Мақолалар

Қарз қиёматга қолмади

Чоп этилди Fevral 14, 2020 Қарз қиёматга қолмадиda fikr bildirishni o'chirish

Ота-онанинг орзуси ёлғиз фарзандини катта даргоҳларда ўқитиш эди. Аммо оила ночорликда кун кечирарди. Бола эса илмга ташна эди. У мактабда аъло баҳоларга ўқир; техникага қизиқар, ҳар доим бузилган, ишдан чиққан буюмларнинг эҳтиёт қисмларидан бир нарсалар ясаб юрарди.

Олтинчи синфга ўтганда онаси хасталанди. Уни даволатишга зарур пулни топишнинг иложи бўлмади. Ўша кезларда бола Интернетдан хорижда ёш ихтирочилар учун эълон қилинган бир танлов мавзусини топиб, унга ўзи ихтиро қилган сувда юрадиган робот лойиҳасини юборди.

Онасининг аҳволи тобора оғирлашиб борар, онаи зорига қарагани сайин тезроқ танлов натижаси эълон қилиниб, ўзининг совриндорлар қаторида бўлишини истаб дуолар қилар эди. Ниҳоят интиқиб кутилган кун келди. Унинг электрон манзилига “Табриклаймиз, танлов ғолиби бўлдингиз. Мукофот пули сиз кўрсатган индекс бўйича юборилди”, деган хат келди. Болакай қанот чиқариб банкка югурди, пулни олиб уйига яқин муюлишга етганда қулоғига аччиқ чинқириқ эшитилиб, юраги увушиб кетди – онаси жон таслим қилган эди…

Улғайганда ажойиб ихтиролари билан танилиб, машҳур бўлиб кетди. Оила қуриб, фарзандлар кўрди. Отасини ҳаж қилдириб келди. Бир куни бозордан чиқаётиб кичкина болакайнинг бурчакда ғужанак бўлиб йиғлаб ўтирганини кўриб раҳми келди. Беихтиёр унинг олдига бориб:

– Нима бўлди, болам, адашиб қолдингми? – деб сўради.

Болакай:

– Йўқ, амаки, онамни даволатишга пул тополмаяпмиз, одамлардан сўрай олмаяпман, – деб жавоб берди.

 Мўнғайиб ўтирган болага қараб туриб, ўзининг болалигини хотирлади. Ўшанда у ҳам одамлардан ёрдам сўрашнинг турли усулларини ўйлаган эди.

– Унда юр, уйларингга борайлик, керакли пулни биргалашиб топамиз, – деди.

Кейин у боланинг хаста онасини шифохонага жойлаштириб, тузалиб кетгунча барча харажатларини қилиб турди. Кейин аёлнинг қўлига бир чек бериб:

– Ўғлингизнинг номига банкка пул қўйдим. Умид қиламанки, у болангизнинг ўқишига асқатади, – деди ва улар билан хушлашди.

У бу ишни савоб умидида қилгани боис она-болага ўзининг исмини ҳам, манзилини ҳам айтмаган эди.

Орадан йиллар ўтди, яқин дўсти фириб бериб, унинг фирмасини ўзлаштириб олди. Бир кунда бор-будидан айрилиб қолиб, нима қилишни билмасдан хиёбонда ғамга чўмиб ўтирганда бир пўрим йигит келиб унга синчиклаб тикилиб турди ва салом бериб ёнига ўтиришга изн сўради. Кейин турли мавзуларда сўз очиб, гапга сола бошлади. Сўнг эса уни маҳкам қучоқлаб олди.

 – Сиз менинг халоскоримсиз, танимадингизми? Мен ахир, ўша, сиз онамни даволатган, ўзимнинг ўқишимга шароит қилиб берган боламан.

У йигитга диққат қилиб қаради, севинчдан кўзлари ёшланди:

 – Ҳа-а, катта йигит бўлиб кетибсиз-ку, ишларингиз яхшими, ойингиз омонми? – деб сўради.

Йигит ойиси яхшилигини, ҳар доим дуоларида уни йўқлаб туришини, ўзи эса адвокатлик бюросини очганини сўзлаб берди ва унинг нега бунча ташвишнок ўтирганининг сабабини сўради. Наилож қолганидан унга бўлган нохушликни гапириб берди. Йигит бу иш билан ўзи шуғулланишни айтди ва фирмани ҳамда унга тегишли мол-мулкни унинг номига қайтариб олиш учун бир йилга яқин судга қатнади ва ниҳоят ютиб чиқди.

Йигит бир куни уйига хурсандчилиги ичига сиғмай қайтди. Буни кўрган онаси севинчининг сабабини сўраган эди.

– Қарзимиз қиёматга қолмади, ойижон!.. – деб жавоб қилди.

 

Абдулбосит ЖЎРАҚУЛ,

Тошкент шаҳридаги 289-мактаб ўқувчиси