Ўзбекистон янгиликлари

Ўзбекистонлик дастурчилар давлат бюджетига ёрдам таклиф қилишди

Чоп этилди Fevral 14, 2020 Ўзбекистонлик дастурчилар давлат бюджетига ёрдам таклиф қилишдиda fikr bildirishni o'chirish

Ўзбекистонлик бир қатор IT-дастурчилар Ўзбекистон миллий ахборот агентлиги (ЎзА) учун ажратилган 5,4 млрд. сўм маблағни давлат бюджетига қайтаришга ёрдам беришни таклиф қилишган.

Гап нимада?

Президент Шавкат Мирзиёев 2019 йил декабрда ЎзА фаолиятини такомиллаштириш ҳақида қарорни имзолаганди. Шу қарорга асосан яқинда ЎзАнинг ахборот порталини яратиш ва моддий техник базасини мустаҳкамлаш ҳақидаги ҳукумат фармойиши лойиҳаси муҳокамага қўйилган.

Алишер Тожиев исмли дастурчи бошчилигидаги бир гуруҳ кўнгиллилар ЎзА учун мазкур янги платформани текинга қилиб беришмоқчи. Эвазига эса уларнинг хизматига ажратилган пулларни контракт пулини тўлашда қийналаётган талабаларга беришни таклиф этишган.

Иқтибос

«Мен кўп йиллик тажрибамга таяниб Сизларни сайтингизни янада такомиллаштириб, давлатимиз бюджетига 5,4 миллиард сўмлик фойда келтирмоқчиман. Сайтингизни қилиб беришда Ўзбекистондаги энг юқори малакага эга бўлган компанияларда ишлайдиган дўстларим ҳам кўмаклашади. Фақат бир илтимос бор, шу ажратилган сумманинг барчасини ҳомийлик асосида контракт пулини тўлашга қийналган талабаларга ажратсангиз», деб ёзган Тожиев.

Ўхшаш ҳолат

Чехияда яқиндагина шунга ўхшаш ҳолат кузатилган. Транспорт вазирлиги шубҳали бир тендер ўтказган: унда юқори тезликда ҳаракатланиш мумкин бўлган пулли автомагистралларда юриш учун электрон рухсатномалар сотиш сервисини яратиш иши қўйилган эди. Бу борадаги давлат буюртмасига кўра, 400 миллион чех крони (тахминан 16 миллион евро) эвазига интернет-дўкон ҳамда iOS ва Android учун иккита илова ясаш керак бўлган. Буюртма учун очиқ конкурс ўтказилмаган ва бу иш тўрт йиллик шартнома билан Asseco Central Europe фирмасига топширилган.

Ушбу буюртма мамлакат дастурчилари орасида норозиликка сабаб бўлган — улар давлат халқнинг маблағини «очиқдан-очиқ талон-торож этяпти», деб ҳисоблашган. Actum Digital компанияси соҳиби Томаш Вондрачек ўша тўрт йиллик деб ҳисобланган бу ишни ўз жамоаси ва кўнгиллилар билан 3 кунда қилиб берган.

Шундан сўнг Транспорт вазири истеъфога чиқарилган. Ёпиқ тендерда ғалаба қозонган Asseco Central Europe фирмаси эса шартнома бузилгани учун товон пули сўрашдан воз кечган.

Бу ҳали лойиҳа

ЎзА учун ажратилаётган пуллар ҳали лойиҳа холос, у тасдиқланиши, ўзгариши ёки рад этилиши мумкин. Қолаверса, 5,4 млрд. сўм пул фақат сайт учун ажратилмаяпти. Шуни ҳам ҳисобга олиш керак.

Aniq.uz