаби нузул”да келади. Мусаттаҳ исмли киши Абу Бакрга (розияллоҳу анҳу) холавачча эди. У му­но­фиқ­лар ифк ҳодисасида Ойша онамиз (розияллоҳу анҳо) об­рў­ларини тушириш учун тарқатган миш-миш туфайли тақво қилмади. Мусаттаҳ шу ўринда Ислом ҳақини, яқинлик ва ўзаро бирдамлик ҳақини унутди. Абу Бакрнинг (розияллоҳу анҳу) жаҳлини чиқарди ва ўртадаги яқинликни узиш учун борди-келди қилмас­ликка қасам ичди. Шунда бу оят нозил бўлди:

 «Сизлардан фазилат ва кенг мол-мулк эгалари қариндошларга, мискинларга ва муҳожирларга Ал­лоҳ йўлида эҳсон қилмасликка қасам ичмасин, балки уларни афв қилиб, кечирсинлар! Аллоҳ сизларни мағфират қилишини истамайсизми?! Аллоҳ мағ­фиратли ва раҳмлидир» (Нур, 22).

Шундан сўнг Абу Бакр уни кечирди, қучоғига олди ва  “Аллоҳ мени мағфират қилишини яхши кўраман”, деб аввалгидек ҳадялар бера бошлади.

Саҳобаларнинг бу хулқлари қанчалар ибратли, улуғ бўлган. Улардан ўрнак олиб ҳалимликни, мурувватпешаликни фарзандларимизга ҳам сингдирсак, унинг меваси қанчалар тотли бўлар эди.

Имом Абу Довуд Расулуллоҳдан (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ривоят қилади: У зот: “Ким қодир бўлатуриб ғазабини ютса, қиёмат куни Аллоҳ халойиқ ичида чақиради, ҳатто, “ҳури айн”дан танлаш ихтиёри берилади”, дедилар.

Табароний Уббод ибн Сомитдан ривоят қилади.

Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Сизларга нима билан Аллоҳ биноларни баланд ва даражаларини юқори қилишининг хабарини берайми?” дедилар. Улар: “Ҳа, эй Аллоҳнинг расули”, дедилар. Шунда у зот (алайҳиссалом): “Сенга жоҳиллик қилганга ҳалим бўл, зулм қилганни афв қил, сенга бермаганга бергин ва сендан узилганга боғлан”, дедилар.

Расулуллоҳнинг (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) кўрсатмалари ва ибратли хулқлари инсоннинг улуғ даражага кўтарилишига сабаб бўлади. У кишининг кўрсатмаларига кўра, ўч олишга кучи ета туриб афв қилган кишига қиёматда ҳурлардан танлаш ихтиёри берилиши жуда катта мукофотдир.

6. Журъат (жасорат). У бандаси учун берилган руҳий қувватдир. Фарзандларимиз Аллоҳнинг якка-ягоналигига, фаришталарига, китобларига, пайғамбар­ларига, яхшию ёмонлик етиши Худодан эканига, охират кунига имон келтириш, пок суннатларга амал қилиш ва оиладаги гўзал тарбия орқали журъатли бўлиб борадилар. Шунингдек, журъатли бўлиш учун ўзи яшаётган жамиятнинг низомларини, қомусини ях­ши билиш керак. Бу ўз-ўзи­дан яна оила ва мактабдаги таълим-тарбияга бориб тақа­лади. Хўш, инсондаги журъат фазилати қай пайтларда яққол намоён бўлади? Яна саҳобалар ҳаётига мурожаат қиламиз.

Абу Бакр (розияллоҳу анҳу) Расулуллоҳдан (сол­лаллоҳу алайҳи ва саллам) кейинги мўминларнинг энг афзали бўлганлар. У киши ҳақида: “Аллоҳга қасам, агар Абу Бакр­нинг имони билан ер аҳли имонини тарозига тор­тилса, албатта, Абу Бакрнинг имони оғир келади”, деганлар.

Абу Бакрнинг Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) вафот этган кундаги ҳолатлари. Му­сул­мон­лар саросимага тушган, қайғу уларни эс-ҳушидан айир­ган. Ҳазрат Умар (розияллоҳу анҳу): “Ким Му­ҳам­мад ўлди деса, бўйнини шу қиличим билан кеса­ман!” деди. Шу ўринда Абу Бакр тўхтаб, баланд овоз­да азон айтди ва: “Ким Муҳаммадга ибодат қилаётган бўлса, у вафот этди, ким Аллоҳга ибодат қилаётган бўлса, У тирик, барҳаёт”, деди ва Аллоҳ таолонинг қуйидаги оятини ўқиди:

 «Муҳаммад пайғамбардир, холос. Ундан олдин ҳам пайғамбарлар ўтган. Мабодо, у ўлса ёки ўлдирилса, ортингизга (куфрга) қайтиб кетасизми?! Ортига қайтгани билан ҳеч ким Аллоҳга сира зарар етказа олмас. Аллоҳ шукр қилувчиларни, албатта, мукофотлагай» (Оли Имрон, 144).

