Мақолалар

Имом Абу Довуд

Чоп этилди Fevral 13, 2019 Имом Абу Довудda fikr bildirishni o'chirish

Муҳаддис имом Сулаймон ибн Ашъас ибн Исҳоқ ибн Башир ибн Шаддод ибн Амр ал-Аздий ас-Сижистоний 202 ҳижрий сана Басрада таваллуд топдилар. 221 ҳижрий санадан бошлаб ҳадис тўплаш ниятида саёҳатга чиқиб, Хуросон, Ироқ, Сурия, Миср, Ҳижоз каби юртларда бўлди. Имом Бухорий, Аҳмад ибн Ҳанбал, Қутайба ибн Саид, Имом Термизий каби бир қанча улуғ муҳаддислар билан учрашиб, уларнинг илмларидан баҳраманд бўлган.

Муҳаммад ибн Саъд Зуҳарий “обид, тақволи, фозил, солиҳ, пок киши” деб таъриф берган Абу Довуд раҳматуллоҳи алайҳ 50 минг ҳадис ёзиб олиб, шулардан 4800 тасини маълум бир шартлар асосида ажратиб, ҳадислар тўплами тузган. Бу тўплам “Сунан” номи ила машҳур бўлиб, саҳиҳлиги жиҳатидан имом Бухорий ва Муслимларнинг асарларидан кейинги ўринда туради. “Сунан” “Кутубус ситта” ҳадис тўпламларидан бири ҳисоблангани сабабли ҳам муаллиф кейинчалик Имом Абу Довуд номи билан танилди. Уламоларнинг гувоҳлик беришича, у ҳадисларни нақл қилиш ва уларнинг сабабларини кўрсатиш бўйича муҳаддисларнинг энг улуғларидан бири саналади.

Имом Абу Довуднинг “Сунан”дан ташқари “Носих ул-Қуръон ва мансух” (“Қуръоннинг насх қилувчи ва қилинган оятлари”) ва “Далоил ан-нубувват” (“Пайғамбарлик далиллари”) асари ҳам бор.

Имом умрининг сўнгги йилларини Бағдодда ўтказган ва ҳижратнинг 275 йили, Шаввол ойининг 16-кунида Басрада вафот этдилар.

 

Манбалар асосида Ҳадис ва ислом тарихи фанлари кафедраси ўқитувчиси

Пўлатхон Каттаев тайёрлади.