Васваса шайтондандир
Васваса нима? Асли, асоси бўлмаган, ҳақиқатга алоқаси йўқ, одамни ёмон, беъмани хаёлларга, ишларга бошлайдиган ваҳима, шубҳа, иккиланиш ва эҳтимоллар. У бизни ўз измига солиб, динда жоиз бўлмаган ишларга ундайди.
Аввало, бизда рўй бераётган ҳолатнинг васвасалигини, шайтон йўлдан адаштириш учун уринаётганини англаш лозим. Чунки иблис ожизлигимиздан фойдаланиб, бизни тушкунликка тушириш, қўрқитиш, ақидавий масалаларда шубҳалантиришни хоҳлайди. Одамзотни жаҳаннамга етаклайди.
Бинобарин, Аллоҳ таолонинг “Одамга сажда қил”, деган амрини бажармагани учун ҳузури илоҳийдан қувилган шайтони лаин ҳам Аллоҳни, ҳам инсонни айблади ва деди: “…Эй Раббим! Қасамки, энди мени йўлдан оздирганинг сабабли, албатта, уларга (Одам болаларига) ердаги (барча гуноҳ ишларни) чиройли кўрсатиб қўюрман ва албатта, уларнинг ҳаммаларини йўлдан оздирурман! Илло, уларнинг орасидаги ихлосли бандаларинггина (бундан мустаснодир)” (Ҳижр сураси,39–40-оятлар).
Бу душманликнинг илк “самараси” ҳазрат Одам ва ҳазрат Ҳаввога тақиқланган мевани едирганида кўринди. Одам алайҳиссалом ва завжаси хатоларини тезда тушуниб тавба қилишди. Шундан сўнг иблис ўч олиш пайига тушди. Ҳазрат Одам ва ҳазрат Ҳавво эса ўз вақтида айбларини тан олиб, Аллоҳнинг раҳмат ва мағфиратидан умид қилишди.
Бугун ҳам ўша-ўша: на инсон ўзгарган ва на шайтон… Иблис ҳануз тўрт ёнимиздан келиб, қалбимизга гоҳ ўтмиш, гоҳ келажак билан хавотир солади. Баъзан савобимизни улкан кўрсатиш билан чалғитса, баъзан гуноҳларимиз кечирилмаслиги ҳақидаги ваҳималар билан исёнга ундайди.
Расулуллоҳ алайҳиссалом айтганларидек, қон томирларимизда юрадиган шайтон заиф томонларимизни жуда яхши билади. Шундай экан, ҳушёр бўлмасак, бизни истаган куйига солиши мумкин.
Бир куни ишхонага ўзим тенги аёл қўнғироқ қилиб: “Шу даражада ёмон аҳволдаманки, ҳатто Аллоҳнинг сифатлари борасида ножоиз ўйлар миямга келяпти. Агар уларни борича айтсам, сизниям онгингизга ўрнашиб қолишидан қўрқаман”, деб йиғлаб юборди. Ўша кунлари ўзим ҳам қаттиқ ваҳимада қолган, бир кун олдин Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф раҳимаҳуллоҳнинг Мисрдаги таҳсил давомида васвасага тушганлари ва бундан қандай қутулганлари ҳақидаги хотираларини ўқиб, тинчланиб тургандим. Шуларни ва ўзимда бўлган ҳолатларни яширмай айтиб бердим. “Сизда ҳам шундай-шундай бўладими? Мана бундай фикрлар хаёлингизга келадими?” дедим. Аёл олдин ҳайратланди, айтганларимни тасдиқлади, кейин: “Демак, бу ҳолга тушган фақат мен эмас, бунақа ўйларни мияга олиб келадиган иблис экан-да!” деди.
Васвасага учиб, гуноҳга ботишдан қутулишнинг дастлабки чораси – унинг шайтондан эканини билиш ва дарҳол Аллоҳнинг паноҳига сиғинишдир: “Аъузу биллаҳи минаш шайтонир рожийм…”
Зумрад ФОЗИЛЖОН қизи
“Ҳидоят” журналининг 2020 йил, 1-сонидан