Ундан кейинги ҳолатлари. Мусулмонлар Пай­ғам­баримизнинг (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ўлимидан ол­дин режалаштирилган Усома аскарларини Шомга юбориш борасида иккиланиб қолдилар. Саҳобалар Абу Бакр­дан бу аскарларни тўхтатишни талаб қиладилар, сабаби Пайғамбарнинг (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) вафотларидан кейин нималар бўлишини ҳеч ким билмасди. Лекин Абу Бакр уларга қатъият билан жавоб берди ва: “Абу Бакрнинг жони кўлида бўлган Зотга қасамки, агар йиртқич мени олиб кетишини ўйласам ҳам, Расулул­лоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) буюргандек, Усомани жўнатаман. Расулуллоҳ (сол­лал­лоҳу алайҳи ва саллам) қўллари билан боғлаган тугунни ечмайман. Агар қишлоқда мендан бошқа ҳеч ким қолмаса ҳам, албатта уни жўнатаман”, деди.

Абу Бакрнинг Исломдан қайтиб, закотдан бош тортган мур­тад­лар жангидаги ҳолати. Мусулмонлар Ра­сулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) вафот эт­ганларидан кейин, худди Ойша (розияллоҳу анҳо) айтганларидек, ёмғирли кечада қолган қўйларга ўхшаб қол­дилар. Ҳатто баъзи мусулмонлар Абу Бакрга: “Эй Ра­сулуллоҳ халифаси, арабларнинг ҳаммаси билан курашишга сизнинг тоқатингиз ет­майди. Уйингизга киринг ва эшикни беркитиб, сизга ҳақиқат хабари келгунча Раббингизга ибодат қилинг”, дедилар. Абу Бакр Аллоҳдан қўрқиб, тезда кўзига ёш олувчи, ипак­дек юмшоқ, онадек меҳрибон, ҳалим киши бўлдилар. Аммо ҳақиқат олдида денгиздек жўш­қин, шердек журъатли кишига айландилар. У киши ҳазрат Умарга қараб: “Жоҳилият даврида кучли бўл­ган одам Ис­лом­да заифми?! Батаҳқиқ, ваҳий тўлиқ мукаммал бўлди. Аллоҳга қасам, Расулуллоҳга (сол­лал­лоҳу алайҳи ва саллам) бериладиган туялар зако­тидан мени ким ман қилса, албатта, улар билан уру­шаман. Аллоҳга қа­сам, қўлим қилични ушлар экан, албатта улар билан жанг қиламан”, деб қичқирди. Умар (розияллоҳу анҳу): “Батаҳқиқ, Аллоҳ Абу Бакр қалбини жангга оч­ди”, деди. Билдик, у ҳақ эди (Устоз Юсуф Қар­зо­вий­нинг “Имон ва ҳаёт” китобидан).

Ҳақиқатни айтишга жасорат фазилати энг улуғ жидду жаҳддир. Имом Абу Довуд, Имом Термизий ва Ибн Можа Расулуллоҳдан (соллаллоҳу алайҳи ва сал­лам) ривоят қилади:

У зот (алайҳиссалом): “Жаҳднинг афзали ҳақ сўз­ни султон (подшоҳ)га айтишдир”, дердилар. Шунинг учун Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) қаерда бўлса ҳам, саҳобаларидан ҳақиқатни айтишга ваъдаларни олар эдилар.

Имом Муслим “Саҳиҳ” китобида Уббода ибн Со­мит­дан ривоят қилади: “Расулуллоҳга (соллаллоҳу алай­ҳи ва саллам) қийинчилик ва енгилликда ҳам итоат қилишга, иш аҳлида очиқ куфрни кўрганида ва Ал­лоҳдан далил бўлганда қарши чиқишга ва қаерда бўлса ҳам Аллоҳ йўлида маломатчилар маломатидан қўрқмасдан ҳақиқатни айтишга сўз бердик”, деди.

Аллоҳдан бошқа ҳеч кимдан қўрқмай, Рабби­си­нинг рисоласини етказувчиларни Аллоҳ мақтаб бун­дай деди:

«Улар (ўтган пайғамбарлар) Аллоҳнинг фамонларини (бандаларга) етказадиган, Ундан қўрқиб, Аллоҳдан ўзгадан қўрқмайдиган зотлардир. Аллоҳнинг ўзи (бандаларининг амалларига нисбатан) етарли ҳисоб­дондир» (Аҳзоб, 39).

Агар Ислом тарихига назар солсак, Ислом ва ҳақ йўлида жасорат (журъат) кўрсатган кишиларнинг қаҳрамонлик­лари билан тўла саҳифаларни кўрамиз.

Миср султони Нажмиддин Айюб давлат арбоблари билан ўтирган эди. Изза ибн Абдусалом унга: «Эй Айюб, сенга Аллоҳ: “Сени Мисрга подшоҳ қилмадимми, хамрга рухсат берибсан?” деса, нима деб жавоб бера­сан”, деди. Шунда у: “Мен шундай қил­димми?” деди. У: “Ҳа, фалончининг қовоқхонасида хамр сотишга рухсат берилган ҳамда ахлоқсизликларга ижозат этилган. Сен бу мамлакатда ҳузур-ҳаловатда яша­яп­сан”, деди. У: “Мен уни билмайман, бу отам за­монидан қолган”, деди. Шунда Изза ибн Абдусалом: “Сен қуйи­дагиларни айтувчи­лардансан:

«…у жойнинг маишатпарастлари: “Албатта, бизлар ота-боболаримизни (маълум) бир дин узра топ­дик ва албатта, бизлар уларнинг изларидан ­­ эргашувчидирмиз”, деганлар» (Зухруф, 23).

Шундан сўнг султон ўша қовоқхонани ёпишга буйруқ берди.

Абу Ҳозим деб куняланган Салама ибн Динор Муовиянинг ҳузурига кирганида: “Ассалому алайкум, эй ходим”, дер эди. Шунда Абу Ҳозимга: “Ассалому алайка, эй амир”, деб айт дейишди. Абу Ҳозим бундан бош тортди ва Муовияга боқиб: “Сен бу халқнинг ходимисан, Раббинг уларнинг риояси учун сени ёллаган”, деди.

У билан Сулаймон ибн Абдулмалик ўртасидаги суҳбатни эсга олиш ҳам фойдадан холи эмас. Сулаймон: “Эй Ҳозим, нимага биз ўлимни ёмон кўрамиз?” деди. Абу Ҳозим: “Чунки сизлар охиратингизни хароб қилиб, дунёни гуллатиб-яшнатгансиз. Шундай экан, гуллаб яшнаган жойдан хароб жойга ўтишни ёмон кўрасизлар”, деди.

Сулаймон: “Эртага (қиёматда) Аллоҳ ҳузурига бо­риш қай ҳолда бўлади?” деди. Абу Ҳозим: “Муҳсин (мурувват кўр­сатувчи) киши худди ғойиб бўлгандан кейин ўз аҳлига келгандек бў­лади. Аммо ёмон ишга сабабчи бўлувчи ки­ши худди қоч­­ган қул ўз хожасининг олдига келгандек бўлади”, деди.

Сулаймон: “Энг одил сўз қайси?” деди.

Абу Ҳозим: “Ўзи қўрқадиган ва ҳайиқадиган киши ҳузурида тўғри сўз айтиш”, деди.

Сулаймон: “Мўминларнинг энг аҳмоғи ким?” деди.

Абу Ҳозим: “Золим биродари истагига ўзини қўйган киши ва дунё учун охиратни сотган киши”, деди.

Сулаймон: “Эй Абу Ҳозим, бизга эргашасанми? (Агар эргашсанг) биздан бирон фойда олурсан ва биз сендан бирон фойда олурмиз”, деди.

Абу Ҳозим: “Аъузубиллаҳ” (Аллоҳдан паноҳ сўрайман), деди.

Сулаймон: “Нега ундай дейсан?” деди.

Абу Ҳозим: “Сизларга озгина суяниб қолишдан қўрқаман. Шу сабабли менга Аллоҳ ҳаёт ва ўлим танглигини тоттирмасин”, деди.

У туриб кетаман деб турганида Сулаймон: “Эй Абу Ҳозим, менга насиҳат қил”, деди.

Абу Ҳозим насиҳат қилди: “Раббингни улуғла ва Уни сени қайтарган ишда кўришидан ва буюрган ишда йўқолиб қолишингдан покла (қайтарган ишни қилма, буюрган ишни қолдирма)”, деди.

Буларнинг барчаси жасорат ва матонат тарбиясида биз учун қимматли дастурлардир.

 

 

Усмонхон АЛИМОВнинг

“Оилада фарзанд тарбияси” китобидан

Асар “Мовароуннаҳр” нашриётида чоп этилган.

Нашриётдан харид нархи 20000 сўм